22 жумадул аввал 1446
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маърифатлари, дунёвий ва ухровий илмлари

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда жуда кўп илм-маърифатни жамлаган, у зотни дунё ва охиратда манфаат берадиган ишлардан хабардор қилган, ибодат ва муомалага боғлиқ шариат кўрсатмаларини, бошқаришни ўргатган эди. Одам Атодан то ўзларининг замонларигача яшаб ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг аҳволларини билишлари у зотнинг мўъжизаларидан эди. У зотнинг илмлари аҳли китобларнинг ҳолатларини, китоблари ва шариатларини, турлича қарашларини, улар яширган ва ўзгартирган нарсаларни, ҳар бир гуруҳ билан баҳс-мунозара олиб бориб, ўзларининг китобларида келган маълумотлар билан раддия беришни қамраб олган эди. У зот арабларнинг сўзларини, уларнинг тарихларини, шеърларини, араб тилидаги нодир сўзларни яхши билар, оз сўзлар билан кенг маъноларни ифодалаш, мушкулни баён қилиш, шариат қоидаларини изоҳлашга моҳир эдилар. Аллоҳ таоло: «Агар у (Қуръон) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўп қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар»[1], деган.

У зот келтирган шариат энг афзал ва юксак назмда бўлиши билан бирга гўзал ахлоқларни, мақтовли одобларни, барча чиройли хислатларни ўз ичига олган эди. Агар иймонсиз бўлсалар ҳам, ақл эгалари бу ҳақиқатларни тан олганлар. Жоҳилият давридаги кофирлар ҳам у зот даъват қилаётган ишларни эшитгач, ҳужжат-далил сўрамасдан тўғрилигини маъқуллаганлар. Ким инкор қилган бўлса, душманчилик, адоват юзасидан инкор қилган. У зот одамларга пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопокларини ҳаром қилдилар. Инсон ҳаётини, обрў-эътиборини, мол-мулкини ҳимоя қилдилар. Динларида шаръий қонун-қоидалар, дунёвий ва ухровий жазолар тайин қилинди. Тиббиёт, фароиз, ҳисоб, туш таъбири, насабшунослик каби турли фан ва соҳа вакиллари у зотнинг сўзларини ҳужжат деб билдилар.

У зот туш таъбири тўғрисида: «Туш биринчи таъбир қилувчиникидир»[2], деганлар. Яъни ўткир фаросат соҳиби таъбир қилиш шартлари ва қоидаларига амал қилган ҳолда таъбир қилса, туш унинг айтганидек юзага чиқади.

Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туш уч хил бўлади: рост туш, киши кўрадиган алғов-далғов туш, шайтондан бўлган хафа қилувчи туш», деганлар. Рост туш воқеликка тўғри келадиган тушдир. Алғов-далғов туш уйқудаги хаёллардир. У қуруқ ўй-тасаввурлардан бошқа нарса эмас. Гоҳида кўрган туши ғам чекишига, маҳзун бўлишга сабаб бўлиши мумкин. Бундай туш шайтондандир. Имом Муслим келтирган ривоятда шундай дейилади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Тушимда бошим кесилганини кўрдим», деди. У зот: «Қачонки шайтон бирингизга тушида озор берса, уни одамларга айтмасин», дедилар. Бошқа ривоятда: «Бирингиз тушида ўзи яхши кўрган нарсани кўрса, Аллоҳга ҳамд айтсин, ёқтирмаган нарсани кўрса, унинг ёмонлигидан паноҳ сўрасин ва ҳеч кимга айтмасин. Бу унга зарар бермайди», деганлар.

Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «қиёмат яқинлашса, мўминнинг туши деярли ёлғон чиқмайди», дедилар». Яъни охират яқинлашганда мўминларнинг тушлари рост ва тўғри чиқади.

Тиб борасида у зотнинг айтганларидан айрим намуналар келтирамиз.

Имом Дорақутний[3] Анас розияллоҳу анҳудан, Ибн Сунний ва Абу Нуъайм Али, Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳумодан келтирилган ривоятда: «Ҳар бир дарднинг асли овқатнинг ҳазм бўлмаслигидир»[4], дейилган.

Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар даволанадиган нарсанинг энг яхшиси бурунга қуйиладиган, ичиладиган дори, қон олдириш ва ични суришдир», деган эканлар.

Имом Ҳоким Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қон олдиришнинг яхшиси ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлардир», деганлар.

Имом Бухорий Умму Қасдан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам: «Уди ҳиндийда еттита шифо бор. Шулардан бири зотилжамга ҳам», деган эканлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмайди. Ҳеч чораси бўлмаса, унинг учдан бирини таоми учун, учдан бирини ичимлиги учун ва учдан бирини нафаси учун ажратсин»,[5] деганлар.

Насаб илми арабларга хос илмлардан ҳисобланади. Имом Аҳмад ва Термизий келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Сабаъ ҳақида «У ким, эркакми, аёлми ёки бир ернинг номими?» деб сўрашди. У зот: «У эркак киши. Унинг ўн фарзанди бўлган. Улардан олтиси Яман томонган кетиб, ўша жойни ватан тутиб яшаган. Тўртови Шом томонга кетиб, ўша ерда яшаб қолишган», деганлар.

Амр ибн Мурра айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Маъд қабиласидан бўлса турсин», дедилар. Мен турдим. У зот: «Сен ўтир», дедилар. Мен: «Биз кимларданмиз?», дедим. У зот: «Сизлар Қузоа ибн Молик ибн Ҳимярдансизлар», дедилар[6].

Имом Бухорий ва Муслим Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, замон Аллоҳ осмонлар ва ерни яратган кундаги тартибига қайтди»[7], дедилар. Яъни уруш ҳаром қилинган ойлар олдин қайсилар бўлса, ўшандай бўлади. Жоҳилият аҳлининг ўзгартиришлари барҳам топди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масофа илмига тааллуқли қуйидаги ҳадислари бор: «Унинг томонлари баробардир»[8]. Яъни узунлиги энидан ортиқ эмас, томонлари тенг (квадрат).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларни жамлашга тегишли қуйидаги ҳадислари бор: «Ўнта тасбеҳ айтасан, ўнта ҳамд айтасан, ўнта такбир айтасан, жами ўттизта бўлади. Бир яхшиликка унинг ўн мислича савоб берилади. Булар тилда бир юз элликта[9], мезонда бир минг беш юзта»[10].

 

У зот томонларни белгилаш ҳақида: «Машриқ ва мағриб ораси қибладир»[11], деганлар. Бу ҳадис Мадина аҳли учун айтилган. Бундан қибла Каъбанинг ўзи эмас, унинг томони эканлигини билиб олиш мумкин.

Отларни ажрата олиш, уларни бир-биридан фарқлаш тўғрисида Уяйна ибн Ҳисн ёки Ақраъ ибн Ҳобисга: «Отни мен сендан кўра яхшироқ биламан», деганлар.

Имом Термизий келтирган ривоятда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам котибларидан бирига: «Қаламни қулоғингга қўйиб ол. Чунки бу айтиб турувчига эслатади», дедилар». Маълумки, у зот ўқиш ва ёзишни билмас эдилар. Лекин барча илмлардан хабардор бўлганлар. Хусусан, ҳарфлар ва уларнинг шакл ва тузилишини яхши билар эдилар. У зотнинг «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим»ни ёзганингда ундаги «син» ҳарфини аниқ билдир»[12] деган сўзлари шунга далолат қилади. Ҳадис ровийларининг бирортасидан у зотнинг қўл билан ёзганлари собит бўлмаган. Бундан ёзув илмини билмаганликлари келиб чиқмайди. Балки илоҳий ҳикмат тақозосига кўра у зот ўқиш ва ёзишдан ман қилинган эдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Сен илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдинг ва қўлинг билан хат ҳам ёзган эмас эдинг. Акс ҳолда, бузғунчилар албатта шубҳага тушган бўлар эдилар»[13]. Яъни агар сен ўқиш ва ёзишни билганингда ботил аҳли «ўзи тўқиб чиққан» деб шубҳа қилишар эди.

Ҳар бир ўқиш ва ёзишни билган, ўзини дономан деганлар уриниб, бу Китобнинг кичик бир сурасига тенг келадиган сурани ярата олмадилар-ку. Демак, саводсиз инсоннинг қўлида бундай нурнинг порлаши, бундай ишларнинг юзага келиши очиқ-ойдин мўъжизадан бошқа нарса эмас.

Арабларнинг насаб, ўтмишда ўтганларнинг қиссалари, шеър ва баён соҳасидаги билимдонликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмлари олдида денгиздан бир томчи ҳам бўлмай қолади.

Мушрик ва кофирларнинг Қуръонга қарши раддиялари «ўтганларнинг афсоналари» дейишдан бошқа нарса бўлмаган. Чора қидириб кўриб, топган баҳоналари шу бўлди. Наҳл сурасининг 103-оятида: «Албатта, (Биз) уларнинг: «Унга (Муҳаммадга Қуръонни) бирор одам ўргатмоқда», деяётганларини биламиз. (Лекин) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (арабий эмас), бу (Қуръон) эса аниқ арабийдир», дейилган.

Улар Расулуллоҳга Қуръонни Салмон Форсий ёки румлик қул Ҳувайтиб ибн Абдул Уззо ўргатяпти, деб гумон қилишди. Ҳолбуки, Салмон розияллоҳу анҳу у зотни ҳижратдан кейин, жуда кўп оятлар нозил бўлгандан кейингина таниди. Қандай қилиб Салмон розияллоҳу анҳу ўргатган деб шубҳаланиш мумкин? Ҳувайтиб Румийнинг ҳам она тили арабча эмас эди. Арабча гапирганда камчиликлар кўзга ташланарди. Пайғамбар алайҳиссалом билан манаман деган сўз усталари, балоғат ва фасоҳат аҳли, машҳур хатиблар баҳслаша олмай, ожиз қолдилар. Душман сони кўп, ҳасад ва адоват кучли эди. Улар Қуръондан устун келиш, ҳеч бўлмаса у билан тенгма-тенг беллашишга ўта ташна эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам араб диёрларидан ташқарига икки мартадан ортиқ чиқмаган эдилар. Икки сафар ҳам жуда тез изларига қайтганлар. Бу вақт ичида озгина илм ҳам ўрганиб бўлмасди. Қандай қилиб бу қадар кўп илмни ўзлаштириш мумкин? Бунинг устига сафарда у зотга қавмининг кишилари, дўстлари, қариндошлари ҳамроҳ бўлишган. Улардан айрилиб, қаёққадир ғойиб бўлмаганлар. Маккада яшаган вақтлари араб ёки бошқа юртлик муаллимдан, мунажжим, коҳин ёки роҳибдан илм ўрганмаганлари аниқ.

Бу далиллар бўлмаганда ҳам биргина Қуръони Каримнинг мўъжизавийлиги ҳамма гумонларни парчалаб, тахминларга чек қўйиб, барча ишларга ойдинлик киритишга етарлидир.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Нисо сураси, 82-оят.

[2] Имом Ибн Можа Анас ибн Моликдан ривоят қилган.

[3] Имом Дорақутний «Ал-Илал» номли китобларида заиф деганлар.

[4] Бу ривоят Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ҳам мурсал ҳолда ривоят қилинган.

[5] Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким Миқдод ибн Мадийкарибдан ривоят қилган 

[6] Имом Аҳмад, Абу Яъло, Баззор ва Табароний Амр ибн Мурра Жуҳанийдан ривоят қилган.

[7] Ҳижратнинг тўққизинчи йилида видолашув ҳажида қилган хутбаларида кўп васиятлари қаторида жоҳилият даврида араблар жорий қилган ҳаром ойларни бошқа ойларга кўчириш қоидаси бекор бўлганини ҳам таъкидлаб ўтганлар.

[8] Имом Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда «Ҳавзи кавсар»нинг сифати ҳақида айтганлар.

[9] Мазкур калималар беш вақт намоздан кейин айтилса, йиғиндиси бир юз элликта бўлади.

[10] Имом Абу Довуд ривоят қилган.

[11] Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

[12] Имом Доримий Зайд ибн Анасдан ривоят қилган. 

[13] Анкабут сураси, 48-оят.

 

04:05 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...