11 рабиъус сони 1447
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари

قَالَ اللهُ تَعَالَى: وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ النَّبِيِّينَ لَمَا آتَيْتُكُم مِّن كِتَابٍ وَحِكْمَةٍ ثُمَّ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مُّصَدِّقٌ لِّمَا مَعَكُمْ لَتُؤْمِنُنَّ بِهِ وَلَتَنصُرُنَّهُ قَالَ أَأَقْرَرْتُمْ وَأَخَذْتُمْ عَلَى ذَلِكُمْ إِصْرِي قَالُوا أَقْرَرْنَا قَالَ فَاشْهَدُوا وَأَنَا مَعَكُم مِّنَ الشَّاهِدِينَ

Аллоҳ таоло:

«Ўшанда Аллоҳ: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим, кейин сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз», – деб набийларнинг аҳду паймонини олган, «Иқрор бўлдингизми? Ана ўша асосда масъулиятли аҳдимни қабул қилдингизми?» - деган эди. (Улар:) «Иқрор бўл­дик», – дедилар. (У Зот:) «Бас, гувоҳ бўлинглар, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳларданман», – деди», деган («Оли Имрон» сураси, 81-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланганлар. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, Ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Бу ишончли, таъкидланган аҳду паймонга биноан, Аллоҳ таоло китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўзидан кейин унинг пайғамбарлигини тасдиқлаб келган Пайғамбарга албатта, иймон келтиради ва албатта, унга ёрдам беради.

Шу ўринда «Олдин ўтган Пайғамбар ўзидан кейин келган Пайғамбарга қандай қилиб иймон келтириб, қандай қилиб ёрдам беради?» деган бир савол туғилади. Жавоб шуки, Аллоҳ китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўз умматини ўзидан кейин унинг пайғамбарлигини тасдиқловчи Пайғамбар келса, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш руҳида тарбиялайди. Умматларининг иймон келтиргани унинг иймон келтиргани, умматларининг ёрдам бергани унинг ёрдам берганидир.

Бунга Аллоҳ Пайғамбарларнинг аҳду паймонини олди ва яна таъкидлаш учун:

«Иқрор бўлдингизми? Ана ўша асосда масъулиятли аҳдимни қабул қилдингизми» деди.

«(Улар:) «Иқрор бўл­дик», – дедилар».

Демак, пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келганлар. Уларнинг барчалари бир силсиланинг ҳалқаларидир.

Шу билан бирга, тафсирчи олимларимиз «Сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул»дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдир», деганлар. Зеро ҳар бир пайғамбар «Мабодо, мендан кейин Муҳаммад алайҳиссалом менинг пайғамбарлигимни тасдиқлаб келса, албатта, унга иймон келтирасизлар ва ёрдам берасизлар», деб кетган. Муфассирларимиз бу фикрларини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар билан тасдиқлайдилар.

Али ибн Абу Толиб ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Аллоҳ Пайғамбарлардан ҳар бирини юборишдан олдин албатта, ундан «Агар Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборганда у тирик бўлса, албатта, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олди. Ҳамда уни ўз умматидан Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларида тирик бўлсалар, у кишига албатта, иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олишга буюрди».

Буларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазийлатлари қанчалик устун эканлигини кўрсатади. Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа Пайғамбар алайҳиссаломлардан у зотга иймон келтириш ва у зотга ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олганидан кейин, Муҳаммад алайҳиссаломнинг фазилатлари барчадан устун бўлмай, кимники устун бўлсин?!

Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг афзаллари ҳисобланадилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эса афзалларнинг афзали ҳисобланадилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بُعِثْتُ مِنْ خَيْرِ قُرُونِ بَنِي آدَمَ قَرْنًا فَقَرْنًا، حَتَّى كُنْتُ مِنَ الْقَرْنِ الَّذِي كُنْتُ فِيهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен асрма-аср, токи ўзим бўлган асрга етиб келгунимча, Бану Одамнинг энг яхши асрларидан юборилганман», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-боболарининг сулбларидан бирма-бир ўтиб, ўзлари туғилган асрга етиб келгунларича доимо дунёдаги энг яхши ҳисобланган одамлар сулбида бўлганларининг хабари сифатида тушунмоқ керак. Дунё яралгандан буён то ўзлари пайғамбар қилиб юборилган вақт келгунча Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг яхши табақасидан бўлган оталарнинг сулбида бўлганлар. Бу ҳам у зот алайҳиссаломни Аллоҳ таоло аслида фазилатли қилиб қўйганининг аломатидир.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўзи яратган халқ ичидаги энг афзал зот учун ана шундай силсилани танлаши бежиз эмас. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазлларига фазл қўшади. Шу билан бирга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азалдан Аллоҳ таолонинг инояти остида бўлганларини кўрсатади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 19-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 17 июндаги 03-07/3903-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

16:17 / 22-сентабрь
Аввалги мақола
Сийрат
Сийрат уламолари ва улар қолдирган мерос
Сийрат илмида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади: 1. Урва ибн Зубайр (93-ҳижрий санада вафот этган). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғиллари....
14:02 / 26-сентабрь Батафсил...
Сийрат
Аллоҳнинг ҳузуридаги энг афзал пайғамбар
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَنَا سَيِّدُ وَلَدِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَأَوَّلُ مَنْ يَنْشَقُّ عَنْهُ الْقَبْرُ، وَأَوَّلُ ش...
14:10 / 25-сентабрь Батафсил...
Сийрат
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари
قَالَ اللهُ تَعَالَى: وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ النَّبِيِّينَ لَمَا آتَيْتُكُم مِّن كِتَابٍ وَحِكْمَةٍ ثُمَّ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مُّصَدِّقٌ لِّمَا مَعَكُمْ لَتُؤْمِنُنَّ بِهِ وَلَتَنصُرُنَّه...
16:17 / 22-сентабрь Батафсил...
Сийрат
Сийрат илмининг тарихий манбалари
Сийрат илмида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади: 1. Урва ибн Зубайр (93-ҳижрий санада вафот этган). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғиллари....
11:28 / 17-сентабрь Батафсил...