Лондоннинг марказий масжидида Буюк Британия мактабларида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўқитишга аталган конференция бўлиб ўтди.
Конференцияга Ислом олами робитасига қарашли «Раҳмат Пайғамбарини таништириш» бўйича бутун дунё баёноти бош котиби Доктор Одил ибн Али Шиддий ҳам ташриф буюрди. Буюк Британия мусулмонлари уюшмаси сентябрь ойини «Пайғамбар ойи» деб эълон қилган эди. Конференция ҳам айнан ўша ойи ўтказилди.
Лондон марказий масжиди раҳбари, Буюк Британия маданият маркази раиси доктор Аҳмад Дубаяннинг айтишича, мактабларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўқитишга розилик олинган. Бундан кўзланган мақсад – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари билан таништириш орқали У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида турли ёлғон-уйдирмаларга йўл бермаслик. Ислом олами робитасининг хизмати фақат Буюк Британия билангина чекланиб қолмайди. Доктор Шиддийнинг айтишига кўра, Данияда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг карикатуралари пайдо бўлганидан сўнг Робита барча Европа мамлакатларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари билан таништиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Абу Муслим