Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари бошқа пайғамбарларнинг мўъжизаларидан ўзининг икки жиҳати билан ажралиб туради. Биринчиси Қуръони Карим мўъжизаси бўлса, иккинчиси у зот мўъжизаларининг кўплиги ва ёрқинлигидир. Қайси пайғамбарга бир мўъжиза берилган бўлса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга унга ўхшаши ёки ундан каттароғи берилган. Уламолар мана шу жиҳатга эътибор қаратиб айтадиларки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни башариятнинг отаси қилиб яратган бўлса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўксларини очган. Аллоҳ таоло Идрис алайҳиссаломни олий маконга кўтарган бўлса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни дунё осмонидан юқорига – Меърожга олиб чиққан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари кўп эди. Қуръони Карим бошидан охиригача тўлиқ мўъжиза. Муҳаққиқ уламолар наздида Кавсар сураси каби уч оятли қисқа бир сура ёки шу миқдордаги битта оят мўъжиза бўлади, дейдилар. Чунки Аллоҳ таоло: «..унга ўхшаш бир сура келтиринглар...»[1], деган. Баъзилар қисқами, узунми – қандай бўлишидан қатъий назар, Қуръоннинг ҳар бир ояти мўъжизадир, агарчи бир ёки икки калимадан иборат бўлса ҳам, дейдилар.
Қуръони Каримнинг мўъжизавийлиги унинг балоғати ва назми билан эканини олдин ҳам айтиб ўтган эдик. Кўпинча, битта суранинг ўзида мазкур икки хусусият билан бирга ғайб илмига тегишли хабарлар ҳам мужассам бўлади. Бундай хабарларнинг ўзи алоҳида мўъжиза ҳисобланади. Натижада мўъжизалар сони янада кўпаяди. Қуръони Каримдан ташқари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан содир бўлган ҳадиси шарифлар, мўъжизалар ва ғайб ҳақидаги хабарларни ҳам санаб адоғига етиш қийин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва васалламнинг мўъжизалари очиқ-ойдин эди. Бошқа пайғамбарларнинг мўъжизалари ўз замонларидаги шароит ва вазиятга мувофиқ тушарди. Мусо алайҳиссалом даврида сеҳр авж олган эди. Аллоҳ таоло у зотни замондошлари даъво қилган нарсанинг жинсидан бўлган, лекин уларнинг қудрати етмайдиган, уларникини йўққа чиқарадиган мўъжизалар билан қўллаб-қувватлади. Ийсо алайҳиссалом замонларида тиб илми юксалган эди. Аллоҳ таоло у зотга ўликларни тирилтириш, туғма кўр ва моховларни муолажасиз даволаш каби улар ожиз қоладиган мўъжизаларни берди. Бошқа пайғамбарларга ҳам ўз замондошларининг илмига қараб мўъжизалар ато этди.
Аллоҳ таоло Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборганда арабларнинг илм-маърифатлари, жузъий ва умумий билимлари тўрт нарсадан иборат эди: балоғат, шеър, хабар[2] ва коҳинлик[3]. Аллоҳ таоло Расулига нозил қилган Қуръон мазкур тўрт турнинг ҳар бирида етиб бўлмас даражада юксакликда эди. Қуръонннинг балоғати, фасоҳати, қисқалиги уларнинг сўзлашиш услубига ўхшамас эди. Қуръоннинг ажойиб назмини, ўзига хос баёний йўналишидаги сирни араб нотиқлари, сўз усталари, хатиблари ва шоирлари тушуна олмай ҳайратда қолишди. Унинг ифода этиш йўли қайси вазнга тушишини била олмасдилар. Қуръон келажакда бўладиган ишлар, воқеа-ҳодисалар, яширин ва беркитилган сирлардан хабар берди. Унинг хабарлари рост ва тўғрилигини барча эътироф этди. Кези келганда энг ашаддий душманлар ҳам тан олди.
Қуръон лафзи бир марта тўғри, ўн марта ёлғон чиқадиган коҳинликни бекор қилди. Унинг илдизини учар юлдузлар билан маҳв этди. Қуръон мозий хабарлари, ўтган умматлар, йўқолиб кетган халқлар ҳамда пайғамбарлар қиссалари ҳақида батафсил сўз юритади.
Юқорида санаб ўтилган қуръоний мўъжиза турлари қиёмат кунигача боқий бўлиб, асрлар оша келадиган ҳар бир авлод учун ёрқин ҳужжат бўлади. Замонлар ўтган сари Қуръон хабар берган, Расулуллоҳ айтган сўзларнинг тасдиғи намоён бўлаверади. Иймон янгиланаверади, далиллар бир-бирини қувватлайверади. Кўз билан кўрган вақтда мўминларнинг ишончлари ортиб, кўнгиллари хотиржамлик топаверади.
Қолган пайғамбарларнинг мўъжизалари вафот этишлари билан тўхтаб қолди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломники эса Қуръони Карим сабабли абадий давом этади, йўқолмайди. У зот ўзларининг ушбу ҳадисларида шунга ишора қилганлар: «Бирор бир пайғамбар йўқки, уларга берилган мўъжизаларнинг ўхшашларига инсонлар иймон келтирмаган бўлса. Менга берилган мўъжиза Аллоҳнинг менга ваҳий қилган ваҳийидир. Қиёмат куни улар орасида эргашувчиси энг кўпи мен бўлишимни умид қиламан».
Қуръон арабларни энг қисқа сурага ўхшаш сура келтиришга чақирганига мана қанча даврлар ўтди. Ундан бери илмлар тури, олимлар ва файласуфлар кўпайди. Янги фанлар кашф қилинди. Илмий изланишлар, танқид ва таҳлил ривож топди. Бироқ инсоният унга ўхшаш бир сура тўқиб чиқара олмади. Инсонларга жинлар ва бошқалар ёрдам берсалар ҳам, ҳеч қайсисининг қўлидан ҳеч бир иш келмайди, чунки Аллоҳ таоло: «Агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унга ўхшашини келтира олмаслар», деб айт»[4], деган.
Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи ва юборган ваҳийидир. Аллоҳ таолога бирор нарса ўхшамайди. Яратувчининг сифатлари, илми, ҳикмати, қудрати ва баёни худди Унинг Ўзи каби ўхшаши йўқдир.
«Шамоилу мустафо» китобидан