16 рабиъул аввал 1447
Тарихда бугун

Робиъул-аввал ойининг 16-куни

  • Ҳижрий 513-йил 16-робиъул-аввал куни (милодий 1119-йил 27-июн) Шом давлатида Элғозий қўмондонлигидаги мусулмонлар билан Антокия амири Рожер қўмондонлигидаги салбчилар ўртасида катта жанг бўлиб ўтди. Бу жангда мусулмонларнинг қўли баланд келди. Салбчилардан катта ададдаги қўшин ҳалок бўлди. Улар орасида Рожер ҳам қатл қилинди. Жангда қурбонлар кўп бўлгани сабаб, бу жанг “Қирғин жанги” деб тарих китобларида ном олди.
  • Ҳижрий 1245-йил 16-робиъул-аввал куни (милодий 1829-йил 15-сентябр) Усмонлилар давлати бир йилу тўрт ой лавом этган урушдан сўнг Россия билан шартнома имзолади. Шартнома 18 банддан иборат бўлиб, унда Россияга жарима тўлаш ва Қора денгиз ҳукмронлигини тўлиқ Россияга топшириш кўрсатилган.


Пайғамбарлар шайтондан ҳимоя қилингандир

Уламолар барча пайғамбарларнинг шайтондан ҳимоя қилинганликларига ижмо қилишган. Яъни Аллоҳ таоло уларни шайтоннинг зоҳирий ва ботиний зарарларидан асраган. Шайтон уларнинг жасадларига ақлдан оздириш, ҳушидан кеткизиш каби турли азиятлар билан таъсир қила олмайди. Шунингдек, қалб ва хотираларини ҳар хил васвалар билан ҳам чалғита олмайди.

Имом Дорақутний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирон киши йўқки, жин ва фариштадан ҳамроҳ тайин қилинмаган бўлса. Улар (саҳобалар): «Сизга ҳамми, ё Расулуллоҳ?» дейишди. У зот: «Менга ҳам, аммо Аллоҳнинг инояти туфайли у бўйсунди», дедилар. Бошқа ривоятда: «У мени фақат яхшиликка буюради», деган қўшимча ҳам бор. Шайтоннинг бўйсуниши ёмонликка буюрмаслигидир.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларда шайтонлардан ҳамроҳ тайин қилинмаган бирор киши йўқ», дедилар. Улар (саҳобалар): «Сизга ҳамми, ё Расулуллоҳ?» дейишди. У зот: «Ҳа, лекин Аллоҳнинг инояти туфайли ундан саломат бўламан»[1], дедилар.

Шайтонларнинг у зотга бир қанча ўринларда ҳамла қилганликлари, иғво қилишга, чалғитишга уринганликлари ҳақида ривоятлар келган.

Имом Муслим Абу Дардо розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг душмани иблис юзимни куйдириш учун оловдан бир чўғни олиб келди. Мен: «Сендан Аллоҳнинг паноҳ беришини сўрайман ва Аллоҳ таолонинг лаънати билан сени лаънатлайман», дедим», дедилар. Абу Дардо: «Ўшанда Расулуллоҳ намозда эдилар», деган.

Имом Молик «Муватто»да шундай келтиради: «У (иблис) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғридан-тўғри азият бера олмагач, у зотнинг душманлари воситасида ёмонлик қилишга ўтди. Қурайшликларнинг у зотни қатл қилишга қарор қилган кенгашида наждлик кекса чол суратида иштирок этишини шунга мисол қилиш мумкин».

Шу ва бошқа ҳолатлардаги шайтоннинг уринишлари беҳуда кетди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни ҳифзу ҳимоясида асради, унинг ёмонлиги ва зараридан у зотга паноҳ берди.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шубҳасиз, Ийсо шайтоннинг таъсиридан ҳимоя қилинди. Туғилган пайтида келиб қўли билан унинг биқинига туртмоқчи бўлганда, йўлдошни[2] туртган»[3], дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга беморлик пайтларида суюқ дори ичирилиб: «Сизда зотилжам бўлишидан қўрқдик», дейишди. У зот: «Бу шайтондандир. Аллоҳ менинг устимдан ўз ҳукмини ўтказишига зинҳор йўл бермайди», дедилар. У зотнинг рухсатларисиз дори ичиришганда шу сўзни айтганлар.

Баъзи одамларда «Агар Аллоҳнинг набийига шайтон ҳукми ўтмаса, Аллоҳ таолонинг «Агар сени шайтон томонидан васваса тутса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У Зот эшитувчи ва билувчидир»[4] деган сўзининг маъносини қандай тушуниш керак?» деган савол пайдо бўлади.

Жавоб қуйидагича: оятда «назғ» сўзи келган. Бу васвасанинг энг паст даражаси бўлиб, «шайтон васвасаси билан рўпара бўлиш» деган маънони анлатади, чунки шайтонда Пайғамбар алайҳиссаломга таъсир ўтказиш қуввати йўқ. Расулуллоҳ ҳар доим Аллоҳнинг ҳимоясидадир. Маъно қуйидагича: мақсадини амалга ошириш учун йўл берилмаган ҳолатда шайтон сени иғво қилмоқчи, йўлдан оздирмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўра, Аллоҳ унинг ёмонлиги ва зараридан сени асрайди.

Шундан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шайтон ва унинг васвасасидан сақлаган. Пайғамбарлик вазифасини адо этиш муддати ва босқичларида у зотга иблис таъсир ўтказа олмаслиги кафолатланган эди.

«Шамоилу мустафо» китобидан



[1] Ҳадиснинг арабча матнида «бўйсунди», «мусулмон бўлди» сўзи «аслама» шаклида келган. Айрим муҳаддислар «аслама»ни «асламу» деб ривоят қилинган дейишади. Бу ҳолатда «мен ундан саломат бўламан» деган маъно чиқади. Суфён ибн Уяйна бу ривоятни дироят жиҳатидан саҳиҳ деган уламолардандир. Уларнинг фикрича, шайтон бўйсунмайди, куфрдан Исломга қайтмайди.

[2] Болани ўраб турган парда.

[3] Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Туғилган пайтда ҳар бир чақалоқни шайтон ушлагани учун у йиғлайди. Фақат Марям ва унинг ўғли бундан мустаснодир», дейилган. Албатта, бу Ийсо алайҳиссаломнинг момолариИмрон хотинининг «Албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётларига қувилган шайтон(ёмонлиги)дан паноҳ тилайман» (Оли Имрон, 36) дея қилган дуоси туфайли бўлган. 

[4] Фуссилат сураси, 36-оят.

 

01:34 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Шаъбон ойининг 14-куни
Кейинги мақола
Сийрат
У зотдан инсоният қарздордир
Ислом пайғамбари аёл кишининг бир кун келиб эркаклар билан ёнма-ён ўз йўли (яъни, ўрни)ни топишини биларди. Шунинг учун уларнинг ҳам диндор бўлишини ихтиёр қилди. Уларнинг муайян либослари борки, у би...
10:37 / 04-сентабрь Батафсил...
Сийрат
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратлари
Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъин­лар бу...
17:15 / 22-август Батафсил...
Сийрат
Сийрат – етакловчи нурли йўл
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулулло...
17:57 / 13-август Батафсил...
Сийрат
Енглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Абу Талҳа ва Умму Сулаймлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни овқатга таклиф этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан яна ўн киши бирга кел...
10:31 / 05-август Батафсил...