Пайғамбарлар инсоний сифат ва хусусиятларда бошқа одамларга ўхшасалар-да, бироқ илоҳий рисолат юкини кўтариш учун Аллоҳ таоло томонидан олий даражада тайёрланганликлари билан улардан фарқ қиладилар. Аллоҳ таоло уларни ахлоқий тубанликлар ва ижтимоий айблардан пок қилди, чунки улар одамларга энг яхши ўрнак ва намуна бўлишлари керак эди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Расул! Роббингдан сенга нозил қилинган нарсани (оятларни) (одамларга) етказ. Агар буни қилмасанг, Унинг рисоласи(пайғамбарлик вазифаси)ни етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлайди. Албатта, Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмайди»[1].
Инсонда юз берадиган ўзгаришлар, салбий ҳолатлар ихтиёрий ёки беихтиёр юз бериши мумкин. Уларни қисқача учга тақсим қилиш мумкин: қалб билан азму қарор қилиш, тил билан сўзлаш, аъзолар билан бажариш. Жамики одамзотдан мазкур уч жиҳатда билиб ёки билмай камчилик ўтади. Лекин пайғамбарлар қолган башариятдан ўзларининг айб-камчиликлардан покликлари билан ажралиб турадилар.
Иброҳим алайҳиссалом Роббидан: «Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат»[2], дея ўликларни қандай тирилтиришини сўраганига келсак, бу Аллоҳ таолонинг қудратига шубҳа қилишдан келиб чиққан савол эмас эди. Пайғамбарларда Аллоҳ таолодан келган хабарларга нисбатан гумон туғилмайди. Аллоҳ таоло: «Ишонмадингми?» деди. Иброҳим алайҳиссалом: «Йўқ, лекин қалбим таскин топсин», дедилар. Хотиржам бўлишни хоҳлаганлар. Яъни Яратувчининг қандай яратишини кўрмоқчи бўлганлар, чунки хабар кўз билан кўрган каби бўлолмайди. Қолаверса, бу илмни зиёда қилишни сўраш маъносидадир. Таълим олиш ва илмни кўпайтиришни сўраш шариатда буюрилган. Аллоҳ таоло Тоҳо сурасининг 114-оятида: «Роббим, илмимни зиёда қилгин» дегин», дея марҳамат қилган.
Иброҳим алайҳиссалом хабарлар оламидан воқелик ва гувоҳлик оламига кўчишни ирода қилганлар. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Иброҳим алайҳиссалом яқийн – шубҳасиз иймон нури зиёда бўлиши учун кўриш пардасини очишни сўрадилар».
Аллоҳ таолонинг «Агар сенга нозил қилган нарсамизда шакда бўлсанг, сендан олдин Китобни ўқиганлардан сўра. Батаҳқиқ, сенга Роббингдан ҳақ келди. Бас, ҳеч шубҳа қилувчилардан бўлма»[3] деган сўзига тўхталамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шубҳа қилганлари йўқ ва бирор кимдан сўраганлари ҳам йўқ»[4]. Нозил қилинган ваҳийга нисбатан Расулуллоҳда шубҳа пайдо бўлганмикан, у зот ҳам инсон бўлганлар-ку, деган хаёлларга боришдан эҳтиёт бўлинг. Ибн Жарир Табарий келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шубҳа қилмадим ва сўрамадим», деган эканлар.
Кўпчилик муфассирлар мазкур оятнинг мазмуни ҳақида шундай дейдилар: «Эй Муҳаммад! Шубҳа қилувчига: «Агар шак-шубҳа қилсанг, билгинки, менинг динимда гумонга ўрин йўқ», деб айт» деган маънодадир, чунки шу суранинг 104-оятида «Эй одамлар, агар менинг динимда шак-шубҳангиз бўлса...» деган маъно ҳам келган.
Ёки хитоб Пайғамбар алайҳиссаломга қаратилиб, бошқалар назарда тутилган, чунки бу маънодаги бир неча оятлар бор. Мисол тариқасида қуйидаги оятларни келтирамиз: «Агар ширк келтирсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетади ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоласан»[5]. «Сен анавилар (мушриклар) сиғинаётган нарса туфайли шубҳага борма»[6].
Ёки бу оятлар фараз ва тасаввур маъносида бўлиб, худди бўлиши мумкин эмас бўлган нарсани тахмин қилиб, илмий мунозара қилишга ўхшайди.
Абу Бакр ибн Аъло раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таолонинг «Зинҳор Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарувчилардан бўлма, у ҳолда зиён кўрувчилардан бўлиб қоласан»[7] деганини билмайсанми? Қандай қилиб Расулуллоҳ алайҳиссалом ёлғонга чиқарувчилардан бўлишлари мумкин. Ҳолбуки, у зотнинг ўзлари ёлғончига чиқарилиб турган бўлсалар! Шундай бўлгач, оятдаги хитоб Пайғамбар алайҳиссаломга эмас, бошқаларга қаратилган», деган.
«Сендан олдин Биз юборган расулларимиздан сўра: Раҳмондан бошқа ибодат қилинадиган илоҳлар қилган эканмизми?!»[8] оятини мисол қилиб олайлик. Бу ўринда гап мушриклар бошқа дин вакилларидан сўраб-суриштиришлари ҳақида бормоқда. «Сўра» деган хитоб Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошқалардан сўрашлари эмас, балки мушрикларнинг даъволарини, санамларга сиғиниб, ўзларини оқлашларини йўққа чиқаришдир.
Демак, бу ва бунга ўхшаш мазмундаги оятларда келган хитоблар Расулуллоҳга эмас, бошқаларга қаратилган. Масалан, Аллоҳ таоло: «Биз китоб берганлар унинг Роббингдан ҳақ ила нозил қилинганини биладилар. Бас, асло шак қилувчилардан бўлма!»[9] деган. Яъни эй Пайғамбар! Улар сенинг пайғамбар эканингни билишларига шубҳа қилма. Улар буни аниқ биладилар. Аммо юзага чиқармайдилар.
Бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шубҳага боришлари назарда тутилмаган ёки хитоб у зотга бўлса ҳам, бошқалар ирода қилинган. Қуръоний хитобда раддия бериш усуллари, мушрикларнинг даъволарини пучга чиқаришга қарши далил-ҳужжатлар келтириш услублари таълим берилган.
Хулоса шуки, пайғамбарлар ўзларига нозил қилинган ваҳийга ҳеч қачон шубҳа ва гумонда бўлишмаган. Ҳеч қачон иймондан тоймаганлар. Уларни Аллоҳнинг Ўзи ҳамиша гуноҳ ва маъсиятлардан сақлаган. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, то Пайғамбаримиз алайҳиссаломгача барчалари Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтиришга боғлиқ ишларда оғишишдан том маънода ҳимоя қилинганлар. Мусулмонлар пайғамбарлар ҳақида мана шунга ижмо қилганлар.
Шунингдек, иймон аҳли ҳам ўз эътиқодларида иккиланмайдилар. Улар ҳам Аллоҳнинг яккаю ягоналигига, олий сифатларига илм асосида аниқ ишонадилар. Ақидаларининг жузъий томонларию нозик жиҳатларигача тўлақонли маърифатга ва билимга эга бўладилар.
«Шамоилу мустафо» китобидан