24 жумадул аввал 1446
Ўтган умматларнинг хабарлари

 

Қуръони Карим мўъжизавийлигининг тўртинчи жиҳати қадим замонларда яшаб, йўқ бўлиб кетган халқлар ва умматлар ҳақида бизга хабар ва маълумотлар беришидир. Улар ҳақидаги битта қиссани билиш ноёб ҳодиса эди. Аҳли китоблардан бутун умрини сарфлаб, китобларни ўрганган саноқли олимларгина улар ҳақида илмга эга эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий орқали нозил қилинган Қуръондаги хабарларни етказганларида олимлар тан олар, тўғри ва рост эканини эътироф этишарди. У зотдаги бу илмлар ўқиб-ўрганиш натижасида ҳосил бўлмагани ҳаммага маълум. У зотнинг бир умр ўқиш-ёзишни билмаганлари, саводсиз бўлганлари, олимларнинг дарсларида қатнашмаганлари, шоирларнинг мажлисларида иштирок этмаганлари аниқ эди. Болаликларидан то улғайиб, пайғамбар қилиб юборилгунча бутун ҳаётлари ва ҳолатлари барчага кундай равшан эди. Бусирий айтади:

Жоҳилиятда саводсизда илм ҳосил бўлиши,

Етим ҳолда гўзал тарбия топиш –

Сенга мўъжиза бўлишга етарлидир.

Аҳли китоблар у зотдан кўпинча ўтган умматлар ҳақида савол сўрашганда ваҳий нозил бўлар эди. У зот уларнинг ҳолатлари, амаллари, оқибатлари ҳақидаги маъноларни ўз ичига олган қуръоний оятларни тиловат қилиб берар эдилар. Пайғамбарлар ҳаётида қавмлари билан бўлиб ўтган воқеалар гоҳида қисқа, гоҳида муфассал, гоҳида умумий, гоҳида хос шаклда баён қилинар эди. Мусо алайҳиссалом ва ҳазрати Хизр, Юсуф алайҳиссалом ва оға-инилари, Нуҳ алайҳиссалом ва ўғли, Одам алайҳиссаломнинг икки ўғиллари, ҳазрати Луқмон ва ўғли, Асҳоби каҳф, Зулқарнайн, борлиқнинг яратилиши ва интиҳоси, Таврот, Инжил, Забур, Иброҳим ва Мусо алайҳимуссаломнинг саҳифаларидаги қиссалар ва хабарлар аҳли китоб олимлар томонидан тасдиқланди. Улар келтирилган хабарларни инкор эта олишмади. Балки улар олдида бош эгишди. Тавфиқ берилганлари иймон келтириб, саодат топди. Ҳасад балосига гирифтор бўлганлари бўйин товлади ва юз ўгирди.

Аҳли китоблар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турли саволлар билан мурожаат қилишар ва синаш учун руҳ, Зулқарнайн ва Асҳоби каҳф тўғрисида саволлар беришарди. «Саволларнинг ҳаммасига жавоб берса ҳам, ҳеч бирига жавоб бера олмаса ҳам, пайғамбар бўлмайди. Агар баъзисига жавоб бериб, баъзисига сукут қилса, ҳақ пайғамбар бўлади», дейишди. У зот Асҳоби каҳф ва Зулқарнайн қиссаларини баён қилиб бердилар[1]. Руҳ масаласини худди Тавротдагидек ноаниқлигича қолдирдилар. Исро сурасининг 85-оятида: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрайдилар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизларга жуда оз илм берилгандир», деб айт», дейилган.

Шунингдек, у зот аҳли китобларнинг Ийсо алайҳиссалом ва тошбўрон қилишнинг ҳукми ҳақидаги саволларига ҳам жавоб бердилар. Яҳудийларнинг «Исроил (Яъқуб пайғамбар) ўзига нимани ҳаром қилган эди?» деган саволига жавоб ўлароқ ушбу оят нозил бўлди: «Таврот нозил қилинишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бану Исроилга ҳалол эди. «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқинглар», деб айт»[2].

Имом Термизийнинг ривоятида келишича, Яъқуб алайҳиссалом ўз ижтиҳодлари ёки Роббининг изни билан ўзига туя гўшти ва сутини ҳаром қилган эди. Яҳудийлар ўзларига қайси чорва ҳайвонлари ҳаром қилинганини ҳам савол қилиб беришди. Аллоҳ таоло жавоб тариқасида ушбу оятни нозил қилди: «Ва яҳудий бўлганларга барча (бутун) туёқлиларни ҳаром қилдик. Мол ва қўйдан эса уларга ёғларини ҳаром қилдик. Магар орқа ва ичакларидаги ёки суякка аралашган ёғлари (ҳалолдир). Бу зулмлари учун уларга берган жазоимиздир. Албатта, биз рост сўзловчимиз»[3].

Нисо сурасининг 160-оятида: «Яҳудий бўлганларга уларнинг зулми, Аллоҳнинг йўлидан кўп тўсганлари учун уларга ҳалол қилинган нарсани ҳаром қилдик», деган.

Саҳобаи киромларнинг Таврот ва Инжилдаги сифатларини Қуръони Карим қуйидагича баён қилади: «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмлидир. Уларнинг Аллоҳдан фазл ва розиликни тилаб рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрасан. Уларнинг сиймолари сажда асаридан юзларида (балқийди). Мана шу уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган экинга ўхшайди. Кофирларнинг ғазабини келтириш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб, солиҳ амал қилганларига мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди»[4].

Ушбу оят орқали саҳобаи киромларнинг ҳолатлари Таврот ва Инжилда нақадар ажойиб тарзда таърифланганини билиш мумкин бўлди.

Аллоҳ таоло Расулига нозил қилган Қуръон оятлари орқали аҳли китобларга тегишли кўпгина масалаларга жавоблар берди. Улардан бирортаси буни инкор қилмади, ёлғон ҳам дея олмади. Аксинча, кўпчилиги Расулуллоҳнинг ҳақ пайғамбар эканликларини эътироф этди. Ичларидан баҳслашганлари, «Айтганингиз Тавротдаги нарсага тўғри келмайди» деб даъво қилганлари ҳам чиқди. Лекин Тавротни олиб келиб, ўқиш талаб қилинганда довдираб, нима қилишларини билмай қолишди. Расули акрам улардан иложи бор ишни сўрадилар. Тавротни ҳозир қилишнинг иложи бор эди. Бироқ бош тортишди, чунки ўзларининг кирдикорлари фош бўлишидан қўрқишди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй аҳли китоблар! Ҳақиқатан, сизларга Бизнинг расулимиз келди. У сизларга Китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни баён қилиб беради. Кўпини эса афв қилур. Шубҳасиз, сизларга нур ва ойдин Китоб келди»[5].

Аслида хабарларни тўғри ҳолда етказиш анча машаққатли иш. Лекин Аллоҳнинг каломи ҳамиша рост ва воқеликка мос. Шунинг учун оғизларни ёпиб, шубҳаларга узил-кесил нуқта қўяди. Илоҳий калом воқеаларни хаспўшламасдан, қўшиб-чатмасдан, бенуқсон ва ишончли тарзда ифодалайди. Ном-нишонсиз йўқолиб, хабарлари ўчган ва унутилган умматлар ҳақида маълумот бериши Қуръонниинг мўъжизавий китоб эканини тасдиқлайди.

«Шамоилу мустафо» китобидан

[1] Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

[2] Оли Имрон сураси, 93-оят.

[3] Анъом сураси, 146-оят.

[4] Фатҳ сураси, 29-оят.

[5] Моида сураси, 15–16-оятлар.

 

21:44 / 10.02.2018
Аввалги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...