Бугун фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб «Кифоя» ва «Зикр аҳлидан сўранг» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраган ҳолда тақдимот Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Дастлаб «Кифоя» китоби ҳақида гапириш учун сўз Абдуманнон домлага берилди. У киши асарнинг асосий масдари, фиқҳ илмининг мусулмон инсон ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳамда китобнинг ўзидан олдин таълиф қилинганлардан фарқлари ҳақида айтиб ўтдилар.
Сўнгра сўз «Зикр аҳлидан сўранг» тўпламининг чоп қилинишида бевосита иштирок этган Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуфга берилди. У киши ушбу тўпламнинг тарихи ҳақида сўзладилар. Ушбу тўплам Шайх ҳазратларининг турли суҳбатлар ва интернет тармоғи орқали келган саволларга берган жавобларидан иборатлигини ва ҳозирда Hilol-nashr нашриёти томонидан 4-жузи тақдим қилинганини ва келажакда қолган жузларини ҳам тақдим қилиш кўзда тутилаётганини таъкидладилар.
Тадбир сўнгида Шайх ҳазратларининг шогирдлари томонидан қилинган ҳатм Абдулбосит қори томонидан якунланди ва у зотнинг руҳи покларига хайрли дуолар қилинди.
Эслатма: Тез кунда тақдимотни видео шаклида тақдим қиламиз. Бизни кузатиб боринг ва бирга қолинг.
siyrat.uz