8 жумадис сони 1446
Бошқа анбиёларнинг сифатлари

Барча набийлар ва расуллар ахлоқ-одобда, Аллоҳга итоат этишда, Унинг шариати ва тавҳидини лозим тутишда, нубувват тақозосига кўра яшашда ва қавмининг азиятига сабр қилишда беназир ва тенги йўқ зотлар бўлишган. Ана шундай пайғамбарлардан бири Мусо алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло у зот ҳақида: «Эй иймон келтирганлар! Мусога озор берганларга ўхшаманглар. Аллоҳ уни улар айтган нарсадан поклади ва у Аллоҳ наздида обрўли эди»[1], деган.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни ўз қавмидаги душманлар гап-сўзи ва иғволаридан қутқарди, айбсизлигини исботлади. У зот табиатларидан келиб чиқиб, шариатига мувофиқ бўлгани учун ҳам ҳаё қилиб баданларини кўрсатмай, сатр қилиб юрар эдилар. Душманлари эса баданида бир оқлик ёки чурра бор деб туҳмат қилишни тўхтатмас эди. Аллоҳ таоло пайғамбарининг бундай нуқсон ва камчиликлардан поклигини уларга кўрсатиб қўйди. У зот Роббининг ҳузурида обрўли ва муқарраб бўлди.

Икки шайх келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусо ўта ҳаёли, сатр қилувчи киши эди. Ҳаё қилганидан жасадининг бирор жойи кўринмас эди», дедилар. Яъни ҳамма ҳолатда ҳаёлари ўта кучли, ҳатто ғусл қилаётган пайтда ҳам баданини тўсиб оларди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ҳақида Шуаро сурасининг 21-оятида: «Роббим менга ҳукмни берди ва мени расуллардан қилди», Духон сурасининг 17–18-оятларида эса: «Батаҳқиқ, улардан олдин Фиръавн қавмини синадик. Уларга карамли пайғамбар келди. «Сизлар менга Аллоҳнинг бандаларини беринглар. Албатта, мен сизларга ишончли пайғамбарман», Марям сурасининг 51-оятида: «Китобда Мусони эсла. Албатта, у танлаб олинган набий ва расул эди», Каҳф сурасининг 69-оятида: «У: «Аллоҳ хоҳласа, менинг сабрли эканимни кўрасан ва сенга ҳеч бир ишда итоатсизлик қилмайман», деган.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ҳақида Шуайб алайҳиссалом қизининг тилидан: «Икки(қиз)дан бири: «Эй отажон, уни ишга ёллаб ол, чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир»[2], деган.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга «улул азм», яъни сабрли, матонатли пайғамбарлар – Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга эргашишни буюради: «Азму матонат соҳиби бўлган расуллар сабр қилганидек сабр қил»[3].

Пайғамбарлардан бир тоифасини баён қилгандан кейин сийратда, йўл тутиш ва ҳаёт кечиришда барчаларига эргашишни таъкидлаб: «Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Уларнинг ҳидоятига эргаш»[4], деган. Чунки Аллоҳ таоло уларни солиҳлик, ҳидоят, танлаб олиш, нубувват сифатлари билан сифатлаган эди.

Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарини васфлаган, жумладан, Шуаро сурасининг 107-оятида Нуҳ алайҳиссалом, 125-оятида Ҳуд алайҳиссалом, 143-оятида Солиҳ алайҳиссалом,  162-оятида Лут алайҳиссалом, 178-оятида Шуайб алайҳиссалом тилидан «Албатта, мен сизларга ишончли расулман» деган таърифни беради. Демак, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг элчиси деб эълон қилмоқда.

Анбиё сурасининг 90-оятида бир неча пайғамбарнинг номларини зикр қилиб: «Албатта, улар яхшиликларга шошилар эдилар», деган.

Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом ҳақида ҳикоя қилиб: «Эй отажон, сенга амр қилинган (иш)ни бажар, Аллоҳ хоҳласа, мени сабр қилувчилардан эканимни кўрасан»[5], деган. Иброҳим алайҳиссалом Роббининг амри билан тушида ўғилларини қурбонлик қилаётганини кўрган қиссада ота билан ўғил ўртасида ана шундай суҳбат бўлиб ўтган эди. Исмоил алайҳиссалом ҳақида Аллоҳ таоло яна: «...ва Китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда расул ва набий эди»[6], деган.

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломни сифатлаб: «У қандай ҳам яхши бандадир. Албатта, у кўп қайтувчидир»[7], деган. Оталари Довуд алайҳиссалом ҳақида ҳам: «Албатта, у кўп қайтувчидир»[8], дея марҳамат қилган. Сўнгра яна у зот ҳақида: «Биз унинг мулкини қувватладик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи хитобни бердик»[9], деган.

Аллоҳ таоло пайғамбарлардан бир жамоаси ҳақида айтади: «Қўллар[10] ва кўзлар[11] соҳиблари бўлган бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубни эсла. Албатта, Биз уларни холис бир хислат-ла ажратдик. У (охират) диёрини эслаш эди. Албатта, улар Бизнинг ҳузуримизда танланган яхшилардандир»[12].

Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг подшоҳга хитоб қилиб айтган сўзини шундай хабар беради: «У: «Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман»[13].

Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссалом ҳақида: «Мен сизларни қайтараётган нарсада ўзим сизларга хилоф қилмоқчи эмасман. Мен кучим етганча ислоҳ қилишдан ўзга нарсани хоҳламайман. Менинг тавфиқим фақат Аллоҳ биландир. Унга суяндим ва Унга қайтаман»[14], деган.

Аллоҳ таоло Лут алайҳиссалом ҳақида: «Лутга ҳукм ва илм бердик...»[15], деган.

Набий ва расулларнинг хислатлари ва комилликларига далолат қиладиган чиройли ахлоқлари кўплаб оятларда зикр қилинган. Аллоҳ таоло у зотларни одамлар ўрнак олишлари учун намуна қилган. Бу улуғ зотлар тўғрисида ҳадиси шарифларда келган маълумотлар ҳам талайгина. Имом Бухорий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каримнинг ўғли каримнинг ўғли каримнинг ўғли карим бу – Иброҳим ўғли Исҳоқ ўғли Яъқуб ўғли Юсуфдир. Пайғамбарнинг ўғли пайғамбарнинг ўғли пайғамбарнинг ўғли пайғамбардир», дедилар.

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзим ухлайди, қалбим ухламайди[16]. Бошқа анбиёлар ҳам шундай. Уларнинг ҳам кўзлари ухлайди, қалблари ухламайди», дедилар.

Имом Табароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом дедилар: «Сулаймон ўзига катта мулк берилганига қарамай, Аллоҳ таолога тавозе ва хушуъ қилганидан кўзларини осмонга тикмас эди. Одамларга ширин ва лаззатли таомларни бериб, ўзи арпа нон ер эди. Унга: «Эй обидлар пешвоси, зоҳидлар йўлининг йўловчиси», дея ваҳий қилинди. У лашкарлари билан шамол устида кетаётганда йўлда бир кампир учраб қолса, шамолга амр қилиб, тўхтатар ва унинг ҳожатини битириб, сўнг йўлида давом этар эди»[17].

Юсуф алайҳиссаломдан: «Ахир сиз ер хазиналари устида бошлиқ бўлсангиз, нима учун оч юрасиз», дея сўрашганда: «Тўқ бўлсам, очларни унутиб қўйишдан қўрқаман», дея жавоб бердилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Довудга (Забурни) ўқиш осон қилинди. У уловини эгарлашни буюрар ва эгарлаб бўлишгунича (Забурни) ўқиб тугатар эди[18]. У қўл меҳнати билан топган маблағ ҳисобига кун кечирарди. Аллоҳ таоло айтади: «...ва унга темирни юмшоқ қилдик. (Унга) «Совутлар ясагин ва бичимини ўлчовли қил», дедик»[19]. У зот бошқаларга муҳтож бўлмаслик учун Аллоҳ таолодан ўз қўллари билан ризқ топадиган бир касб ато этишини сўради. Аллоҳ таоло у зотга совут ясашни ўргатди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Намозларнинг Аллоҳга энг маҳбуби Довуднинг намозидир. Рўзаларнинг Аллоҳга энг маҳбуби Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмида ухлар, учдан бирида бедор бўлар, олтидан бирида яна ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун тутмас эди»[20]. «У жун кийим кияр, тўшаги ҳам жундан эди. Кул теккан арпа нонни туз билан ер, ичадиган нарсасига кўз ёшини аралаштирар эди»[21]. «Хато қилганидан кейин Робби азза ва жалладан ҳаё қилгани учун кулмаган ва осмонга бошини кўтариб қарамаган. Бутун ҳаётини йиғлаб ўтказди»[22].

«Ийсо алайҳиссаломга: «Миниб юришга эшак олсангиз-чи?» дейишди. У зот: «Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳурматлироқ эканманки, мени эшак билан машғул қилиб қўймади»[23], деб жавоб бердилар». «У зот жун кийим кияр, дарахт баргларини ер, уйлари йўқ эди. Қаерда кеч кириб ухлашга тўғри келса, ўша ерда ётиб қолар эди. «Эй мискин» дейишлари у зот учун энг ёқимли исм эди»[24]. Бир куни Ийсо алайҳиссалом йўлларида учраб қолган чўчқага: «Саломат бор», дебдилар. Одамлар ажабланиб: «Нимага бундай дейсиз?» деб сўрашганда: «Тилимни ёмон сўзга одатлантиришни ёқтирмайман», деган экан.

Ибн Абу Ҳотим ва имом Аҳмад Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан келтирган ривоятда: «Яҳё алайҳиссаломнинг таоми алаф бўлган. Аллоҳ азза ва жалладан қўрқиб йиғлаганидан, ҳатто кўз ёши яноқларида из қолдирган эди».

Зикр қилганларимиз пайғамбарларнинг комил сифатлари, гўзал хулқлари ва чиройли шакл-шамоилларига баъзи мисол ва намуналар эди, холос. Ул зотларнинг барчаларига Аллоҳнинг саломи бўлсин!

«Шамоилу мустафо» китобидан

 

 



[1] Аҳзоб сураси, 69-оят.

[2] Қасас сураси, 26-оят.

 [3] Аҳқоф сураси, 35-оят.

 [4] Анъом сураси, 90-оят.

 [5] Соффот сураси, 102-оят.

 [6] Марям сураси, 54-оят.

 [7] Сод сураси, 30-оят. Кўп қайтувчитавба-тазарру, илтижо қилувчи.

 [8] Сод сураси, 17-оят.

 [9] Сод сураси, 20-оят.

 [10] Амалий тоатларни адо этишда қувватли ва ғайратли.

 [11] «Қўл соҳиблари» деганда амалий тоат-ибодатларда ғайратлилик ва жидду жаҳд, «кўз соҳиблари» деганда эса тафаккурга боғлиқ ишларда идрокли, фаҳмли ва мулоҳазали бўлиш назарда тутилган. Мазкур оятда дангаса, танбал, жоҳил, нафсоний хоҳишлар ва ҳайвоний лаззатлар пайида юрадиган кимсаларни танқид остига олиш бор.

 [12] Сод сураси, 45–47-оятлар.

 [13] Юсуф сураси, 55-оят. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан келтирилган ривоятга кўра, ўша вақтдаги Миср подшоҳи Юсуф алайҳиссалом сабабли иймонга келган экан, чунки у Юсуф алайҳиссаломнинг ўта билимдон, Аллоҳнинг бандаларига меҳрибон ва шафқатли эканидан, мамлакат хазинаси қўлида бўла туриб, қорни тўйиб овқат емаганидан бохабар бўлган. Шунингдек, у зотда пайғамбарликка далолат қиладиган аломат ва мўъжизаларни кўрган эди. Яхшиликлар амалда кўрсатиб берилсагина одамларда қизиқиш, муҳаббат уйғонар экан.

 [14] Ҳуд сураси, 88-оят.

 [15] Анбиё сураси, 74-оят.

 [16] Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларини ғафлатдан сақлаган. Қалблари ваҳийни қабул қилишга доимо тайёр бўлган. У зотнинг тушлари оддий одамларники каби узуқ-юлуқ, хаёлий тушлар эмас, балки ҳақ, рост ваҳий бўлган.

 [17] Имом Аҳмад «Аз-Зуҳд»да келтирган.

 [18] Забур катта китоб бўлишига қарамай, шунча тез фурсатда қироат қилиб тугатишлари у зотга берилган мўъжизалардан эди. Бу умматнинг улуғларида ҳам Қуръони Каримни хатм қилиш борасида шунга ўхшаш ҳолатлар учрайди.

 [19] Сабаъ сураси, 10–11-оятлар.

 [20] Икки шайх, имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

 [21] Ибн Абу Ҳотим Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва Мужоҳиддан мавқуф ҳолатда ривоят қилган.

 [22] Имом Аҳмад «Аз-Зуҳд»да Ато ибн Соибдан, у Абу Абдуллоҳ Жадалийдан келтирган ривоятда: «Довуд хато қилганидан кейин то ўлгунича бошини осмонга кўтармади», дейилган

 [23] Имом Аҳмад «Аз-Зуҳд»да, Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган.

 [24] Имом Аҳмад «Аз-Зуҳд»да, Ибн Асокир «Тарихи Димашқ» асарида ривоят қилган.

 

01:37 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Роиъул-ахор ойининг 29-куни
Кейинги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...