Маълумки, ким бировни яхши кўрса, уни ўзидан ҳам ортиқ кўради, унинг айтганига мувофиқ иш тутишга ҳаракат қилади. Акс ҳолда, унинг муҳаббатини ҳақиқий деб бўлмайди. Бундайлар муҳаббат даъвосини қилувчилар ҳисобланадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни чиндан ҳам яхши кўрувчиларда бунинг аломатлари мавжуд. У зотга эргашиш, суннатларига амал қилиш, сўзлари ва амалига эргашиш, буйруқларига бўйсуниш, қайтарганларидан қайтиш, барча ҳолатда хулқлари билан хулқланиш ана шулар жумласидандир. Аллоҳ таолонинг «Айт: «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир»[1] деган сўзи шунга далилдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш у зотнинг кўрсатмаларини ўзининг нафсоний истакларидан, ҳой-ҳавасидан устун қўйишни тақозо этади. Бу ҳукм барча амалларга тааллуқли бўлиб, фарз, вожиб, мустаҳаб, ҳаром, макруҳ, мубоҳ ва бошқаларни ўз ичига олади, чунки Аллоҳ таоло мадиналик ансорий саҳобалар ҳақида: «Улардан илгари диёрда яшаган ва иймонни сақлаганлар эса ўзларига ҳижрат қилиб келган кишиларни яхши кўрадилар ва дилларида уларга берилган нарса сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда муҳтож бўла туриб, (муҳожирларни) ўзларидан ортиқ кўрурлар. Ким ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топувчилардир»[2], деган. Яъни ўзлари оч ва ўта ҳожатманд бўлсалар ҳам, муҳожир дўстларига мурувват кўрсатадилар. Икки ҳовлиси ёки боғи бор ансорийлар энг яхшисини муҳожирларга раво кўрарди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббат бандалар норози бўлсалар ҳам, Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилишга ундайди. Ким Аллоҳ таолонинг розилигига эришса, Аллоҳнинг Ўзи бандаларни ундан рози қилади.
Имом Термизий Саъд ибн Мусаййибдан ривоят қилади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй ўғилгинам! Агар қалбингда бирор кимсага гина-адоват сақламаган ҳолда тонг оттириш ва кеч киришига қодир бўлсанг, шундай қил. Эй ўғилгинам! Бу менинг суннатим. Ким менинг суннатимни тирилтирса, мени яхши кўрибди. Ким мени яхши кўрса, жаннатда мен билан бирга бўлади».
Кимда юқорида зикр қилинган аломатлар топилса, улар Аллоҳ ва расулига нисбатан комил муҳаббат соҳиблари саналадилар. Улардан айримларига эга бўлган кишиларнинг муҳаббатида нуқсон бор. Лекин уларни муҳаббатсиз одамлар деб айта олмаймиз. Бунга имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хамр (маст қилувчи ичимлик) ичгани учун олиб келинди. У тўрт ёки беш дарра урилди. Қавмдан бир киши: «Унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Ёки Аллоҳ хор қилсин» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни лаънатламагин, чунки у Аллоҳ ва расулини яхши кўради»[3], дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўп эслаш у зотни яхши кўриш белгисидир, чунки ким бир нарсани яхши кўрса, фикру зикри ўша нарсада бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишга қаттиқ ташналик ҳам у зотга бўлган муҳаббат аломатидир, чунки ҳар бир севувчи севиклиси билан учрашишни ич-ичидан истайди.
Абу Мусо Ашъарий ва дўстлари Мадинаи мунавварага келаётганларида: «Эртага дўстларга: Муҳаммад ва асҳоблари билан учрашамиз», деб ҳиргойи қилишарди. Ҳазрати Билол вафотидан, Аммор розияллоҳу анҳу қатл қилинишидан олдин шунга ўхшаш сўзни айтганликлари ривоят қилинган.
Кўп эслаш билан бирга улуғлаш, номлари ёки сифатларини эшитганда ўзини синиқ ва хокисор тутиш ҳам муҳаббат аломатларидандир. Абу Исҳоқ Тужийбий айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари у зотнинг вафотларидан кейин эслаганларида ўзларини синиқ тутар ва баданлари титраб, йиғлаб юборишар эди. Тобеъинларнинг ҳам кўпчилигида ҳам шундай ҳолат кузатилар эди. Уларнинг баъзилари Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббати ва соғинчи, айримлари у зотга нисбатан чексиз ҳурмат-эҳтироми туфайли шундай қилар эди».
Пайғамбар соллаллаҳу алайҳи васаллам яхши кўрган инсонларни, аҳли байтларини, муҳожир ва ансорлардан иборат саҳобаларни яхши кўриш у зотга бўлган муҳаббат аломатларидандир, чунки ким бировни яхши кўрса, унинг яхши кўрганларини ҳам яхши кўради, ёмон кўрганларини ёмон кўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо ҳақларида: «Ё Аллоҳ! Мен бу иккисини яхши кўраман, Сен ҳам уларни яхши кўр!»[4], деганлар. Бошқа ривоятда келтирилишича: «Ким иккисини яхши кўрса, мени яхши кўрибди. Ким мени яхши кўрса, Аллоҳни яхши кўрибди. Ким уларни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди. Ким мени ёмон кўрса, Аллоҳни ёмон кўрибди», деган эканлар.
Имом Термизий келтирган ривоятда Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ёлғиз ўзлари ҳақида: «Ё Аллоҳ! Мен уни яхши кўраман. Уни яхши кўрадиганларни Сен ҳам яхши кўр!» деганлар.
Имом Термизий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асҳобларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар. Мендан кейин уларни нишон қилиб олманглар. Менга муҳаббати туфайли уларни яхши кўрганларни мен ҳам яхши кўраман. Мени ёмон кўргани учун уларни ёмон кўрганларни мен ҳам ёмон кўраман. Ким уларга озор берса, менга озор берибди. Ким менга озор берса, Аллоҳга озор берган бўлади[5]. Аллоҳга озор берган кимсани У Зот тезда (азоб билан) тутади», деганлар.
Имом Бухорий ва бошқалар келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ҳақларида: «Албатта, у менинг бир бўлагимдир. У ёмон кўрган нарсани мен ҳам ёмон кўраман», деганлар.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[3] Ушбу ҳадисда аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг осий ва катта гуноҳ қилган мўминлар кофир деб ҳукм қилинмайди, деган эътиқодига очиқ-ойдин далил бор.
[4] Имом Бухорий ривояти.
[5] Аллоҳга озор бериш Унинг амрига хилоф қилиш маъносидадир.