23 жумадул аввал 1446
Аллоҳ таоло Ўз исм ва сифатларида ягонадир

Биз Аллоҳ таолонинг зоти, исмлари, сифатлари ва феълларида ягона эканлигига иймон келтирамиз. Инсоннинг хаёлига ёки тасаввурига келган бирор нарсага Аллоҳ таоло ўхшамайди. Воситасиз йўқдан бор қилишга, нарсаларни қўшмасдан ёки аралаштирмасдан пайдо қилишга қодирлигини билишимиз тавҳиднинг ҳақиқати ҳисобланади. У зот барча мавжудотни яратган. Яратиши мутлақо йўқлик ҳолидаги нарсани модда воситасисиз бор қилиш билан бўлган. Бунга осмонларнинг яратилишини мисол қилиш мумкин. Ёки зоҳирда восита сифатида кўзга ташланадиган моддаларни яратиш билан юзага келган. Бунга инсоннинг нутфадан яратилиши мисол бўлади.

Илоҳий қудратнинг илоҳий иродага боғланиши бўлмаса, яралиш ҳам бўлмайди. Ҳар бир нарса Ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ вужудга келади. Ишларининг сабаби, яратишининг боиси суриштирилмайди. «Аллоҳ фалон нарсани бунинг учун ёки бу сабабдан яратган» дейилмайди, чунки Аллоҳ таоло комил сифатларга эга Зотдир. Яратган нарсаларини сабабга боғлаш У Зот шаънига лойиқ эмас. Оламлар Робби айбу нуқсонлардан покдир. Мазкур эътиқодий асосларнинг далил ва ҳужжатлари жуда кўп. Аллоҳ таоло айтади: «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир»[1]. Бошқа оятда: «У қилган нарсасидан сўралмайди»[2], деган. «Ҳар бир бир нарсанинг сабаби У зотнинг яратишидир. Яратишининг эса сабаби йўқдир», деган эътиқод ушбу оятнинг тафсири ва изоҳи бўлади.

Аллоҳ таолонинг ишлари аввалда фазл бўлиб, кейин адлга айланган: «Агар Биз бир нарсанинг бўлишини ирода қилсак, унга «бўл» дейишимиз билан ўша нарса бўлади»[3]. Бу қудрат асарининг иродага[4] мувофиқ равишда зоҳир бўлишидан бошқа нарса эмас. Аллоҳ таоло Ўзи учун собит қилган сифатларни собит қилиш, У Зотни яратилган нарсаларга ўхшатишдан поклаш тавҳид тамойили ҳисобланади. Бизларнинг эътиқодимиз Аллоҳ таолонинг зоти бошқа нарсалар каби эмас, сифатлари пайдо қилинган нарсаларнинг сифатларига ўхшамас, деган қарашдан иборат.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айрим сифатлари билан сифатланганлари ҳақида юқорида зикр қилинди. Бундан ҳеч ким айрим одамларда Аллоҳ азза ва жалланинг сифатлари ҳақиқий маънода бўлади, деган тасаввур ёки хаёлга бормаслиги керак. Мўмин банда Аллоҳ таоло ҳақида Унинг азамати, улуғлиги, мулки, гўзал исмларида ягона, зотида комил, сифатларида олий, деб эътиқод қилиши зарур.

Қачон шариат бир нарсани Холиқ – яратувчи ва махлуқ – яратилганга нисбатан ишлатишга рухсат берса, унга мажозий маънода деб қаралади. Зинҳор Яратувчи билан яратилган ўртасида ҳақиқий маънода ўхшашлик бўлмайди. Аллоҳ таолонинг зоти ҳам, сифатлари ҳам яратилган нарсаларникига ўхшамайди, чунки уларнинг сифатлари нуқсонга, заволга ва йўқликка юз тутади. Уларга мақсадлар, моддий манфаатлар, шахсий ғаразлар таъсир қилади. Аллоҳ таолонинг сифатлари эса мазкурлардан пок бўлиб, сабаблар, мақсадлар таъсирига тушмайди. Аллоҳ таоло Ўзининг исм ва сифатлари билан ҳамиша мавжуддир. Унинг Зоти ва наътларини мўминлар тан олиб, эътиқод қиладилар. Аллоҳнинг Яратувчи, Ризқ берувчи, Ўлдирувчи, Тирилтирувчи каби феълий сифатлари имом Абу Мансур Мотуридий ва у кишининг издошлари наздида азалийдир.

Муҳаққиқ уламолар: «Тавҳид – бирор нарсага ўхшатмасдан, сифатларини бузиб талқин қилмасдан Аллоҳ таолонинг зотини собит қилишдир», дейдилар. Бу иборани изоҳлаб Воситий шундай дейди: «Аллоҳ таолонинг зотига ҳеч нарса ўхшамайди. Ҳеч бир исм Унинг исми каби, ҳеч бир сифат Унинг сифати каби эмас. Фақат лафзлар орасида ўхшашлик бор, холос. Азалий Зотда кейинроқ бир сифат пайдо бўлган эмас. Шунингдек, яратилган нарсаларда азалий сифат бўлиши мумкин эмас. Буларнинг барчаси аҳли ҳақ – аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг эътиқодидир».

Воситий раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларини шарҳ қилиб, имом Абул Қосим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни ёзади: «Аллоҳ таолонинг зоти бошқа нарсаларга қандай қилиб ўхшаши мумкин, ҳолбуки, У Ўзининг мавжудлиги билан барча нарслардан беҳожат бўлса. Унинг феъли-иши қандай қилиб яратилган нарсаларнинг ишига ўхшасин, У Зотдан содир бўладиган ишга улфат тутиш ёки нуқсонни даф қилиш, хаёлга келган ўйлар, мақсадлар туртки бўлмаса, ёлғиз ўзи ёки воситали уринишлар билан амалга ошмаса[5]. Барча махлуқотларнинг ишларига мазкур важҳлардан бири албатта аралашади».

Баъзи машойихлар айтган эканлар: «Сизлар хаёлан тасаввур қилиб, ақлларингиз билан идрок эта олган ҳар қандай нарса ўзларингиз каби яратилгандир».

Хулоса шуки, Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига У Зотни бирор нарсага ўхшатмасдан, сифатларини инкор этмасдан шак-шубҳасиз ишонган инсон аҳли тавҳиддир. У Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларининг моҳиятини идрок этишдан ожиз эканини эътироф этади. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтади: «Идрок этишга ақл етмаслигини билиш идрок этишдир». Буни Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ҳам қўллаб-қувватлайди: «У уларнинг олдиларидаги нарсаларни ҳам, ортларидаги нарсаларини ҳам билади. Улар эса Уни илм ила иҳота қила олмаслар»[6].

«Шамоилу мустафо» китобидан

 ---------------------------------------

[1] Шуро сураси, 11-оят.

[2] Анбиё сураси, 23-оят.

 [3] Наҳл сураси, 40-оят.

 [4] Илоҳий ироданинг сабабини англаб, тасаввур қилиб бўлмайди.

 [5] Аллоҳ таоло айтади: «Қачон бирор нарсани ирода қилса, Унинг «бўл» деган амри билан ўша нарса бўлади». (Ёсин сураси, 82-оят)

 [6] Тоҳо сураси, 110-оят.

 

13:44 / 03.02.2018
Аввалги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...