Юқорида Қуръон мўъжизавийлигининг тўрт жиҳати келтириб ўтилди. Уларда ҳеч қандай ихтилоф, шак-шубҳа, гумон йўқ. У илмий, руҳий, ижтимоий, луғавий, фикрий, коинот ва борлиқ билан боғлиқ сон-саноқсиз мўъжизавийликка эга илоҳий каломдир. Қуйида қуръоний мўъжизаларнинг бошқа турлари билан танишамиз.
1. Баъзи қавмларни таслим қилиб, уларга айрим ишларни қила олмасликларини билдириш.
Аллоҳ таоло яҳудийларга хитоб қилиб: «Сен: «Эй яҳудий бўлганлар, албатта сизлар бошқалардан фарқли ўлароқ, Аллоҳнинг дўстларимиз деб, даъво қиладиган бўлсангиз, ўлимни орзу қилинг, агар ростгўй бўлсангиз», деб айт. Улар қўллари қилган(гуноҳ)лари туфайли ҳеч қачон у(ўлим)ни орзу қилмаслар. Аллоҳ золимларни билувчидир»[1], деган.
Бошқа оятда: «Айт: «Агар Аллоҳнинг ҳузуридаги охират ҳовлиси бошқа одамларга эмас, фақат сизлар учун бўладиган бўлса, агар ростгўй бўлсангиз, ўлимни орзу қилинг», дея марҳамат қилган. Кейин эса: «Улар қўллари қилган (қилмишлар) сабабли ҳеч қачон уни орзу қилмаслар ва Аллоҳ зулм қилувчиларини билувчи Зотдир»[2], деган.
Яҳудийлар: «Бизга (дўзах) ўт(и) ҳеч тегмас, тегса ҳам саноқли кунларгина тегади», дедилар»[3]. Яна улар: «Жаннатга яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким кирмас», дедилар»[4].
Абу Исҳоқ Зажжож Бақара сурасининг 94–95-оятлари тафсирида шундай дейди: «Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар эканликларига энг катта ва очиқ ҳужжатдир, чунки Аллоҳ таоло «Ўлимни орзу қилинглар» дейиш билан уларга ўлимни орзу қила олмасликларини билдирди. Ҳақиқатан, улардан биронтаси ҳам ўлимни орзу қилишга журъат эта олмади».
Имом Байҳақий келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, улардан кимда-ким шу(ўлим)ни орзу қилганида, тупиги томоғига тиқилиб дарҳол ўлар эди», дедилар.
Аллоҳ таоло Расулининг ростгўйлигини изҳор этиш учун уларни ўлимни орзу қилишдан буриб, қалбларига қўрқув солиб қўйди. Аслида улар қўлларидан келса, Расулуллоҳни ёлғончига чиқаришга жуда ташна эдилар. Шуни ич-ичларидан истар эдилар. Лекин Аллоҳ таолонинг иродасини ҳеч ким тўса олмайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизалари ошкор ва ҳужжатлари зоҳир бўлди.
Абу Муҳаммад Асилий: «Аллоҳ таоло Набийига «Агар охират ҳовлиси бошқа одамларга эмас...» оятини нозил этганда улардан ўлимни орзу қиладиган бир жамоа, ҳеч бўлмаса битта киши топилмагани жуда қизиқ иш», дейди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Нажрон насронийларининг бошлиқлари келишиб, суҳбатлашишди. Лекин Исломни қабул қилишдан бош тортишди ва Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: «Сенга келган илмдан кейин ким сен билан у ҳақда тортишса, сен: «Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни ва сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлвориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз», деб айт»[5].
Пайғамбар алайҳиссалом уларни оятда зикр қилинган лаънат айтишга чақирдилар. Улар ўйланиб қолишди. Бошлиқлари: «Унинг пайғамбар эканини биласизлар. Қайси қавм пайғамбарнинг лаънатига қолса, каттаю кичик – биронтаси қолмасдан қирилиб кетади. Иккинчи томондан, бир чорасини кўрмасангиз, динингизни бирлаштириб юборади», деди. Улар маслаҳатлашиб, жизя (жон солиғи) тўлашга рози бўлишди. Нажрон насронийларининг ожиз қолиши Қурайш мушриклари ва бошқаларнинг Қуръон сураларига ўхшаш бир сура келтиришдан ожиз қолишига ўхшайди. Улардан ҳам, булардан ҳам Исломга кириш талаб қилинди. Аммо бош тортиб, ўзларини ҳақмиз деб туриб олишди. Расули муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васалламни қайсарларча ёлғончига чиқаришди. Ҳақиқатни тан олмадилар.
2. Тиловат қилинганда тингловчилар қалбида қўрқув пайдо қилиши ҳам Қуръони Каримнинг мўъжизаларидандир.
Албатта, бу илоҳий каломнинг таъсири кучлилиги, қадри юксак ва шаъни буюклигига далолат қилади. Қуръоннинг ҳайбати иймонлилардан кўра иймонсизларни кўпроқ босади. Ҳатто уларга бир неча оятларни эшитиш ҳам оғир туюлади. Иложи борича эшитмасликка, ундан қочишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сен Қуръонда Роббингнинг ёлғиз Ўзини зикр қилсанг, улар ортларига ўгирилиб қочурлар»[6]. Яъни Қуръонни тинглашга тоқатлари етмайди. Уни ёқтирмаганликларидан тиловат қилинмаслигини хоҳлайдилар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари сиқилиб кетар. Қачонки Ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб кетарлар»[7].
Дайламий ва бошқалар Ҳакам ибн Умайрдан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Қуръон уни ёқтирмаганлар учун қийин ва қийинчилик туғдирувчидир. У ҳакамдир»[8], дедилар.
Мўмин ҳамиша Қуръон ҳайбати ва қўрқувини қалбида ҳис этиб яшайди. Лекин бу қўрқув унга тиловат қилингани сари муҳаббат ва иштиёқни зиёда қилади, қалбига роҳат ва сурур бахш этади. Аллоҳ таоло айтади: «Ундан Роббларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар»[9].
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 21-оятида: «Агар ушбу Қуръонни тоққа туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб, парчаланиб кетганини кўрар эдинг», деган. Қуръоннинг ҳайбати шунчалик даражадаки, уни тоғлар ҳам кўтара олмайди.
Қуръони Каримнинг таъсири унинг маъноларини билмайдиганларда ҳам, мусулмон бўлмаганларда ҳам кўп кузатилади. Ҳикоя қилинишича, бир насроний Қуръон ўқиб турган қорининг тиловатини эшитиб йиғлабди. Ундан бунинг сабаби сўралганда: «Таъсирланиш натижасида ҳосил бўлган маҳзунлик ва назм ҳаловати», деб жавоб берган экан.
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу: «Шом намозида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тур сурасини ўқиётганларини эшитдим. «Балки улар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ ўзлари яратилгандирлар?! Ёки улар яратувчиларми?»[10] оятига келганларида Ислом учун юрагим қинидан чиқиб кетай деди»[11], деган. Бошқа ривоятда: «Ана ўша пайтда иймон қалбимга мустаҳкам ўрнашди», деган экан.
Расулуллоҳ алайҳиссалом Утба ибн Робийъага «Ҳаа. Мийм. (Бу) Раҳмон ва Раҳим томонидан нозил қилингандир» оятидан «Бас, агар юз ўгирсалар, сен: «Мен сизларни Од ва Самудга келган чақмоққа ўхшаш чақмоқ-ла огоҳлантирдим», деб айт»[12]гача тиловат қилиб бердилар. Утба қўли билан у зотнинг оғизларини ёпиб: «Қариндош-уруғ билан қасамки, тўхта», деди. Уйига борди. Қавмнинг ўзи келмагунча уларнинг олдига чиқмади. Бунинг учун улардан танбеҳ ҳам эшитди. Узр айтиб: «Аллоҳга қасамки, у менга шундай гапни гапирдики, бунақасини қулоқларим ҳеч қачон эшитмаган. Нима дейишимни билмай қолдим», деди.
Ҳикоя қилинишича, арабларнинг энг фасоҳатлиларидан бири Ибн Муқаффаъ Қуръонга ўхшаш калом яратишни қасд қилиб, ишга киришади. Бир куни бир боланинг олдидан ўтиб қолади. Ҳалиги бола: «Эй ер, сувингни ют...»[13] оятини ўқиётган эди. Орқасига қайтиб бориб ёзганларини ўчириб ташлайди ва: «Гувоҳлик бераманки, унга тенглашиш мумкин эмас. У инсон зотининг сўзи эмас», дейди.
Ўз замонасида Андалуснинг энг сўзамол кишиси бўлган Яҳё ибн Ҳакам ҳам Ибн Муқаффаъ каби Қуръон оятларига ўхшаш бир нарса яратиш илинжида уриниб кўрди. У ўзи ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Намуна сифатида фойдаланиш, услубига тақлид қилиш учун Ихлос сурасига назар солганимда мени қандайдир қўрқув эгаллаб олди ва бўшашиб кетдим. Бу ҳолат мени тавба сари етаклади».
3. Қиёматгача боқий қолиши, йўқолмаслиги ҳам Қуръоннинг мўъжизасидир, чунки Аллоҳ таоло уни сақлаш кафолатини Ўз зиммасига олган: «Албатта, Зикр (Қуръон)ни Биз нозил қилдик ва албатта уни Биз муҳофаза қиламиз»[14].
Бошқа оятда: «Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ҳаким ва мақталган Зотнинг нозил қилганидир»[15], дейилган.
Маълумки, барча пайғамбарларнинг мўъжизалари ҳақида вақт ўтиши билан хабар ва ривоятлардан ўзга нарса қолмади. Аммо Қуръони Карим нозил бўлган кундан бошлаб мана ўн тўрт асрдан кўпроқ вақт ўтибдики, ёрқин мўъжиза бўлиб келмоқда. То дунё тугагунча ҳужжатлари ғолиб ҳолда йўқолмай туради. Унга қарши чиқиш, у билан баҳслашиш имконсиз бўлиб қолаверади. Ҳамма аср ва давр ҳам тилшунослар, балоғат ва фасоҳат аҳллари, сўз чавандозлари, моҳир гап усталари, сўз санъатининг ўткир билимдонлари билан тўла. Улар ичида динга қаршилари, нияти бузуқлари ҳам кўп. Лекин уларнинг ҳеч биридан тўқиб чиққан ёки тузган бирор нарсаси нақл қилинмаган. Иккита сўзни жамлаб, тақдим қилгани ҳам ривоят қилинмаган. Ўзининг ожиз зеҳнини ишга солиб чиранганлари ҳам мўрт суякдан чақмоқтош ўрнида фойдаланиб ўт чиқара олмаган одамдек ноумид бўлишди.
Улуғ имомлар, буюк уламолар Қуръони Каримнинг мўъжизаларига қуйидагиларни ҳам қўшишган: Қуръон ўқувчи ундан зерикмайди, малолланмайди. Балки тиловати ва қироатига борган сари берилиб кетаверади. Унга нисбатан муҳаббати ва эҳтироми ошаверади. Бошқа сўз ва гаплар ҳар қанча чиройли, балоғатли бўлмасин, қайтараверилса, ёқмай қолади, кишининг жонига тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан устунлиги Аллоҳнинг Ўзи яратган нарсаларидан устунлиги даражасидадир», деганлар.
Қуръони Карим тиловати ўқувчи ва эшитувчига лаззат ва роҳат беради. Оғир ва машаққатли дамларда улфат, дардга дармон бўлади.
Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни шундай сифатлаганлар: «У кўп такрорлаш билан эскирмайди. Унинг ибратлари тугамайди, ажойиботлари тамом бўлмайди. У (ҳақ билан ботил орасини) ажратувчидир, ҳазил эмасдир. Уламолар ундан тўймайдилар. У сабабли хоҳиш-истаклар тўғри йўлдан четга чиқмайди, тиллар чалкашмайди. Уни тинглаган вақтларида жинлар: «Албатта, биз ажойиб Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади»[16], дейишдан ўзларини тўхтата олмагандир».
Араблар[17] ҳам, пайғамбар бўлишларидан олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, яҳудий ва насронийларнинг олимлари ҳам билмаган, самовий китобларда баён қилинмаган илм-маърифатни ўзида жамлаши Қуръоннинг мўъжизаларидан ҳисобланади.
Қуръони Каримда шариат илмлари, ақлий далиллар, адашган умматларга қаратилган аниқ ва лўнда, лафзлари осон, очиқ-равшан, кучли ҳужжат ва кучли раддиялар мужассамки, манаман деган билимдонлар ҳам унга ўхшашини келтиришдан ожиздир. Мисол тариқасида баъзи оятларни келтирамиз:
Ёсин сурасининг 81-оятида: «Осмонлару ерни яратган Зот уларга ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ! У яратувчи ва билувчи Зотдир», шунингдек, 79-оятида: «Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган Зот тирилтиради ва У ҳар бир яратилган нарсани яхши билувчидир», деб айт», – дейилган.
Анбиё сурасининг 22-оятида: «Агар у(осмонлару ер)ларда Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида, бузилиб кетар эди. Аршнинг Робби улар сифатлаган нарсадан покдир», дейилган.
Бундан ташқари, Қуръони Каримда ваъз-насиҳатлар, ҳикматлар, охират ҳаётига оид хабарлар, гўзал ахлоқлар ва яхши сифатларнинг баёни ҳам ўрин олган. Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 38-оятида: «Китобда ҳеч бир нарсани эътибордан четда қолдирмаганмиз», Наҳл сурасининг 89-оятида: «Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён этувчи... қилиб нозил қилдик», Зумар сурасининг 27-оятида: «Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамларга турли мисоллар келтирдик. Шоядки, эсласалар», дея марҳамат қилган.
Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бу Қуръонни буюрувчи, қайтарувчи, эргашиладиган йўл ва зарбулмасал қилиб нозил қилди. Унда сизлардан олдингиларнинг ҳам, сизлардан кейингиларнинг ҳам хабарлари ва ораларингиздаги нарсаларнинг ҳукмлари бор. Узоқ такорорлаш уни эскиртирмайди. Унинг ажойиботлари тугамайди. У ҳақдир, ҳазил эмасдир. Ким у билан гапирса, рост гапирибди. Ким у билан ҳукм қилса, адолат қилибди. Ким унга суянган ҳолда баҳс қилса, ғолиб бўлади. Ким унинг айтгани бўйича тақсим қилса, тўғри тақсим қилибди, ким унга амал қилса, ажрга эга бўлади. Ким уни маҳкам тутса, тўғри йўл топади. Ким ундан бошқасидан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни адаштиради. Ким ундан бошқаси билан ҳукм қилса, Аллоҳ уни ҳалок қилади. У ҳикматли эслатма, очиқ-ойдин нур, тўғри йўл, Аллоҳнинг мустаҳкам арқони, фойдали шифо, мустаҳкам ушлаганлар учун ҳимоя, эргашганлар учун нажотдир. Ҳақдан оғишмагани учун уни тўғрилашга, адолатдан четга чиқмагани учун уни ислоҳ этишга ҳожат йўқдир».
Аллоҳ таоло Ўз каломида далил ва унинг баёнини жамлаган. Қуръоннинг балоғатли назми, чиройли баён усубида буйруқ ва қайтариқ, огоҳлантириш ва ваъдалар мужассам бўлган. Маъносини тушуниб тиловат қилувчи биргина каломнинг ўзидан ҳам ҳужжат-далилни, ҳам юкланган мажбуриятни англайди. Бунга Аллоҳ таолонинг ота-онага яхшилик қилиш борасида айтган ушбу сўзини мисол келтириш мумкин: «Уларга «уфф» дема»[18]. Бундан одатга айланиб кетган «уфф» деган сўзни ота-онага айтиш мумкин бўлмаса, бошқа қўпол сўзларни гапириш умуман ножоиз ва ҳаром экани англанади.
4. Қуръони Каримнинг баён услуби шеърий ҳам, насрий ҳам эмаслиги мўъжизадир.
Шеърий баённи фаҳмлаш осон. Ёдлаш ҳам қийин эмас. Қулоққа ёқимли, кўнгилга маъқул бўлгани учун кўпчиликнинг табиати унга мойил бўлади. Насрий баён эса зериктириб қўяди.
5. Ёдлаш осон қилиб қўйилгани Қуръоннинг мўъжизасидир.
Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Зикр қилувчи борми?»[19]
Ўрганувчилар, ёдловчиларга ёд олиш осон қилиб қўйилди. Ўтган умматлардан биронтаси ҳам Китобини ёд олмаган. Лекин Қуръони Каримни минглаб одамлар, ҳатто ёш болалар қисқа муддат ичида ёд олган ва ёд олмоқдалар.
6. Ибораларнинг тузилиши ва маъноларининг бир-бирига мувофиқлиги Қуръоннинг мўъжизасидир.
Буйруқ, қайтариқ, огоҳлантириш, қисса, ваъз-насиҳатнинг ҳамоҳанглиги, тартиб ва таркиб бузилмасдан бир воқеадан бошқа воқеага ўтиш ҳақиқатан мўъжизанинг ўзгинасидир. Энг қизиғи, мазкур сифатлар билан бирга Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларида ягоналиги, нубувват исботи, савоб олишга тарғиб, гуноҳ-маъсиятлардан четланишга даъват ва бошқа фойдалар бор-йўғи бир сурада ўз ифодасини топади.
Сод сурасининг аввалги оятларини тафаккур қилиб кўринг. Унда куфр аҳлининг хабарлари, Расулуллоҳга муносабатлари, уларни олдин ўтган қавмларнинг ҳалокати билан огоҳлантириш, Расули акрамни ёлғончига чиқаришлари, у зот келтирган Қуръондан ажабланишлари, обрў ва нуфузга эга бўлган бир гуруҳнинг куфрга келишиб олишлари, уларнинг гап-сўзларида ҳасад зоҳир бўлиши, уларнинг арзимас ва заиф эканликларининг баёни, уларга дунё ва охират хорлиги бўлиши хабари, Расулуллоҳни улардан етадиган азиятларга сабр қилишга чорлаш ва у зотга тасалли ва бошқа кўплаб маънолар акс этган. Ундан кейин Довуд пайғамбар ва бошқа анбиёларнинг қиссалари ўрин олган. Буларнинг барчаси қисқа жумлаларда ва ажойиб назм билан келтирилган.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[3] Бақара сураси, 80-оят.
[4] Бақара сураси, 111-оят.
[7] Зумар сураси, 45-оят.
[8] Ҳақ билан ботил, яхши билан ёмон ўртасини ажратувчидир.
[11] Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
[12] Сод сураси, 1–13-оятлар.
[13] Ҳуд сураси, 44-оят.
[14] Ҳижр сураси, 9-оят.
[15] Фуссилат сураси, 42-оят.
[16] Жин сураси, 1–2-оятлар.
[17] Нафақат араблар, балки бошқа халқлар, бутун инсоният билмаган илмлар унга жо қилинган.
[18] Исро сураси, 23-оят.
[19] Қамар сураси, 32-оят.