Кўпчилик Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муборак таналарига оид сифатларни билишга қизиқади. Бундан мақсад у зот билан доимий боғланиш, ҳис-туйғулар, қарашлар ва ўй-хаёлни чулғаб оладиган Яратганнинг нодир намунасига муҳаббат қўйиш ва одобларидан оғишмасликдир. Одоб-ахлоқ одатда юз тузилиши, инсон қиёфаси, юриш-туриш ва бошқа шахсий ҳолатларда ўз аксини топади. Таҳлилчилар кўпгина ижтимоий ҳодисаларни, шахсий феъл-атворни аниқлашда ўзига хос белги ва аломатларни асос қилиб оладилар. Пайғамбаримиз шахсиятларини ўз ичига олган ноёб тавсиф у зотни яқиндан таниган ва бирга юрган кишилардан нақл қилинган.
Имом Термизий «Шамоил»да шундай келтиради: «Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо айтди: «Тоғам Ҳинд ибн Абу Ҳоладан Расулуллоҳнинг сифатлари ҳақида сўрадим. У киши яхши сифатловчи эди. Менга у зотнинг сифатларидан бир оз баён қилса-ю, мен уни маҳкам тутсам, деган умидда эдим. (Тоғам) Ҳинд айтади: «Расулуллоҳ улуғ ва муҳтарам зот бўлиб, юзлари ўн тўрт кечалик ой каби нурли эди. Ўрта бўйлидан узунроқ, узун бўйлидан пастроқ эдилар. Бошлари катта, сочлари бир оз буралган эди. Агар сочлари ўз ҳолича очилса, фарқ очар, бўлмаса ўзлари атайлаб очмасдилар. Сочларини ўстирсалар, қулоқлари юмшоғидан ошиб турар эди.
Ранглари тиниқ оқ, пешоналари кенг, қошлари узун, ингичка ва қалин бўлиб, бир-бирига қўшилиб кетмаган эди. Икки қошлари ўртасида бир томир бўлиб, ғазабланганларида қимирлар эди. Бурунларининг ўртаси қия, учи қиррали эди. Унда нур порлаб тургани учун, диққат билан қарамаган одам бурунларини узун деб ўйлар эди. Соқоллари қалин, кўзларининг оқи оппоқ, қорачиғи қоп-қора, яноқлари на озғин ва на сергўшт эди. Оғизлари (ўзларига ярашган) кенг, тишлари оппоқ ва бир-биридан ажралган эди. Кўкракларидан киндикларигача мўйдан ингичка чизиқ тортилган эди. Бўйинлари (мармар ёки фил суягидан ясалган) ҳайкалнинг бўйнидек бўлиб, кумуш каби мусаффо эди.
Тана аъзолари хилқат жиҳатидан бир-бирига мутаносиб, тўла ва жипс эди. Қорин ва кўкраклари текис, кенг ва икки елкаларининг ораси узоқ эди. Бўғимлари йўғон, кийимдан ташқарида турган аъзолари нурли эди. Кўкраклари билан киндиклари ўртасида чизиқ каби ўтган мўй бўлиб, кўкрак ва қоринларида шундан бошқа мўй йўқ эди. Билаклари, елкалари ва кўкракларининг юқориси мўй билан қопланган эди. Билаклари узун, кафтларининг ичи кенг, кафт ва қадамлари гўштдор эди. Қўл ва оёқ бармоқлари (мўътадил ҳолда) узун, бўғим ва пайлари текис, бақувват эди. Товонлари билан ерга тегмайдиган қисми бир-биридан узоқроқ эди. Қадамлари силлиқ бўлиб, сув тўхтамай ўтиб кетар эди. Юрганларида қувват билан қадам кўтарар ва олдинга мойил бўлиб, оҳиста ва виқор билан илдам юрар эдилар[1]. Юрганларида худди баландликдан тушиб келаётгандек туюларди. Агар бурилмоқчи бўлсалар, бутун таналари билан бурилар, назарлари ҳар доим пастга қаратилган эди, осмондан кўра кўпроқ ерга боқар эдилар. Кўпинча кўз қири билан назар ташлар эдилар. Саҳобаларини олдинга ўтказар, кимга дуч келсалар, биринчи бўлиб салом берар эдилар».
Шундан сўнг нутқларини сифатлаб беринг, дедим. У: «Расулуллоҳ ўйчан[2] ва ҳар доим тафаккурда эдилар. У зот роҳат нималигини билмас, агар ҳожат бўлмаса гапирмас, узоқ сукут қилар, гапни бошлаш ва тугатишда тўлиқ ва бурро сўзлар эдилар. Ҳар бир айтган сўзлари аниқ[3], ихчам ва мазмундор бўлиб, унда на ошиқчалик ва на нуқсон бўларди. У зот ҳалим (юмшоқ табиатли) бўлиб, қўпол ва баджаҳл эмас эдилар. Қанчалар арзимас бўлмасин, ҳар қандай неъматни улуғлар, бирор нарсани ёмонламас, еб-ичиладиган нарсани айбламас ҳам, мақтамас ҳам эдилар[4]. Ҳақиқат учун ҳар қанча тўсқинлик бўлса ҳам, уни қўлламагунча ғазабларидан ҳеч ким тушира олмас эди[5].
Ўзлари учун ғазабланмас ва ўч олмас эдилар. Агар ишора қилсалар, бутун кафтлари билан ишора қилардилар. Агар таажжублансалар, кафтлари орқасини кўрсатар эдилар. Мабодо гапирмоқчи бўлсалар, кафтлари айтаётган сўзларига мос равишда ҳаракатланар эди. Гоҳида ўнг қўлларининг бош бармоғини чап кафтлари ичига уриб қўяр эдилар. Агар бир нарсадан ғазаблансалар, ундан юз ўгириб, бошқа ёққа бурилар, хурсанд бўлсалар, кўзларини пастга қаратар эдилар. Кўп ҳолларда кулишлари табассум эди. Кулсалар, тишлари булутдан тушган дўл доналари мисоли оппоқ бўлиб кўринар эди».
Ҳасан розияллоҳу анҳу[6] айтади: «Бу (ривоят)ни Ҳусайн ибн Алидан бир оз вақт яшириб юриб, сўнг айтиб берганимда мендан ўзиб кетганини, отасидан[7] Расулуллоҳнинг кириш-чиқишлари, ўтиришлари, шакл-шамоиллари ва сийратлари ҳақида бирон нарсани қолдирмай сўраб олганини билдим».
«Шамоилу мустафо» китобидан
[1] Қадамлари ораси кенг бўлганидан ортиқча уринишсиз тезроқ юрганлар.
[2] Охират ғами билан машғул эдилар.
[3] Сўз ва жумлалари алоҳида бўлиб, ҳамма учун тушунарли, ҳақ билан ноҳақликни ажратувчи эди.
[4] Қалбларида Роббидан бошқа нарсага рағбат йўқ эди. Дунё ҳаётининг лаззатига мойиллик, нафс истагини қондиришга интилиш бўлмаган қалбларда уларга тегишли нарсаларни мақташ ёки ёмонлаш бўлмайди.
[5]Аллоҳ учун бўлган ишларда ҳеч ким олдларига тўсиқ бўла олмас эди. Тўғри ва ҳақ бўлган ишни қўллаб-қувватлаб, ҳимоя қилмагунларича у зотга ҳеч ким журъат қила олмас эди.
[6] Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу.
[7] Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.