Пайғамбарлар илм-маърифат, маданият борасида одамларнинг энг комили бўлишган. Бунинг устига уларнинг дилларида иймон, ёлғиз Аллоҳгагина эътиқод ва ваҳий қарор топган. Уларнинг қалблари ҳикматга тўла бўлиб, Аллоҳнинг таълим бериши туфайли дин ва дунё ишларига тегишли жузъий ва умумий илмларга эга эдилар. Дунё ишларига боғлиқ ҳолатларда уларнинг маърифатлари турлича бўлган. Пайғамбарларнинг баъзи дунёвий ишларни билмасликлари ёки бир нарса тўғрисида унинг аслидаги ҳолатидан бошқача деб ҳисоблашлари гуноҳ ва маъсиятлардан холи эканликларига зид келмайди. Масалан, Қуръони Каримда зикр қилинган Ҳудҳуднинг Сулаймон алайҳиссаломга: «Сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли хабар олиб келдим»[1], деган сўзи пайғамбарлар баъзи ҳаётий ишлардан бехабар бўлишларига мисол бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо чанглатаётган ансорларнинг олдидан ўтаётиб, «Ундай қилмасанглар ҳам ҳосил бераверади» деган маънода фикр билдирдилар. Улар чанглатишни тўхтатишди. Ўша йили хурмолар оз ҳосил берди. У зот: «Дунёларингизни сизлар яхшироқ биласизлар»[2], дедилар.
Шунингдек, Бадр жангида жой танлаш масаласи пайдо бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз фикридан қайтиб, Ҳубоб ибн Мунзир розияллоҳу анҳунинг фикрига қўшилганларини ҳам мисол тариқасида келтириш мумкин. Айрим нарсаларга улар бошқача муносабат билдирсалар, бу улар учун айб ёки нуқсон саналмайди, чунки уларнинг ўй-хаёллари, ғам-ташвишлари охират ва унга боғлиқ хабарлар, шариат қонунлари билан машғул бўлган. Бу дегани улар дунё ишларидан мутлақо билимга эга бўлмаган дегани эмас, чунки бу комил ақл, ўткир фаросат, кучли зеҳнга зид бўлиб, ғафлат ва нодонликдан дарак беради. Улар дунё аҳлини ғафлатдан уйғотиш ва нодонликдан қутқариш учун юборилган, салбий сифатлардан холи бўлган зотлардир. Бутун олам зарарлардан ҳимояланиш, фойдаларни қўлга киритишда у зотларнинг кўрсатмаларига эргашдилар. Бошқарув ва тўғри йўлни улардан ўргандилар. Бу эса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бирор соҳа бўйича умуман билимга эга бўлмаган кишиларга айнан шу соҳада тақлид қилингани маълум эмас.
Дин ишларига тааллуқли илмларни пайғамбарларнинг билмасликлари мумкин эмас. Бундай илмларнинг кўпи уларда Аллоҳдан туширилган ваҳий орқали ҳосил бўлади. Ваҳий орқали билдирилган илмнинг пайғамбарларда бўлишига асло шубҳа қилинмайди. Улар Аллоҳдан ваҳий келмаган ишларда ижтиҳод қилганлар. Имом Абу Довуд Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга ваҳийдан бирор нарса нозил бўлмаган ҳолларда орангизда фикрим билан ҳукм қиламан», деганлар. Фидя олинишидан олдин Бадр асирлари ҳақидаги ҳукм, Табук жангида мунофиқларнинг жангга чиқмасликларига рухсат Расулуллоҳнинг ижтиҳодлари туфайли бўлган эди.
Шуни яхши билиш керакки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг шаръий масалалардаги ижтиҳодлари хатодан холи, чунки илоҳий ваҳий ижтиҳоддаги хатони тасдиқламайди. Хато юз берган заҳоти тўғрилайди ёки асл ҳукмни кўрсатади, чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, Биз сенга Китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик»[3], деган.
Ваҳий тушмаган ҳолатларда ижтиҳод қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шаръий ҳақ қилиб берилган эди. Лекин у зот кўп муаммоларда, мушкул вазиятларда ваҳийни кутар, ижтиҳод қилишга шошилмас эдилар.
Пайғамбар алайҳиссалом даъват қилишга амр қилинган шариат тафсилотларидан бирор нарсани билмасликлари мумкин эмас, чунки билим бўлмаса, қандай даъват қилинади? Осмонлару ер, борлиқдаги бошқа мавжудотлар, Аллоҳ таолонинг зотига муносиб бўлган жалол ва жамол сифатларини ўз ичига олувчи гўзал исмлари, коинот ажойиботлари ва ғаройиботлари, охиратга тегишли қайта тирилиш, маҳшаргоҳга йиғилиш каби ҳолатлар, жаннат ва дўзахга тегишли хабарлар, қиёмат аломатлари бўлган силаи раҳмнинг узилиши, олийжаноб, саховатли кишиларнинг камайиб кетиши, пасткашларнинг кўпайиши, одамлар ўртасида зулм-ситамларнинг авж олиши, бахтли ва бахтсиз бандаларнинг ҳолатлари, борлиқнинг яратилиши, келажакда бўладиган воқеалар у зотга ваҳий орқали маълум қилинган эди. Булар ҳақидаги бутун башариятнинг илми жамланса ҳам, у зотнинг илмига баробар кела олмайди. Лекин уларни барча тафсилоти билан билиш шарт қилинмайди, чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мен фақат Роббим ўргатган нарсани биламан, холос»[4], деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Солиҳ бандаларимга кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одамзотнинг қалбига келмаган нарсаларни ҳозирлаб қўйганман», деган.
Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломга: «Сенга билдирилган илмдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?»[5] деган.
Дайламий Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мен Сендан ўзим билган ва билмаган гўзал исмларинг билан сўрайман», дея дуо қилганлар.
Имом Аҳмад келтирган ривоятда: «Сендан Сен Ўзингни атаган ёки ҳузурингдаги ғайб илмида ёлғиз Ўзингга аён бўлган барча исмларинг билан сўрайман», деганлар.
Аллоҳ таоло Юсуф сурасининг 76-оятида: «Ҳар бир илм эгасининг устида билувчи бордир», деган. Оятнинг тафсирида Зайд ибн Аслам айтади: «Илм то Аллоҳга етиб боргунча ҳар бир билимлининг устидан билимлироқ чиқаверади».
«Шамоилу мустафо» китобидан