21 жумадул аввал 1446
Расулуллоҳнинг аҳллари ва қариндошларига вафо ва садоқатлари

Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом бизга ваъдага вафо қилиш, аҳдга чиройли тарзда риоя этиш, қариндошларга яхшилик қилиш билан силаи раҳм хулқи ила хулқланишни таълим бердилар. Бу иш қариндошларни зиёрат қилиш, йўқлаш, муҳтож бўлсалар, моддий ёрдам кўрсатиш, гина-адоватни йўқотиш, қалбларига муҳаббат, дўстлик уруғини экиш мақсадида ҳадялар улашиш ҳамда яхшилик ва тақво йўлида улар билан ҳамкорлик қилиш орқали амалга ошади.

Шуни таъкидлаш лозимки, у зот бу ахлоқ-одобларга амал қилишда яққол ажралиб турар, умматга ва инсониятга гўзал намуна, комил ўрнак ва энг олий мисол эдилар. Бунга далиллар жуда кўп. Мисол тариқасида имом Абу Довуд санади билан Абдуллоҳ ибн Ҳамсадан ривоят қилган мана бу воқеани келтириш мумкин: «Пайғамбар бўлишларидан олдин Набий алайҳиссалом билан олди-сотди қилган эдим. У зотга бир нарсани беришим керак эди ва шуни савдолашилган жойга олиб келишни ваъда қилдим. Бироқ бу келишув ёдимдан кўтарилиб, уч кундан кейин эсимга тушганда бордим. У зот ўша жойда эканлар. Менга: «Эй йигит, мени қийнаб қўйдинг-ку. Сени шу ерда уч кундан буён кутаман», дедилар. Расулуллоҳнинг мана шу ҳолатлари ваъдага вафо қилиш вожиблигига далолат қилади. Бу боболари Исмоил алайҳиссаломнинг хулқлари жумласидан бўлиб, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда расул ва набий бўлган эди»[1]. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ бу оятни тафсирлаб: «Нимани ваъда қилса, албатта вафо қилар эди», дейди. Муқотил раҳматуллоҳи алайҳ эса: «Бир кишига қайтиб келгунча кутиб тураман деб, ваъда берганларида ҳалиги одам қайтиб келгунча, уч кун кутган эканлар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя олиб келинса: «Уни фалончи аёлга олиб боринглар. У Хадижанинг дугонаси эди. Хадижани яхши кўрар эди», дер эдилар[2]. Бу ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли аёллари Хадижа розияллоҳу анҳога вафотидан кейин ҳам кўрсатган вафо ва садоқатларининг ёрқин далилидир. Оиша розияллоҳу анҳодан келган ривоят ҳам юқоридаги маънони таъкидлайди. Оиша онамиз айтадилар: «Хадижага рашк қилганимдек бирор аёлга рашк қилмаганман. У зот шу аёлини эслаб ёд этганларини эшитардим. Агар қўй сўйилса, унинг дугоналарига ҳам ҳадя юборардилар. Унинг синглиси олдларига кирмоқчи бўлиб изн сўраганда келганидан хурсанд бўлиб кетардилар. Бир куни бир аёл ҳузурларига кирганда, севиниб, у билан яхшилаб сўрашдилар. У ҳузурларидан чиқиб кетгач: «Бу аёл Хадижа борлигида бизникига келиб турарди. Албатта, чиройли вафо иймондандир», дедилар»[3].

Мана шу тафсилотлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафотидан кейин ҳам дугоналарини қандай иззат-икром қилганларига ибратли намуналар сифатида келтирилади. Айрим салафи солиҳлар Пайғамбар алайҳиссаломни таърифлаб: «У зот қариндошларига меҳр-оқибат кўрсатар, лекин уларни аҳли фазл зотлардан устун қўймас эдилар», дейишган.

Бундан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим адолат тарозисини тенг тутар, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берар, аҳли байтни бошқалардан ортиқ кўрмас эдилар. Чунки Аллоҳнинг ҳузуридаги азизлик инсон насл-насаби билан эмас, балки тақвоси билан белгиланади. Пайғамбар алайҳиссалом қариндошлари билан бошқаларнинг тенг эканини таъкидлаб: «Албатта, Бану фалон оиласи менга дўст эмас. Лекин улар билан қариндошлик бор. Унинг ҳақларига риоя қиламан», дедилар. Яъни улар менга қариндош, шу боис қариндошлик алоқаларини боғлайман.

У зот бир ҳадиси шарифда: «Қариндошлик алоқаларини салом билан бўлса ҳам боғлаб туринг»[4], деб уқтирадилар. Икки шайх келтирган ривоятга кўра, Пайғамбаримиз ўз қизлари Зайнабнинг қизи Умомани бўйинларида кўтариб намоз ўқир, сажда қилганларида ерга қўяр, турганларида кўтариб олардилар. Бундан у зотнинг ўта болажон, гўдакларга меҳрибон ва шафқатли, уларни беҳад авайлашларига гувоҳ бўламиз.

Шунингдек, у зот – қариндош бўлмаса ҳам – саҳобаларининг қадрдон дўстларини ниҳоятда иззат-икром қилар эдилар. Имом Байҳақий Абу Қатода Ансорийдан ривоят қилади: «Нажоший жўнатган вакиллар келганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб уларга хизмат қила бошладилар. Буни кўрган саҳобалар: «Сиз қўяверинг, ўзимиз», дейишди. У зот: «Улар асҳобларимни ҳурмат қилишган. Мен шунга муносиб муомала қилишни истайман», дедилар. Яъни уларнинг яхшиликларига мувофиқ тақдирлашни хуш кўраман, демоқчилар. Бу яхшиликни унутмаслик, унга вафодорлик ва олийжаноблик билан ёндашиш намунасидир.

Эмизиш орқали Пайғамбаримиз билан қариндош бўлганлар ҳам набавий эъзоздан катта улуш олишган. Сийрат ва суннатда ворид бўлишича, Ҳавозин асирлари орасида Пайғамбар алайҳиссаломнинг эмикдош опалари Шайма ҳам келтирилди. У ўзини таништирди. У зот шу аёлга ридоларини тўшаб: «Агар хоҳласанг, ҳузуримда қол. Ҳамиша иззат-икромда бўласан. Агар қавминг олдига кетмоқчи бўлсанг, совғаларимни қабул қилиб, қайтишинг мумкин», дедилар. У қавми олдига кетишни хоҳлади. У зот уни сийладилар»[5]. Яъни уни хурсанд қиладиган кўп ҳадялар бердилар.

Абу Туфайл Омир ибн Восила айтади: «Ёш пайтимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман. Бир аёл олдларига келганда унга ридоларини тўшадилар. Ҳалиги аёл ридо устига ўтирди. Мен «Бу аёл ким?» деб ҳозир бўлганлардан сўрадим. «Эмизган оналари», дейишди». Яъни Ҳунайн кунида келган бу аёл Пайғамбар алайҳиссаломни эмизган Ҳалима она бўлган[6].

 Амр ибн Соибдан ривоят қилинган собит хабарга кўра, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида эмизган оналарининг эри[7] келди. Кийимларининг бир қисмини тўшаб, ўтиришга таклиф қилдилар. Кейин эмизган оналари келганида кийимларининг бошқа бир бўлагини унга тўшадилар. Кейин эмикдош биродарлари[8] келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, унга ўз олдларидан жой бердилар.

У зот ўзларини эмизган Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайбага нафақа ва кийим жўнатар эдилар. У вафот этгач, унинг қариндошлари борми-йўқми деб, сўраб-суриштирганларида «Ҳеч кими йўқ», дейилди[9].

Бу каби улуғ ахлоқий фазилат ва хислатларга икки шайх ривоятида келган Хадижа онамизнинг Пайғамбаримизга ваҳий туша бошлаш пайтида айтган ажойиб сўзлари тож кийдиради: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Чунки сиз силаи раҳм қиласиз, оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз, меҳмонни ҳурмат қиласиз, ҳақ йўлда бошга тушган кулфатларда ёрдам берасиз».

«Шамоилу мустафо» китобидан

 



[1] Марям сураси, 54-оят.

 [2] Имом Бухорий «Адабул муфрад»да келтирган.

 [3] Икки «Саҳиҳ»да келтирилган.

 [4] Имом Табароний, Баззор ва Байҳақий ривояти.

 [5] Ибн Исҳоқ ва Байҳақий ривояти.

 [6] Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг «Ал-Исоба», Ибн Абдул Баррнинг «Ал-Истиъоб», Ибн Ҳиббоннинг «Саҳиҳ» асарида ва бошқа манбаларда Ҳалима она Исломни қабул қилгани келтирилган.

 [7] Ҳорис ибн Абдул Уззо. Исломни қабул қилгани ҳақида ихтилоф қилинган. Зириклий «Ал-Аълом»да, Ибн Жавзий «Сифатус-софва»да: «Ҳалима ва унинг эри Абдул Уззо нубувватдан кейин у зотнинг ҳузурларига келиб исломни қабул қилди», деб келтиришган.

 [8] Абдуллоҳ ибн Ҳорис. Расулуллоҳнинг ҳаммаси бўлиб беш, бошқа бир қавлда саккиз эмикдошлари бўлган, дейилган.

 [9] Ибн Саъд Воқидийдан ривоят қилган.

 

19:44 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...