Исро ва меърож воқеаси билан боғлиқ баъзи ноаниқликларга ойдинлик киритиш зарур бўлади. Ана шунда мавзуимиз билан боғлиқ Қуръон оятларини тушунишдаги мушкуллик ўз-ўзидан ечилади.
Набий алайҳиссаломнинг Аллоҳ азза ва жалла билан муножоти ва ошкора сўзлашишлари ана шундай масалалардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло: «Бандасига нимани ваҳий қилган бўлса, ваҳий қилди»[1], деган. Айнан шу масала билан боғлиқ баҳс-мунозарага сабаб бўладиган кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Муфассирлар таъкидлаган ҳақиқат шуки, Жаброил алайҳиссаломга ваҳий туширувчи Зот – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Жаброил алайҳиссалом ваҳийни қабул қилиб, уни Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга етказиб туради. Шундай экан, қуйидаги ояти каримани таъвил қилишда аксар муфассирларникига зид бўлган қавлларга суянганларнинг сўзларига эътибор берилмайди. Оятда: «Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган, магар ваҳий орқали ёки парда ортидан ёхуд элчи юбориб, Унинг изни билан хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур. Шубҳасиз, У Зот олий ва ҳикматлидир»[2], дейилган.
Кўпчилик муфассирлар таъкидлашича, ояти каримада Аллоҳ таолонинг инсон зоти билан мулоқот турларига ишора қилиб ўтилган. Улар уч турдан иборат. Биринчиси – Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом билан мулоқотига ўхшаш парда ортидан мулоқот. Иккинчиси – барча пайғамбарлар ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аксар ҳолатлари каби фаришта юбориш орқали мулоқот. Учинчиси – Аллоҳ таоло пайғамбар қалбига бевосита индирган ваҳий орқали мулоқот. Мана шу жумҳур уламоларнинг сўзидир.
Жумҳур уламоларнинг қарашларига хилоф фикрни илгари сурганлар қониқарли ҳужжат-далил келтира олишмаган. Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳ алайҳдан ривоят қилинган «У зотга воситасиз ваҳий қилинган» деган нақл уларнинг шундай далилларидан биридир. Баъзи мутакаллимлар: «Муҳаммад алайҳиссалом Робби билан Исро ва Меърож кечасида гаплашган», деган қарашни илгари суришади. Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, имом Ашъарийдан ҳам шунга ўхшаш ривоят келтирилади. Жумҳур уламолар воситасиз мулоқотни инкор этишиб, Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом билан мулоқотига далолат қилувчи оятлар[3] даражасидаги бошқа томонга таъвил қилиб бўлмайдиган очиқ-ойдин ва қатъий далилларга суянадилар.
Исро ва Меърож воқеаси хусусида ихтилофга сабаб бўлган масалалардан бири Пайғамбаримизнинг Роббига қурбат ҳосил қилиши масаласидир. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра яқинлашди ва жуда ҳам яқин бўлди. Бас, икки камон миқдоридай жой бўлди. Балки ундан ҳам яқинроқ келди»[4].
Аксар муфассирлар қурбат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Жаброил алайҳиссалом ўрталарида бўлганини айтишади, чунки у зотлар ўшанда бир-бирларига яқин келганлар. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: «Барча муфассирлар наздида оятдаги «қоб» сўзидан мақсад миқдордир. Қурбат деганда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Сидратул мунтаҳога яқинлашиши ҳам назарда тутилиши мумкин», дейдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Муҳаммад алайҳиссалом Роббига яқинлашди ва яқинлашиши зиёда бўлди», дейди[5]. Ояти каримадаги «дана фа тадалла» – «яқинлашди ва жуда ҳам яқин бўлди» сўзлари бир маънода келмайди. Чунки «тадалла» сўзида «дана» сўзига нисбатан ҳарфлар кўпроқ. Сўзда ҳарфлар зиёда бўлиши маънода ҳам зиёдаликни вужудга келтиради.
Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Билингки, бу ўринда қурбат маъносининг Аллоҳга нисбат берилиши макон ёки масофа жиҳатидан қурбатни ифодаламайди. Набий алайҳиссаломнинг Роббларига қурбати у зотнинг даражалари баланд, мақом-мартабалари юксак, маърифат нурлари порлоқлиги ҳамда Аллоҳ таолонинг ғайб ва қудрат сирларини мушоҳада қилишларини билдиради. У зотнинг Аллоҳга қурбати қурбат мақомидаги раҳмат, унс, иззат-икром ва яхшиликларга ноил бўлишларидир. Қандай бўлмасин, Жаброил алайҳиссаломга эмас, Аллоҳ таолога деб олинган қурбатни маънавий яқинликнинг энг юқори чўққиси, маърифат равшанлиги ва Расули акрамнинг Ҳақ таоло ҳузуридаги олий мақоми деб тушунилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло набийининг истакларини ижобат қилиши, дуо ва сўровларни қабул этиши, у зотга иноятини кўрсатиши ва мартабаларини юксакка кўтариши англанади.
Олти «Cаҳиҳ» тўпламда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: «Роббимиз ҳар кеча дунё осмонига тушади», деб нақл этилган ҳадиси шариф ҳам юқорида айтилган маънода тушунилади. Яъни Аллоҳ таолонинг раҳмати, ижобати, яхшилиги ва эҳсони тушади. Бошқача қилиб айтганда, бу пайтда Аллоҳ таоло Ўз фазлу марҳаматига кўмадиган, карамини ёғдирадиган, ижобат қиладиган ва яхшиликларини бекаму кўст берадиган сифатлари билан тажалли қилади.
«Саҳиҳул Бухорий»даги: «Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман, ким Мен томон юриб келса, Мен у томонга югуриб бораман», деган маънодаги ҳадиси қудсий ҳам ана шундай тушунилади. Яъни бунда ҳам ижобат этиш, қабул қилиш, яхшиликни тез ато этиш, умидни амалга ошириш, сўралганни бериш маънолари ирода қилинади.
Хулоса шуки, Исро ва Меърож воқеаси тўғрисидаги баҳс-мунозарага сабаб бўладиган баъзи фикр-мулоҳазалар аниқлаштириш, исботлаш ва қатъий ҳужжат келтиришни талаб қилади. Бу масалада якка ижтиҳодлар кифоя қилмайди. Ҳар бир фикр далилга асосланиши лозим бўлади.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[3] Нисо сураси, 164-оят. Аъроф сураси, 143-оят.
[4] Нажм сураси, 8–9-оятлар.
[5] Ибн Абу Ҳотим ривояти.