8 жумадис сони 1446
Зайд ибн Ҳориса

Бани Қайн қабиласидан бўлган қароқчилар карвондагиларни талади. Кўпчилик қатори Суъданинг саккиз ёшли ўғли Зайд ибн Ҳорисани ҳам асир олиб, Уккоз бозорига олиб кетишди. Қурайш қабиласидан бўлган Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид ҳам шу бозорга борган эди. Унинг карвонига Зайд билан яна икки-уч нафар бола қўшилиб Маккага қайтишди. Маккада Ҳаким ибн Ҳизом ўзини зиёрат қилиш учун келган аммаси, турмушга чиқиши арафасида турган Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳуни хурсанд қилмоқчи бўлди: «Аммажон! Сизни жуда яхши кўраман. Уккоздан икки-уч ғулом олдим. Хоҳлаганингизни олинг, ўғлингиз каби хизмат қилиб юрсин», деди. Хадича онамизнинг кўзига Зайд яхши кўринди. Фарзандидек тарбия қилишни ўйлаб, уни олишларини айтдилар. Кўп ўтмай, Хадича онамиз билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўйлари бўлиб ўтди. Тўйдан кейин онамиз розияллоҳу анҳо Зайдни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бошлаб кириб: «Сизни хурсанд қилмоқчиман. Зайдни яхши кўришингизни биламан. Уни сизга бераман, хизмат қилиб юрсин», дедилар.

*   *   * Ёш Зайд муборак хонадонда фарзанддек меҳр, эътибор кўриб, катта бўлди. Ота-онаси уни соғиниб, қидирмаган жойлари қолмади. Бир йили ҳаж мавсумида Маккада Каъбани тавоф қилаётган отасининг қавмдошлари худди Зай­дга ўхшаш болани кўришди. Суриштиришгач, у Зайд экани аниқ бўлди. Ҳажлари тугаб, ортларига қайтишганида Ҳорисага ўғли Маккада эканлигини айтдилар. Эр-хотиннинг боши осмонга етди. Ҳориса дарров укаси Каъбни олиб, Маккага шошилди. Тўғри Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келди-да, эшикни тақиллатди. Расулуллоҳни кўргач, муддаосини айта бошлади: – Эй Абдумутталибнинг ўғли! Сизлар муборак масжид атрофида истиқомат қилувчи қавмсизлар. Келган-кетганлардан яхшиликларингизни аямайсизлар. Шу десангиз, уйингизда югуриб юрган бола менинг ўғлимдир. Уни анчадан бери қидириб юрган ­эдик, шу ердалигини билгач, сиз томон шошилдик. Ёнимизда бир мунча пул билан боламни олиб кетгани келдик. Пулни олинг-да, фарзандимизни қайтариб беринг! – Ўғлим деб кимни айтяпсиз? – Зайдни. – Унда сизларга бир нарсани таклиф қиламан. – Нимани? – Зайдни чақирамиз, ўзидан сўраймиз. Агар сизлар билан кетишни истаса, пул бермасдан ҳам олиб кетишингиз мумкин. Агар қолишни хоҳласа, мен уни фикридан қайтаришга ожизман. – Инсофли гапни айтдингиз. Биз рози. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни чақирдилар-да, меҳ­монларнинг кимлигини сўрадилар. – Булар отам Ҳориса ва амаким Каъблар. – Мен сенинг бир нарсани танлашингни истайман. Хоҳласанг, улар билан кетишинг мумкин. Истасанг, мен билан қол. Ихтиёринг ўзингда. – Мен сиз билан қоламан. Отасининг кайфи учди: – Нималар деяпсан, Зайд? Ота-онангнинг олдига қайтишни хоҳламайсанми? – Мен бу инсонда бошқаларда бўлмаган хислатларни кўрдим. Уни асло тарк этмайман. *   *   * Бу гапларни эшитган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни Каъбага, қурайшликлар ўтирадиган жойга бошлаб келдилар-да, баланд овоз билан дедилар: – Гувоҳ бўлинг, қурайшликлар! Зайд менинг ўғлим ва меросхўримдир. Бу ҳолатни кўрган ота ва амаки Зайддан кўнгиллари тўқ бўлиб, орқага қайтишди. Ўша кундан бошлаб у Зайд ибн Муҳам­мад, яъни Муҳаммаднинг ўғли Зайд, деб чақирила бошланди. Бу ҳолат то Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушиб: «...уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз» ояти нозил қилингунигача давом этди. Шундан кейин  яна Зайд ибн Ҳориса деб чақириладиган бўлди. *   *   * Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик тушгач, эркаклардан биринчи бўлиб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу мусулмон бўлди. Шундан сўнг у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирдоши, маслаҳатчиси, сафарларга чиққанларида ўринбосари бўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд розияллоҳу анҳуни қанчалар яхши кўришларини у Зотнинг суюкли аёллари Ойша онамиз розияллоҳу анҳо айтиб берадилар. – Бир куни Зайд Мадинага қайтиб келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда эдилар. Зайд эшикни тақиллатди. У пайтда Расулуллоҳ муборак елкалари очиқ ўтирар эдилар. Хурсанд бўлганларидан шу ҳолда бўлса ҳам, югуриб, унга пешвоз чиқдилар. Сўнг қучоқлаб кўришдилар. Аллоҳга қасам, ундан олдин ҳам, кейин ҳам Расулуллоҳни шу ҳолатда кўрмаганман. Пайғамбаримиз қаттиқ муҳаббат қўйган­лари боис мусулмонлар уни «Зайдул ҳуб», яъни Муҳаббат Зайди, деб чақиришарди. Зайд ибн Ҳориса ҳижрий саккизинчи йили «Муъта» сафарида шаҳид бўлди. Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли инсонларининг вафотидан  қайғурдилар. Таъзия билдиргани уйларига келганида, Зайднинг ўғли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу унсиз йиғлаб ўтирган эди. Набиралари Ҳасанга тенгдош Усоманинг йиғисидан У Зот ҳам ўзларини тутиб туролмай, унсиз йиғладилар. Ёнларидаги Саъд ибн Убода (розияллоҳу анҳу :«Ё Расулуллоҳ! Бу нима?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Бу Ҳабибуллоҳнинг ҳабибига йиғисидир», деб жавоб бердилар.

Зиёуддин МАҚСУДОВ тайёрлади

22:00 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Каъбул Аҳбор
Кейинги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...