Пайғамбарлар пайғамбарликдан олдин ҳам Аллоҳ ва Унинг сифатларини билганлар ва бу борада ҳеч қачон гумонга бормаганлар. Улар туғилганларидан бошлаб Аллоҳнинг тавҳиди ва Унинг яккаю ягоналиги ҳақидаги эътиқодда ўсиб улғайганлар. Бирор пайғамбардан пайғамбар бўлишидан аввал куфр ёки ширкка олиб борувчи сўз ёки амал содир бўлгани нақл қилинмаган. Масалан, арабларнинг энг катта ва бош қабиласи Қурайшни олайлик. Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан тўқимаган бўҳтони, айбламаган айби қолмади. Лекин бирор марта санамга сиғинган, олиҳа ва маъбудаларга ибодат қилган дея олишмади. Қолган пайғамбарларнинг ҳаётларида ҳам худди шундай ҳолатлар юз берган. Бу эса пайғамбарларнинг Аллоҳнинг тавфиқи билан мусаффо эътиқодларига ҳеч қандай футур етмаганлигини исботлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Биз пайғамбарлардан ва Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймон олганимизни эсла!»[1] Яъни Биз аввал руҳлар оламида, сўнгра ҳиссий мавжудликда рисолатни етказиш ва тавҳидга даъват қилиш ҳақида пайғамбарлардан қатъий аҳд олдик. Оятда «улул азм» расулларнинг бошида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганлар. Бу эса у зотнинг мақом-мартабалари энг юксак эканидан далолат беради.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 81-оятида: «Эсла, Аллоҳ пайғамбарлардан шундай аҳду паймон олган эди: «Мен сизларга Китоб ва ҳикмат берган бўлсам, эндиликда сизлардаги(Китоб)ни тасдиқловчи бир пайғамбар (Муҳаммад) келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва унга ёрдам берасиз!» (Аллоҳ) «Иқрор бўлдингизми ва аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганида, улар: «Иқрор бўлдик», дедилар. (Аллоҳ) «Гувоҳ бўлингиз, мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳларданман», деди».
Ояти каримада келтирилган аҳду паймон юқорида зикр қилганимиздек руҳлар оламидаги умумий аҳд бўлиши ҳам, ҳар бир пайғамбарга пайғамбарлик берилганда алоҳида олинган ваъда бўлиши ҳам мумкин. Аҳднинг бошида Аллоҳнинг ягоналигини тасдиқлаш, ширк ва бошқа гуноҳлардан поклаш маъноси бор. Шундай бўлгач, пайғамбарлардан гуноҳ содир бўлиши тасаввурга қандай сиғади?!
Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Жаброил алайҳиссалом келиб ёшликларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриб, шайтоннинг насибасини чиқариб ташлаганликлари, сўнгра ювиб, иймон, илм ва ҳикматга тўлдирганликлари хабар берилган.
Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги «Тун зулмати у(Иброҳимни)ни қоплаганда юлдузни кўриб: «Мана шу – Роббим», деди. Ботиб кетганида эса: «Ботиб кетувчиларни ёқтирмайман», деди. Чиқаётган ойни кўриб: «Мана шу – Роббим», деди. Ботиб кетганда эса: «Агарда Роббим мени ҳидоятга бошламаса, албатта адашган қавмдан бўлиб қоламан», деди. Чиқаётган қуёшни кўриб: «Мана шу – Роббим. Шу каттароқ-ку!» деди. Ботиб кетганда эса: «Эй қавмим, албатта, мен сизлар келтираётган ширкдан безордирман»[2], деган мазмундаги оятларни тўғри тушуна олмаслик сизни чалғитиб қўймасин. Иброҳим алайҳиссалом бу сўзларни қавмга танбеҳ бериш, уларни койиш, даъво ва тасаввурлари пуч эканини исботлаб бериш маъносида айтганлар. «Мана шу – Роббим», деган сўзларида «Сизнингча, шу менинг Роббимми?» деган маъно туради. Иброҳим алайҳиссалом ширкнинг яқинига ҳам йўламай, тавҳид эътиқодида собитқадам бўлганликларини «Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган эди»[3] мазмунидаги оят ҳам таъкидлайди. Оятда инкор маъноси очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Бошқа оятда: «Иброҳимнинг: «Роббим! Бу юртни омонлик юрти қилгин, мени ва болаларимни санамларга ибодат қилишимиздан четда қилгин», деганини эсла»[4], дейилган. Иброҳим пайғамбар кўз очиб юмгунчалик ҳам Аллоҳга ширк келтирмаган.
Ой ботиб кетганда Иброҳим алайҳиссаломнинг: «Агарда Роббим мени ҳидоятга бошламаса, албатта, адашган қавмдан бўлиб қоламан»[5], деган сўзлари ширк ҳалокатига тушишдан паноҳ сўраш, ўзларига тавҳид неъмати берилгани ва залолатдан сақлаб қолинганини эслаб, шукр қилиш маъносидадир.
Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақидаги «Сени адашган ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими?»[6] деган сўзига келсак, оятдаги адашишдан мурод куфр эмаслигига ижмо қилинган. Бу ерда шариат аҳкомларини билмаслик, Қуръондан бехабарлик маънолари назарда тутилган. Ҳидоят қилишдан эса уларни батафсил таълим бериш ирода қилинган.
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссалом қиссаси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Агарчи ундан олдин сен бундан ғофиллардан бўлсанг ҳам»[7], деган. Бу оятнинг маъноси қуйидагича: олдин на бу қисса ва на бошқа қуръоний қиссалардан бохабар эдинг. Сен уларни ваҳий орқалигина билдинг. Аввал билмас эдинг.
Пайғамбар алайҳиссалом жоҳилият даврида ҳам мушрикларга хилоф иш қилар эдилар. Уларнинг байрамларига қатнашмас, бутларининг номи билан қасам ичмас, санамларга атаб сўйилган жонлиқлар гўштидан емас эдилар. Ҳажда мушриклар Муздалифада турсалар, у зот Иброҳим алайҳиссалом турганлари учун Арафотда турар эдилар.
«Шамоилу мустафо» китобидан