24 жумадул аввал 1446
Вафотларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш, эъзозлаш ҳаётлик вақтларида қанчалик зарур бўлса, вафотларидан кейин ҳам худди шундай зарурдир. Ҳар сафар номлари тилга олинганда, ҳадислари айтилганда, суннатлари ва сийратлари эшитилганда, аҳли байтлари, зурриётлари ва саҳобалари зикр қилинганда мусулмон киши ўз қалбида у зотга нисбатан ҳурмат-эҳтиром туйғусини ҳис этиши лозим.

Абу Иброҳим Тужийбий айтади: «Ҳар бир мўмин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини эслаганида ёки бировдан эшитганида зоҳиран ва ботинан ўзини хокисор, жиддий, оғир-вазмин тутиб, гўёки у зотнинг ҳузурларида турибман деб тасаввур этиши, одоб сақлаши керак бўлади». Бу салафи солиҳлар ва ўтган имомларимизнинг одатлари ва ахлоқлари эди.

Имом Ҳоким ва бошқалар келтирган ривоятда Ибн Ҳумайд айтади: «Мўминларнинг амири Абу Жаъфар Мансур Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида имом Молик билан мунозара қилди. Имом Молик унга: «Эй мўминларнинг амири! Бу масжидда овозингизни баланд кўтарманг, чунки Аллоҳ таоло бир қавмга: «Овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан баланд кўтармангиз»[1], деб одоб ўргатди. Бир қавмни эса «Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган кишилар – ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилганлардир. Улар учун мағфират ва улкан мукофот бордир»[2], деб мақтади. Яна бир қавмни «Албатта, ҳужралар ортидан туриб, сени чақираётганларнинг кўплари ақл ишлатмаслар»[3] деб ёмонлади. У зотнинг вафотларидан кейин ҳам ҳурматлари худди тириклик чоғларидагидекдир», деди. Абу Жаъфар у кишининг сўзларидан таъсирланиб: «Эй Абу Абдуллоҳ! Қиблага юзланиб дуо қилайми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгами?» деди. Имом Молик: «Нега Пайғамбарингиздан юзингизни бурар экансиз? Ахир у зот қиёмат кунида сизнинг ва отангиз Одам алайҳиссаломнинг Аллоҳ ўртасидаги воситачингиз-ку! У зотга юзланиб, шафоатларини сўранг. Аллоҳ у зотнинг шафоатини қабул қилади. Аллоҳ таоло: «Агар улар ўзларига зулм қилгач, дарҳол сенга келишиб, Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва расул ҳам улар учун кечирим сўраганда, Аллоҳни кечирувчи ва раҳмли эканини билган бўлур эдилар»[4], деган», – деди».

Имом Моликдан Айюб Сахтиёний ҳақида сўрашганда: «Сизларга кимдан ҳадис ривоят қилган бўлсам, Айюб ундан афзалдир. У икки марта ҳажга келди. Ҳар гал уни диққат билан кузатдим. Ундан қайси ҳадисни эшитган бўлсам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинганда йиғлар, кўп йиғлаганидан унга раҳмим келар эди. Унинг шу хислатини кўриб, ундан ҳадис ёздим», деди.

Мусъаб ибн Абдуллоҳ айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганда имом Моликнинг ранги ўзгарар ва энгашар эди. У кишининг бу ишлари суҳбатдошларига оғир ботар эди. Бир куни ўзларидан бунинг боисини сўрашганда: «Мен кўрган нарсани кўрганингизда бу ҳолатимни инкор қилмаган бўлардингиз», деди. Яъни Расулуллоҳнинг мақом-мартабалари қанчалик баландлигини мен каби билганингизда, ҳолатим ўзгарганидан сира ажабланмаган бўлардингиз.

Мусъаб ибн Абдуллоҳ айтади: «Муҳаммад ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳни кўрдим. Қориларнинг саййиди эди. Қачон ҳадис ҳақида сўрасак, шундай йиғлар эдики, ҳатто раҳмимиз келар эди. Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳни ҳазилкаш, сертабассум қиёфада кўрар эдим. Ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилга олинса, бирдан ҳолати ўзгарар эди. Бирор марта таҳоратсиз ҳадис ривоят қилганини билмайман. Кўп вақт у киши ҳузурларига қатнадим. Қачон борсам, уч ҳолатдан бирида кўрар эдим. Ё намоз ўқиётган, ё сукут сақлаган, ё Қуръон тиловат қилаётган бўлар эди. Фойдасиз гапларни сўзламас эди. Илм ва амални жамлаган, ҳой-ҳавас ва узун орзуни тарк қилган, Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган уламо ва обидлардан эди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари тилга олинганда Абдурраҳмон ибн Қосим раҳматуллоҳи алайҳнинг рангида ранг қолмай, тили оғзига ёпишиб қолгандек ҳолатга тушар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганда Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр то кўз ёшлари қолмагунча ҳўнграб йиғлар эди.

Ибн Шиҳоб Зуҳрий хушчақчақ ва ҳар ким билан дўстлашиб кетаверадиган одамшаванда киши эди. Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилга олинса, сен уни, у сени танимагандек ўзларини виқорли тутар эди.

Сафвон ибн Сулайм ғайратли обидлардан эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эсланганда кўп йиғлайверганидан одамлар раҳми келиб, олдидан туриб, кетиб қолишар эди.

Ривоят қилинишича, Қатода раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис эшитса, безовталаниб, овоз чиқариб йиғлаб юборар экан.

Имом Моликнинг атрофида одам кўпайиб кетганда: «Ҳамма эшитиши учун баланд овозли бир етказиб турувчини тайин қилсангиз бўларди», деб таклиф қилишди. У киши: «Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан баланд кўтармангиз», деган. У зотнинг ҳурматлари ҳаётликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам баробардир», дея кўнмаган экан.

Ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳ гоҳида кулишиб турар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари айтилса, ўзларини вазмин ва жиддий тутар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ўқилганда Абдурраҳмон ибн Маҳдий одамларга жим бўлишни буюрар ва: «Овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан баланд кўтармангиз», дер эди. Бу оят у зотнинг ҳадисларини худди бевосита ўзларидан эшитаётгандек жим бўлиб тинглаш лозим деб тафсир қилинади.

Юқорида тобеъинлар ва уларга эргашган салафи солиҳларнинг Пайғамбар алайҳиссаломни кўрмай туриб, у зотга қанчалар муҳаббат қўйганликларига ва улуғлаганликларига гувоҳ бўлдик. Албатта, бу чақмоқдек ялтираган иймоннинг самарасидан ўзга нарса эмас.

«Шамоилу мустафо» китобидан


[1] Ҳужурот сураси, 2-оят.

[2] Ҳужурот сураси, 3-оят.

[3] Ҳужурот сураси, 4-оят.

[4] Нисо сураси, 64-оят.

 

17:28 / 02.04.2018
Аввалги мақола
Ражаб ойининг 15-куни
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...