Мўъжизани идрок этиш қийин, фаҳмлаш мушкул топишмоқ десак, тўғри бўлади. Лекин мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишга қодирлигини, истаган нарсасини истаган вақтда ва истаган жойда ярата олишини билса, уни англаш ва таҳлил қилишдан осони йўқ. Аллоҳ таоло бундай ғайриоддий ишларни турли муносабатлар билан вужудга келтиради. Одамлар иймон келтириб, тасдиқлашлари учун набийлар ва расуллар орқали кўрсатиши ана шундай муносабатлардан биридир. Қуръони Карим жонсиз нарсалардаги мўъжиза тушунчасига очиқ-ойдин ечим берган. Аллоҳ таоло айтади: «Унга етти осмону ер ва улардаги нарсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди-ла тасбеҳ айтмаган ҳеч нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар. Албатта, У ҳалим ва мағфиратли Зотдир»[1].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонсиз мавжудотлар билан алоқадор айрим мўъжизаларини келтириб ўтамиз.
Имом Бухорий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «У зот тановул қилаётган пайтларида таомнинг тасбеҳ айтаётганини эшитар эдик». Бу ҳолат, шак-шубҳасиз, пайғамбарлик аломатлари ва у зотнинг мўъжизаларидан ҳисобланади.
Имом Термизий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан таом тановул қилаётганимизда унинг тасбеҳ айтишини эшитар эдик», дейди.
Ибн Асокир келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майда тошчаларни кафтларига олганда қўлларида тасбеҳ айтди. Биз тасбеҳни эшитдик. Сўнгра уларни Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қўлига қўйдилар. Тасбеҳ айтди. Бизнинг қўлларимизга берилганда тасбеҳ айтмади».
Имом Табароний «Ал-Авсат» китобида, Баззор ва Байҳақий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан худди шунга ўхшаш ривоятни келтирган. Унда: «Тошчалар Умар ва Усмоннинг кафтларида ҳам тасбеҳ айтди», дейилган қўшимча бор.
Имом Термизий ва Доримий келтирган ривоятда Али розияллоҳу анҳу айтади: «Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот бир тарафга қараб кета бошладилар. Йўлларида дуч келган ҳеч бир дарахт, тоғу тош йўқки, «Сизга салом бўлсин, ё Расулуллоҳ», демаган бўлса». Ибн Исҳоқ: «Бу ҳолат у зотга пайғамбарлик келиши арафасида бўлган», дейди.
Имом Муслим Жобир ибн Самурадан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маккада менга салом берган тошни аниқ биламан», деганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Жаброил алайҳиссалом менга рисолатни олиб келган пайтда қайси бир дарахт ёки тош олдидан ўтсам, улар менга: «Сизга салом бўлсин, ё Расулуллоҳ», дер эди».
Имом Байҳақий келтирган ривоятда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайси тош ёки дарахт олдидан ўтмасинлар, албатта улар у зотга сажда қилар эди». Бу жойда сажда қилиш бўйсуниш маъносида келган. Улар салом бериш билан у зотга бўйсунганларини изҳор қилган.
Имом Байҳақий шундай ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббос ва унинг болаларини[2] чойшабга ўраб, уларнинг ҳақларига дўзахдан паноҳ тилаб, дуо қилдилар. Ўшанда эшикнинг остонаси ва уйнинг деворлари «омин, омин» деб турди».
Имом Аҳмад, Бухорий, Термизий ва Ибн Можа келтирган ривоятда Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон Уҳуд тоғига чиқдилар. У тебрана бошлади. Шунда у зот: «Қимирлама, Уҳуд. Сенинг устингда набий, сиддиқ ва икки шаҳид турибди», дедилар».
Имом Байҳақий ва Баззор келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Байтуллоҳнинг атрофида оёқлари тошга қўрғошин билан қотирилган уч юз олтмишта бут-санамлар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни кириб келдилар. Қўлларидаги таёқ билан бут-санамларга ишора қилар, лекин теккизмас эдилар. «Ҳақ келди, ботил йўқ бўлди. Зотан ботил йўқ бўлувчидир»[3], дер эдилар. Қайси бутнинг юзига ишора қилсалар, ерга қулаб тушар, бўйнига ишора қилсалар, юз тубан ағдарилар эди. Охир-оқибат ағдарилмаган санам қолмади»[4].
Имом Термизий ва Байҳақийнинг ривоятида пайғамбарликдан олдин роҳиб[5] билан бўлиб ўтган воқеа келтирилган. Айтилишича, у зот амакилари Абу Толиб билан бирга Шомга тижорат сафарига чиққан эдилар. Одатда роҳиб ибодатхонасидан чиқиб ҳеч кимни қарши олмас эди. Бироқ бу сафар карвон олдига бориб кимнидир қидира бошлади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан тутиб: «Бу оламлар саййиди. Аллоҳ уни оламларга раҳмат қилиб юборади», деди. Қурайш улуғлари «Қаердан биласан?» дейишди. У: «Биронта дарахт ҳам, тош ҳам қолмасдан унга сажда қилди. Улар пайғамбардан бошқага сажда қилмайди», деди.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[1] Исро сураси, 44-оят.
[2] Абдуллоҳ, Убайдуллоҳ, Фазл ва Қусам розияллоҳу анҳум.
[3] Исро сураси, 81-оят.
[4] Шунга ўхшаш ривоятни имом Бухорий ва Муслим Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
[5] Манбаларда роҳибнинг исми Баҳийро деб келтирилади.