Ҳали пайғамбарлик даври бошланмаган, Расули акрамга илоҳий ваҳий келмаган эди. Қурайш қабиласи Маккада Каъбани таъмирлаш иши масаласида ўзаро келишолмай қолишди. Катта жанжал чиқишига оз қолди. Вазият оғирлашган бир пайтда Расули акрам кўпчиликнинг илтимос ва истагига кўра ҳакамлик (қозилик) вазифасини қабул қилдилар. Қисқа муддатда тадбирли иш олиб боришлари натижасида қурайшийлар орасидаги осойишталик тикланди ва Расули акрам ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар.
Каъба ҳакамлиги даврида Пайғамбаримизнинг ёшлари ҳақида ихтилофлар мавжуд. Ибн Исҳоқнинг ёзишича, Каъбага ҳакам бўлиб тайинланганларида Расули акрам ўттиз беш ёшда бўлганлар. Шу нуқтаи назардан қаралса, Каъба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик даврларидан беш йил олдин қурайшийлар томонидан таъмир этилган бўлади.
Буюк Каъба турли сабабларга кўра харобага айланган, таъмирга муҳтож эди. Қурайшийлар Каъба ибодатгоҳини бузишган, уни қайтадан мустаҳкамроқ қилиб тиклашмоқчи эдилар. Ионалар тўпланди. Тошлар олиб келинди. Барча керакли нарсалар тахт қилинди; усталар чақирилди. Маккадаги барча хонадон бу катта ҳашарга қўшилди. Ҳар бир оила имкони доирасида ёрдам берди. Расули акрам қурайшийлар билан бирга ишладилар; тош ташидилар. Имом Бухорий ҳатто муборак елкаларининг яралангани ҳақида маълумот берганлар.
Олдин деворлар йиқитилди. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом қўйган тамал ҳам бузилиб, бино қайтадан тикланди. Фақат Ҳажарул Асвадни − қора тошни ўз жойига қўйишда катта муаммо чиқди. Қурайшнинг ҳар қайси уруғи бу тошни ўзи қўйишга ҳавасманд эди. Ихтилоф кучайиб, жанжалга айланди. Ўртада тўрт кун қаттиқ тортишув кетди. Қабилалар, оилалар ўртасида қон тўкилишига оз қолди. Қурайшнинг энг кекса оқсоқоли Абу Ҳузайфа ибн Муғийра орага кирди ва шундай таклиф киритди:
— Жанжални бас қилайлик. Яхшиси, Ҳарам эшигидан биринчи бўлиб кирган кишини ҳакам қилиб сайлайлик-да, унинг айтганига рози бўлайлик!
Ҳамма бу таклифни қабул қилди. Бир пайт Ҳарам эшигидан ҳамма таниган Муҳаммад-ул Амин кириб келдилар. Бу тасодифдан барча хурсанд бўлиб кетди.
Расули акрам устларидан ридоларини ечдилар. Ҳажарул Асвадни ридонинг ўртасига қўйдилар. Ридонинг гирдини Қурайшнинг мўътабар уруғларига тутқаздилар. Тошни олиб боришда ҳамма қабиланинг оқсоқоллари иштирок этди. Сўнгра Расули акрам тошни шахсан ўзлари олиб, жойига ўрнатиб қўйдилар.
Ҳазрат Пайғамбарнинг бу ҳакамликлари − топган тадбирлари ҳаммага маъқул тушди. Қўрқинчли бир ички урушнинг олди олинди. Расули акрамнинг мавқелари маккаликлар орасида янада юксалди. Бутун Макка халқининг у кишига бўлган ҳурмати ортди...
Каъба биноси тикланди. Яна бир айвон илова қилинди. Эшик ердан бир одам бўйи кўтарилди. Бироқ малзама (ашё) етмай қолганидан асосий бинонинг бир қисми ёпилмай, очиқда қолди. Бу ернинг атрофи девор билан ўраб олинди. Усти ёпилмай қолган жой «Ҳатийм» дейилди. Шундай қилиб, Қурайш қурдирган бу янги бино ҳазрат Иброҳимнинг эски биносига айнан мос тушмади. Таассуфки, кўп ўтмай, Каъбанинг ичи яна бутлар билан тўлдирилди. Бу ҳол Макка фатҳигача давом этди16.
Изоҳлар
16. Ҳижратдан сўнг Мадина даврида Расули акрам Маккани олгач, бутлар йўқотилди (8/630 й.). Каъба қайтадан ҳазрат Иброҳим замонларидаги тавҳид эътиқодини акс эттирувчи муқаддас обида ҳолига келтирилди. Ҳазрат Пайғамбардан кейин Каъба ҳазрат Умар томонларидан Мисрнинг энг қимматбаҳо матоси билан ўраб олинди. Шом Умавий халифалигининг илк даврларида Маккада амирлигини эълон қилган Абдуллоҳ ибн Зубайр Каъба биносини янгиламоқчи бўлди. У Қурайшнинг режасини ўзгартирди ва бинони ҳазрат Иброҳимнинг режаларига биноан қурдирди (64/683 й.). Бинонинг устунларини олтин билан безатди. Умавий халифаларидан Абдумалик замонида машҳур золим Ҳажжож Маккага бостириб кирди ва амир Абдуллоҳни қатл қилдирди. Каъбани бузиб, уни Қурайш усулига кўра қайтадан қурдирди (73/692 й.). Халифа Абдумалик ҳам Каъба деворларини безаш учун Маккага 3600 олтин юборди. Аббосий халифа Ал-Амийн Каъба эшигини олтиндан ясаттириш учун 1800 олтин берди. Миср ҳукмдори Султон Солиҳ Каъбанинг ёпинчиғи учун икки қишлоқдан келадиган даромадни бу ерга ўтказди. Усмонли подшоҳ Ёвуз Султон Салим ҳам бу иш учун янада катта миқдорда маблағ ажратди. Султон Аҳмад Биринчи даврида Каъба биноси таъмир этилди (1020/1611 й.). Султон Мурод Тўртинчи замонида эса Каъба аниқ белгиланган режа асосида қайтадан тикланди (1040/1630 й.). Бу сафар бинонинг режасига тегилмади. Ҳазрат Иброҳим усулларига қайтилмади. Қурайшнинг аввалги қуриш усули −Ҳажжож биноси сақлаб қолинди. Тарихда Буюк Каъбага кўрсатилган фидокорликларнинг энг каттаси Усмонли подшоҳлари томонидан амалга оширилди.