30 рабиъус сони 1446
Макка ва Мадинанинг фазилатлари

Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавваранинг ҳар бири ўзига хос катта фазилатларга эга. Энг муҳими, у жойларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлганлигидир.

Мадинаи мунавваранинг фазилатларидан бири у жойни маскан тутувчи Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатларига мушарраф бўлишидир. Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мадинанинг қийинчилиги ва шиддатига ким сабр қилса, унинг учун қиёмат кунида гувоҳ ёки[1] шафоатчи бўламан», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинанинг қийинчилигини кўтара олмай бошқа жойга кўчиб кетганлар ҳақида: «Агар билсалар, Мадина улар учун яхшироқдир»[2], деганлар. Яъни ундаги хайрни билганларида ундан айрилмас эдилар.

Имом Бухорий ва Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мадина босқонга ўхшайди. У ўзидаги кирни кетказиб, покка сайқал беради»[3], дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ким икки Ҳарамдан бирида ҳаж ёки умра қилаётиб ўлса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло уни тирилтирганда ҳисоб-китоб қилинмайди ва унга азоб ҳам йўқ»[4], дея келтирилган.

Маккаи мукарраманинг фазилатлари ҳам жуда кўп. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка(Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят бўлмиш(Каъба)дир. Унда аниқ аломатлар – Мақоми Иброҳим бордир. Унга кирган киши омонда бўлур»[5], деган.

Баъзи муфассирлар оятдаги «омонда бўлур» деган жумлани «дўзахдан омонда бўлади» деб тафсир қилишган. Жоҳилият даврида кимда-ким Ҳарами шариф чегарасидан ташқарида бир жиноят қилиб, унга кириб олса, модомики унинг ичида экан жазоланмаган, лекин унга егулик ва ичишга ҳеч нарса берилмаган. Натижада ташқарига чиқишга мажбур бўлган. Чиққач, қилмишига қараб қасос олинган.

Аллоҳ таоло бошқа оятда: «Биз Байт(Каъба)ни одамлар учун зиёратгоҳ ва хавфсиз жой қилиб қўйдик»[6], деган. Маккаи мукаррама ҳаж ва умра ибодатлари адо этиладиган муборак макондир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага қараб: «Марҳабо сенга, эй Байтуллоҳ. Қанчалар улуғсан. Ҳурматинг қанчалар буюк»[7], деган эканлар.

Ҳасан Басрийнинг Макка аҳлига ёзган мактубларида: «Макканинг Ҳарам ҳудудида, Каъбада, Ҳажарул асвад жойлашган рукнида, Ҳажарул асвад билан Каъба эшиги орасида ҳамда Каъба тарнови остида дуо мустажоб бўлади» деб келтирилган.

Дайламий ва Ибн Нажжор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишича: «Ким Байтни тавоф қилса, Мақом орқасида икки ракъат намоз ўқиса, замзам сувидан ичса, Аллоҳ таоло қанчалар кўп гуноҳи бўлса ҳам, уларни кечиради»[8], дейилган. Агар бу ривоят саҳиҳ бўлса, кичик гуноҳларнинг кечирилишига йўйилади, чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, савобли амаллар ёмонликларни кетказади»[9], деган. Бу оят кишининг қилган савобли ишлари унинг кичик гуноҳларни ювиб юборишига далолат қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Мана бу Мултазам(Ҳажарул асвад билан Каъба эшиги ораси)да ким нимани дуо қилса, мустажоб бўлади», деганларини эшитдим». Мен Расулуллоҳнинг шу сўзларини эшитганимдан бўён Мултазамда нимани сўраб дуо қилган бўлсам, албатта ижобат бўлган»[10].

Ушбулар Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавваранинг фазилатлари ҳақидаги қисқача маълумотлар, холос.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] «Ёки» сўзи бу ерда итоаткор кишилар учун гувоҳ, осийлар учун шафоатчи бўламан, деган маънода келган.

[2] Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

[3] Ҳадиснинг ворид бўлиш сабаби бор. Пайғамбар алайҳиссаломга байъат қилган бир аъробийга Мадинанинг безгаги тегди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб: “Байъатимни бекор қилинг”, деди. У зот бош тортдилар. Сўнг яна келиб, шу гапини айтди. У зот яна бош тортдилар. Кейин аъробий Мадинадан чиқиб кетиб қолди. Ўшанда мазкур ҳадисни айтган эканлар.

[4] Имом Байҳақий «Сунан»ида келтирган. Дорақутний Оиша онамиздан заиф санад билан ривоят қилган.

[5] Оли Имрон сураси, 96–97-оятлар.

[6] Бақара сураси, 125-оят.

[7] Имом Табароний ривояти. Бу сўзни Макка фатҳида айтган бўлишлари мумкин. Аллоҳ билгувчидир.

[8] Саховий саҳиҳ эмас деган.

[9] Ҳуд сураси, 114-оят.

[10] Имом Шофеъий ривояти. У киши Ҳумайдийдан, у Суфён ибн Уяйнадан, у Амр ибн Динордан, у Ибн Аббосдан ривоят қилган.

 

14:57 / 16.04.2018
Аввалги мақола
Ражаб ойининг 29-куни
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...