19 жумадис сони 1447
«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, севинтиринглар, нафрат қилдирманглар»

73. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қарзини сўраб келди ва қўполлик қилди. Саҳобалар унга (ёмонлик) қасд қилиб қолишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қўйинглар. Ҳақ эгасининг ўз гапи бўлади. Унга (туяси) ёшидагисини беринглар», дедилар. Улар: «Биз унинг (туяси) ёшидагисининг яхшироғидан бошқани топа олмаяпмиз»,  дейишди. «Ўшани беринглар. Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

74. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, севинтиринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

75. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалару, улардан бири бошқасидан енгилроқ бўлса, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун интиқом олган эмаслар. Фақат Аллоҳ азза ва жалланинг тақиқлари поймол қилинсагина, (интиқом) олардилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

* * *

76. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлишди. Шунда улар: «Биз қаёқдаю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса», дейишди. Улардан бири: «Мен тунларни фақат намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири: «Мен аёллардан четда бўламан, абадулабад уйланмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб: «Бундай, бундай деганлар сизми? Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

00:05 / 14.02.2024
Сийрат
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари
عَنْ قَيْسِ بْنِ مَخْرَمَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: وُلِدْتُ أَنَا وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَامَ الْفِيلِ.  Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:...
18:23 / 05-декабрь Батафсил...
Сийрат
Аллоҳнинг иродаси ила бир нур туғилди
Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси бўлмиш Маккаи Мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ернинг қоқ киндигида жой...
15:19 / 03-декабрь Батафсил...
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг ҳаётлари ҳар бир мусулмон учун ибрат ва ўрнакдир
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ فِي يَدِهِ لَيَأْتِيَنَّ عَلَى أَحَدِكُمْ يَوْمٌ وَلَا يَرَانِي، ثُمَّ...
12:01 / 27-ноябрь Батафсил...
Сийрат
Набий алайҳиссаломнинг сифатлари ўзларидан олдин келган илоҳий китобларда васф қилинганлиги
وَقَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ سَلَامٍ t: مَكْتُوبٌ فِي التَّوْرَاةِ صِفَةُ مُحَمَّدٍ وَصِفَةُ عِيسَى بْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِمُ السَّلَامُ، وَيُدْفَنُ عِيسَى مَعَ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم...
14:46 / 26-ноябрь Батафсил...