Мусъаб ибн Умайр
«Исломнинг энг аввалги элчиси »
Бу улуғ инсон Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан бири бўлиб, Қурайш йигитларининг энг кўзга кўринган, гўзал ва сараларидан бири эди. Тарихчи ва ровийлар уни васф қилганидек:
«Макка аҳлининг энг хушбўй йигитларидан » бўлган. Бунинг сабаби, у энг асл ва хушбўй атрлардан фойдаланарди.
Мусъаб ибн Умайр бадавлат хонадонда дунёга келди. Шу сабабли тўқчилик ва фаровонлик, хуллас, неъматлар ичида ўсиб улғайди. Эҳтимол, Макка ёшларининг орасида ота-онаси тарафидан энг кўп эркаланган бола ҳам Мусъаб ибн Умайр бўлса, ажаб эмас. У ниҳоятда ёқимли, гўзал йигит бўлгани учун Макка аҳлининг кўпгина мажлислари у ҳақида бўлар эди. Мана шу каби тўкин-сочинликда эркаланиб, ҳеч бир нарсадан камчилик сезмай ўсган инсон, кейинчалик юксак иймон соҳибига айланиб, барча мусулмонлар орасида «Мусъабул хойр», яъни«Яхши Мусъаб» деб ном олди.
У Ислом дини шакиллантирган ва Муҳаммад алайҳиссалом тарбия берган улуғ зотларнинг бири эди. Унинг ҳаёт қиссаси барча инсонлар учун юксак намуна ва ибрат мактаби бўлди.
Макка аҳлининг орасида Муҳаммад Амин соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида кўп гап-сўзлар пайдо бўлаётганидан Мусъаб ибн Умайрнинг ҳам хабари бор эди. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақидаки, ул Зотни Аллоҳ Таъло мўминларга башорат берувчи, кофирларни огоҳлантирувчи, яккаю ёлғиз Аллоҳнинг ибодатига даъват этгувчи қилиб юборди.
Ўша пайтларда Макка аҳлининг эртаю кечда бўладиган ташвиши мана шу ҳақда суҳбатлашишдан иборат эди. Мусъаб ибн Умайр эса шу суҳбатларни энг кўп тинглайдиган йигитлардан бири бўлди. У ёш бўлишига қарамай, шу каби мажлисларда доим иштирок этишга ҳаракат қиларди. Ўта талабчан ва ақлининг теранлиги ибн Умайрнинг қалбини очилишига сабаб бўлди.
Мусъаб ибн Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг асҳоблари Қурайш мушрикларининг ёмонликларидан узоқроқ бўлишлик учун Сафо тоғининг тепасида Арқам ибн Аби Арқам ҳовлисида тўпланаётганларини эшитиши биланоқ, бир зум ҳам иккиланмай ўша томон йўл олди. Унинг завқи ошиб-тошган эди. Бу ҳовлида Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига дин таълимини берар, уларга Қуръон оятларидан тиловат қилар ва улар билан бирга Буюк Аллоҳга ибодат қилиб, намоз ўқир эдилар.
Ҳали Мусъаб ўтиришга ҳам улгурмай туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларидан Аллоҳнинг оятлари чиқиб, ўтирган инсонларнинг қалблари ва қулоқларидан ўрин олаётганига гувоҳ бўлди. Чунки бу оятларни эшитган Мусъабнинг қалби ҳам ларзага кела бошлади. Мусъаб бениҳоя хурсандлигидан, қалби гўёки жойидан қўзғаб, ўзи эса учиб кетаёзгудек эди. Пайғамбар алайҳиссалом бу алангали юрак жойидан қўзғаб кетмаслиги учун муборак қўлларини Мусъабнинг кўкси устига қўйдилар. Бир зум ҳам ўтмай Мусъаб иймон калимасини айтиб, Ислом динини қабул қилди.
Мусъаб ўзининг ёшлигига қарамай, улуғ ҳикмат ва юксак қатъийлик соҳиби эди.
Унинг онаси Хунос бинту Молик Ислом динига қаттиқ қаршилардан эди. Мусъаб иймон келтирган пайтда ер юзида онасидан кўра у учун хавфлироқ куч ва қувват бўлмаганди.
Бутун Макка мушриклари, бут-санамлари ва саҳролари Мусъабга қарши курашувчи кучга айлаганда ҳам, у учун онасининг хусуматичалик қўрқинчли эмасди. Мусъаб фикр қилиб, Аллоҳ Таъло бир йўл кўрсатмагунча, онасидан иймонини яширишга қарор қилди.
Шундай қилиб, Мусъаб Арқамнинг ҳовлисига бориб, Пайғамбар алайҳиссалом суҳбатларидан баҳраманд бўлишда давом этди. У ўз иймонини сақлаб, онасининг ғазабидан йироқда юрганидан жуда хурсанд эди. Аммо хурсандлик узоқ давом этмади. Ўша пайтларда Маккада бирор иш махфий бўлиб қолиши мумкин эмасди. Чунки қурайшнинг айғоқчи ва жосуслари ҳар томонда юрар ва ҳар бир қадамни кузатар эди.
Шу айғоқчилардан бири бўлган Усмон ибн Талҳа махфий равишда Арқамнинг ҳовлисига кириб, бир-икки марта Мусъабни у ерда мусулмонлар билан бирга намоз ўқиётганини кўргач, зудлик билан бу хабарни Мусъабнинг онасига етказди. Буни эшитган Мусъабнинг онаси қаттиқ ғазабланиб, ўғлини ўз ҳузурига чорлади. Мусъаб ибн Умайр етиб келганда, онаси, қариндошлари ва Макка задагонлари дарҳол уни ўраб олишди. У эса хотиржамлик билан уларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиб, унинг қалбини поклаб, ҳикмат ва шараф, адолат ва тақвога тўлғизган Қуръони Карим оятларини тиловат қила бошлади.
Онаси ўғлини сўздан тўхтатиш учун унинг юзига бир тарсаки туширди. Аммо қалбида иймон нури жўш уриб турган Мусъаб сўзидан тўхтамади.
Шундан кейин онаси Мусъабга бошқача жазо тайин қилди. У Мусъабни ҳовлисининг узоқ бурчагига боғлаб, қамаб қўйишни ирода этди. Лекин ибн Умайрнинг иймони заррача ҳам камаймади. Мана шу пайтда баъзи мусулмонлар, Расулуллоҳнинг буйруқларига биноан Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетаётган эдилар. Буни эшитган Мусъаб онасини ва қўриқчиларини ғафлатда қолдириб, иймонини сақлаш учун мусулмон биродарлари билан бирга Ҳабашистонга ҳижрат қилиб кетди. Ҳабашистонда мўмин биродарлари билан бироз яшаганидан кейин, Маккага яна қайтиб келди. Сўнгра мушриклар томонидан мусулмонларга нисбатан зулм кучайгани сабабли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг буйруқларига итоат этган ҳолда иккинчи марта Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Аммо Мусъаб қаерда бўлмасин, хоҳ Маккадами, хоҳ ҳабаш ўлкасидами, иймонининг қуввати янада ортаверди. Унинг ҳаёти янги шаклга эга бўлган эди. Бу шаклни уларга Муҳаммад алайҳиссалом берган эдилар. Мусъаб ўз ҳаёти Буюк яратувчиси ва Меҳрибон Роббисига боғланганлигидан бениҳоят хотиржам ва хурсанд эди.
Кунлардан бир куни Мусъаб ибн Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида ўтирган баъзи мусулмонлар ҳузурига чиқди. Асҳоблар Мусъабни кўришлари билан бошларни эгиб, кўзларини юмиб олдилар. Баъзилари эса йиғлаб юбордилар. Бунинг сабаби улар Мусъаб ибн Умайрни жуда эски ва ямоқ кийимларни кийиб олган ҳолда кўрганлари эди. Асҳоблар унинг Исломдан аввалги суратини, яъни кийимлари қимматбаҳо ва ялтироқ, ўзи эса жуда ҳушбўй ва гўзал суратда юрганини эсладилар.
Расулуллоҳ бу ҳолатни кўриб, завқланиб, муборак лабларида чиройли бир табассум пайдо бўлган ҳолда дедилар :
«Мана бу Мусъабни ота-онаси томонидан неъматларнинг саралари ичида бўлганини кўрган эдим. Сўнгра у буларнинг барчасини Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббати туфайли тарк қилди».
Онаси ўғлини диндан қайтаришга бўлган барча умидлари пучга чиққач, уни барча неъматлардан, ҳатто таом беришдан ҳам маҳрум этди. Онасининг назарида, олиҳаларни тарк этиб, уларнинг лаънатига учраган одам, ҳатто ўзининг ўғли бўлишига қарамай, таомини ейишга лойиқ эмасди. Онаси ҳар қанча уринмасин, ўғлини диндан қайтара олмади. Ўғлининг ўз сўзида қатъийлигини билган она уни уйидан ҳайдаб чиқаришга қарор қилди. Онаси унга:
«Ўша танлаган ишингга боравер, энди мен сенга она эмасман», деди.
Мусъаб онасига яқинроқ келиб :
«Эй онажон, мен сизга насиҳатчи ва меҳрибондурман. Бас, Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ, деб гувоҳлик беринг», деди.
Онаси ғазабланган ҳолда асабийлашиб :
«Олиҳаларга қасамки, сени динингга асло кирмайман, акс ҳолда устимдан кулиб, ақлимни заиф дейилишига сабаб бўламан», деди.
Шундай қилиб, Мусъаб тўкин-сочин неъматлар билан тўла бўлган ҳаётдан фақирлик ва муҳтожликка тўла ҳаётга чиқди. Гўзал ва қимматбаҳо кийимларни кийиб юрган ҳушбўй йигит, дағал, эски ва ямоқ кийимларни кийиб, бир кун тўқ, бир неча кун эса оч юрадиган инсонга айланди.
Лекин унинг гўзал руҳи иймонининг поклиги ва Аллоҳнинг нури билан тўлиб тошган эди. Шу сабаб у кўзлари нурга тўлган, қалби поклик билан тошган бошқа инсонга айланди.
Шу вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъабни буюк бир вазифа учун ихтиёр этдилар. Уни Мадинага Расулуллоҳга байъат берган ансорийлар учун дин илмидан таълим берадиган муаллим қилиб юборишни ирода этдилар. Мусъаб ибн Умайрнинг вазифаси бу билан чекланмай, балки ҳали Исломни қабул қилмаганларни динга даъват этиш ва Мадинани Расулуллоҳнинг буюк ташрифларига тайёрлашдан иборат эди.
Мана шу пайтда Расулуллоҳ асҳоблари орасида Мусъабдан ёш жиҳатидан улуғроқ, обрў жиҳатидан юксакроқ, қариндошлик жиҳатидан Жанобимизга яқинроқ кишилар жуда кўпчиликни ташкил этарди. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом «Мусъабул хойр»ни ихтиёр этдилар. Чунки Жанобимиз энг хатарли ишлардан бирини кимнинг зиммасига юклашни, тез кунда ҳижрат диёри, даъват ва даъватчилар марказига айланиши кутилган Мадинани кимнинг қўлига топширишни жуда яхши билар эдилар. Мана шу билан Ислом динининг тақдирини Мусъаб ибн Умайрга юкладилар. Ибн Умайр эса Буюк яратувчиси инъом этган ақлига таяниб, Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда бу хатарли ишни ўз бўйнига олди.
Мусъаб Мадина аҳолисининг қалбларини ўзининг зуҳди, тақвоси ихлоси ва муҳаббати билан озиқлантирди. Бас, улар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъабни Мадинага юбораётган пайтларида Мадина мусулмонлари ўн икки кишидан иборат эди, холос. Лекин бир неча ой ҳам ўтмай, уларнинг сони кекин кўпайди. Келаси йилнинг ҳаж мавсумида Мадинадан етмиш кишидан иборат бўлган мусулмонлар гуруҳи Расулуллоҳга байъат бериш учун, Мусъаб ибн Умайр бошчилигида Маккага етиб келди.
Мусъаб ўзининг фаросати, мардлиги, ақл ва заковати билан Расулуллоҳнинг уни ихтиёр этганликликлари ҳақ эканини исбот этди. Мусъаб, батаҳқиқ, ўзининг вазифасини англар эди. Шу сабабдан у ўзини Аллоҳнинг динига чақирувчи, инсонларни ҳидоят ва тўғри йўлга чорловчи ва ҳудди Пайғамбари каби фақат етказувчи эканини яхши биларди.
Бир кун Асад ибн Зурора хонадонидаги зиёфатда Мусъабнинг юксак заковат эгаси экани яққол кўринди. У мажлисда инсонларга юмшоқлик билан Аллоҳнинг оятларини тушунтирар эди. Бирдан Мадинадаги Бани Абдил Ашҳал қабиласининг саййиди Усайд ибн Хузайр қиличини яланғочлаб, ғазаб ва нафратда Мусъаб томон яқинлашиб кела бошлади. Усайд ибн Хузайрнинг фикрича, Мусъаб унинг қавмини ота-бобосининг динидан қайтариб, яъни олиҳаларни тарк этишга чақириб, ҳеч ким илгари билмаган ва кўрмаган ягона Аллоҳга даъват этаяпти. Уларнинг олиҳалари эса ўзлари билан бирга доим ёнма-ён, бордию бирорталари уларга муҳтож бўлсалар, олиҳаларни маконини топиб, сўнгра юзларини улар томонга буриб, ҳоҳлаган дуоларини қилишлари мумкин. Аммо Муҳаммаднинг илоҳи, мана бу элчининг айтишига қараганда, ҳеч ким унинг маконини ва ўзини кўришга қодир эмасмиш! ! !
Бу ҳолатни кўрган Мусъабнинг атрофидаги мусулмонлар қаттиқ ваҳимага тушдилар. Лекин Мусъаб ҳотиржам ўтиришда давом этди. Усайд ғазаб билан Мусъаб ибн Умайр ва Асад ибн Зурорага хитоб қилиб :
«Сенларни бизнинг маҳалламизга ким чақирди? Заифларимизни мазаҳ қиляпсанлар. Агар ҳаётдан кўз юмишни истамасаларинг, бу маҳаллани тарк қилларинг», − деди.
Мусъаб эса ўзининг буюк хотиржамлигида давом этиб, унга деди :
«Биз билан бир оз ўтириб сўзимизни тингламайсанми? Агар сўзимизга рози бўлсанг, уни қабул қиласан. Агарчи рози бўлмасанг, биз сени маҳаллангни тарк қиламиз»
Усайд тушунган, ақлли киши эди. Ўзича фикрлаб, Мусъабнинг сўзи ҳақ эканини тушунди.
Тўғри-да, Мусъаб уни бироз тинглашга чорлаяпти, ўзга нарсага эмас. Агар қаноат ҳосил қилса, Мусъабни тинч қўяди. Бордию қаноат ҳосил қилмаса, Мусъаб унинг маҳалласини тарк қилади. Усайд : «Ҳақ сўзладинг» − деди. Сўнгра қиличини қинига солиб, эшитишлик учун Мусъабнинг ёнига ўтирди. Мусъаб унга бироз Қуръон тиловат қилиб, Муҳаммад алайҳиссалом келтирган даъватни шарҳлаши биланоқ Усайднинг юзлари ва кўзлари ярқираб кетди. Мусъаб сўзини тугатмасданоқ, Усайд ибн Хузайр унга ва у билан бирга ўтирганларга :
«Бу қандай ҳам гўзал ва ҳақ сўз экан !. . . Бу динга кирмоқчи бўлган киши нима қилиши керак ?» - деб, қичқириб юборди.
Мусъаб унга деди :
«Кийимини ва баданини поклаб, сўнгра Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом унинг элчиси эканлигига гувоҳлик беради».
Усайд бир фурсат кўздан ғойб бўлиб, сўнгра сочларидан сувлар томиб турган ҳолда қайтиб пайдо бўлди. Ва ўша заҳоти Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом унинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериб, Ислом динини қабул қилди. Бу хабар гўё нурдек, ҳар тарафга тарқалиб кетди. Сўнгра Саъд ибн Муоз келиб, Мусъабнинг сўзини бироз тинглагач, қаноат ҳосил қилиб иймон келтирди. Саъд ибн Убода ҳам унга эргашиб иймон келтирди. Мадинанинг бу уч саййидининг иймонга келиши, ниҳоятда оламшумул иш эди. Уларнинг Ислом динини қабул қилганликларини эшитган Мадина аҳли, бир-бирига юзланиб :
«Агар Усайд ибн Хузайр, Саъд ибн Муоз ва Саъд ибн Убода каби улуғлар иймон келтиришган бўлсалар, биз нима учун улардан ортда қолишимиз керак? Юринглар, Мусъабнинг ҳузурига, иймон келтирайлик!» − деб айтишди.
Расулуллоҳнинг энг биринчи элчилари мисли кўрилмаган ютуқ ва муваффақиятларга эришди. Бутун Мадина аҳли иймон келтириб, Ислом динини қабул этди. Албатта, Мусъаб бундай ютуққа ҳақли эди.
Кунлар кетидан кунлар, йиллар кетидан йиллар ўтавериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг саҳобалари Мадинага ҳижрат қилдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга бўлган адовати янада кучайди. Улар мусулмонларга қарши курашишлик учун, жангга ҳозирлик кўра бошладилар. Натижада Бадр ғазоти бўлиб ўтди. Унда мушриклар мағлуб бўлганликлари сабабидан, ўч олиш учун Уҳуд жангига тўпландилар. Мусулмонлар ҳам бу жангга ҳозирлик кўра бошладилар. Бу жангдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг сафлари орасидан байроқдор бўлишга муносиб кишини изладилар. Сўнгра «Мусъабул хойр»ни ёнларига чақириб, байроқни унга тутқаздилар.
Қаттиқ жанг бошланиб кетди. Уруш ўзининг энг қизғин палласига кирганда, мушриклар мағлуб бўлиб, ортга чекина бошладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тоғнинг юқорисида туришга амр қилган камончилар гуруҳи, ғанимат илинжида, Расулуллоҳнинг буйруқларига хилоф равишда, ўз жойларини тарк қилдилар. Афсуски, уларнинг бу шошилинч ҳаракатлари, мусулмонларнинг ғалабасини мағлубиятга айлантирди. Чунки тоғнинг ортида пистирмада турган мушрик отлиқлари, қўққисдан ҳужумга ўтдилар. Мусулмонлар қуршовда қолдилар. Мусулмонлар ўз сафларини парчаланаётганини кўриб,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларига тўплана бошладилар. Шу пайт Мусъаб Расулуллоҳга етиши мумкин бўлган катта хатарни сезиб, байроқни баланд кўтарган ҳолда, уни ҳилпиратиб, қаттиқ овозда такбир айтишлик билан душман эътиборини ўзига қаратмоқчи бўлди. Унинг мақсади, душманни Расулуллоҳдан узоқ қилиб, ўзи томон қаратиш билан у Зотнинг муборак жонларини сақлаб қолиш эди.
Мусъаб якка ўзи ҳудди катта бир қўшиндек, жанг қила бошлади. Бир қўли билан байроқни тутиб, иккинчи қўлида қилич кўтариб, душманни саваларди. Лекин душман ҳаддан зиёд кўп эди. Улар Мусъабнинг жасадини босиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом турган томонга етишга ҳаракат қилаётгандилар.
Келинг, бу воқеаларнинг гувоҳи бўлган Зотга мурожаат этайлик. У бизга буюк инсон Мусъаб ибн Умайр ҳаётининг энг сўнгги лаҳзаларини ҳикоя қилиб берсин.
Ибн Саъд дейди :
«Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Шураҳбийл Ал-Абдарий ўз отасидан бизга ривоят қилади.
Отаси деди :
«Уҳуд куни Мусъаб ибн Умайр байроқни ўз қўлига олди. Мусулмонлар тарқалишиб кетганда ҳам, Мусъаб сабот билан тураверди. Мушрикларнинг отлиқларидан бўлган ибн Қомийя унга ҳужум қилиб, қиличи билан ўнг қўлини узиб туширди. Мусъаб эса :
«Вама Муҳаммадун илла Росулун қод холат мин қоблихир Русул» - деб, байроқни чап қўлига олди. Сўнгра бояги мушрик унга яна бир бор ҳужум қилиб, чап қўлини ҳам кесиб ташлади. Икки қўлининг тирсагидан тепа қисми қолган Мусъаб, ўша кесик қўллари билан байроқни кўксига сиқиб :
«Вама Муҳаммадун илла Росулун қод холат мин қоблиҳир Русул» - деб байроқни кўтаришда давом этди. Ҳалиги мушрик Мусъабга учинчи бор ташланиб, кўксига найза санчди. . .
Мусъаб байроқ билан бирга йиқилди.
Ҳа. . . Мусъаб байроқ билан бирга йиқилди. Шаҳодатнинг гавҳари ва шуҳадоларнинг юлдузи ерга қулади. Фидоийлик ва иймон жангида буюк жасорат кўрсатганидан сўнг ерга қулади.
У агар ўлдирилса, ҳимоячилар ва мудофаачиларсиз қолган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни мушриклар қатл қилишлари учун йўл очилади деб, қаттиқ хавфсираган эди. Шу сабаб Расулуллоҳга муҳаббатининг чексизлигидан, ва у Зотга етиши мумкин бўлган зарардан қўрқиб, қўлини узиб ташлаётган қилич зарбасидан сўнг, ўзини тинчлантириб :
«Вама Муҳаммадун илла Росулун қод холат мин қоблиҳир Русул», яъни «Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган» дерди. Бу билан Мусъаб Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳнинг элчиси ва албатта, Аллоҳ Таъло ўз элчисини ёрдамсиз қўймайди, деб ўзини юпатмоқчи бўлди.
Бу калималар Мусъаб уларни такрор-такрор айтганидан сўнг, унинг вафотидан кейин оят бўлиб нозил бўлди.
«Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингиз (куфр) га қайтиб кетасизми ?! Кимки ортига қайтса, Аллоҳга сира зарар етказа олмайди. Аллоҳ шукр қилгувчиларни мукофотлар».
Узоқ давом этган жанг тугаганидан сўнг, Мусъаб ибн Умайрнинг жасади покиза қонига бўялган юзини тупроққа буркаган ҳолда топилди. Гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиши мумкин бўлган ёмонликни кўриб қолишдан қўрқиб, юзини тупроққа буркаб ётар эди. Ёки гўёки Расулуллоҳни мушриклардан ҳимоя қилиш вазифасини ниҳоясига етказиб, Пайғамбар алайҳиссалом нажот топганликларини кўриб ҳотиржам бўлмасдан илгари, шаҳид кетганлигидан ҳижолат бўлгандай, юзини тупроққа буркаб ётар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг асҳоблари жанг майдонида қурбон бўлиб ётган шаҳидларнинг жасадларини дафн қилишга киришдилар. Мусъаб ибн Умайрнинг жасади тепасида қаттиқ кўз ёшлар тўкилди.
Ҳаббоб ибн Арат айтади :
«Аллоҳ йўлида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилдик. Мақсадимиз Ёлғиз Аллоҳнинг юзига етишиш эди. Бас, бизнинг ажр-мукофотимиз Аллоҳнинг зиммасида бўлди. Бизлардан дунёдаги насибасини олмасдан ўтиб кетганлар бўлди. Уларнинг орасида Мусъаб ибн Умайр ҳам бор эди. У Уҳуд куни қатл қилинди. Уни кафанлаш учун эски бир матодан ўзга нарса топилмади. Агар ўша мато билан унинг бошини ёпсак, оёғи очилиб қолар эди. Оёғини ёпсак, боши очилиб қолар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга :
«Бу мато билан бош томонини ёпинглар, икки оёғини эса, шох- шаббалар билан беркитинг», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жасади қаттиқ таҳқирланиб, аъзолари мушриклар томонидан кесиб ташланиб ўлдирилган амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу учун қаттиқ алам ва изтиробда бўлишларига қарамай, Мусъабнинг жасади устида узоқ кўз ёш тўкдилар.
Жанг майдони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ва дўстларининг жасади билан лиқ тўла бўлишига қарамай, Пайғамбар алайҳиссалом айнан ўзларининг энг биринчи элчилари жасади тепасида туриб, муборак кўзлари жиққа ёшга тўлган ҳолда дедилар : «Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдига содиқ кишилар бордир».
Сўнгра Мусъаб кафанланган бу кийимга назар ташлаб :
«Мен сени Маккада ҳаммадан кўра нозик ва гўзалроқ кийимларда кўрган эдим. Энди эса сен сочларинг тўзиган ҳолда бу эски кийимдасан?!» дедилар.
Жанг майдонига кўз ташлаб, барча шаҳид кетган Мусъабнинг биродарларига қарата Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар :
«Албатта, Расулуллоҳ қиёмат куни сизларни Аллоҳнинг ҳузурида шаҳид эканлигингизга гувоҳлик беради».
Сўнгра атрофларидаги тирик қолган асҳобларига юзланиб дедилар :
«Эй инсонлар, буларнинг қабрларини зиёрат қилинг ва уларга салом беринг. Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, бирор бир салом бергувчи уларга салом бермагай, магарам улар алик олгайдирлар».
Ассалому алайка, эй Мусъаб !
Ассалому алайкум, эй шуҳадолар !
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ !