«Асри Саодат» номли асар муаллифи бундай ёзади: «Оврупалик тарихчилар Расули акрам олиб борган ғазотларнинг сабабларини ва моҳиятини тўла тушуниб ета олмаган, шу туфайли хатога йўл қўйган, ораларидаги яхши ниятлари ҳам ўзларини бу хатодан сақлаб қололмаган»246.
Пайғамбаримизнинг ҳарбий ҳаракатларини икки турга ажратса бўлади: а) сариялар; б) ғазотлар. Сарияларни зарурий қилган сабаблар:
1. Душманнинг аҳволидан хабар олиш учун юборилган тафтишчи гуруҳлар.
2. Душман тайёргарлигининг қай ҳолда эканини билиш учун ташкил қилинган ҳарбий юришлар.
3. Қурайшнинг тижорат йўлини тўсиб, мусулмонларнинг Каъбани зиёрат қилишларига шароит яратиб бериш мақсадида амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар.
4. Осойишталикни сақлаш учун атрофга юборилган ҳарбий гуруҳлар.
5. Ислом муршидларини ҳимоя қилиш учун уларнинг ёнларига берилган муҳофиз (қўриқчи) бирликлар.
Бироқ бу аскарий кучларда қурол ишлатиш салоҳияти йўқ эди. Сариялар асосан кичик ҳарбий гуруҳлардан иборат бўларди. Булар билан катта ҳаракатларга киришиб бўлмасди.
Расули акрам ғазотларининг ҳам асосан икки ғояси бор эди:
1. Душманнинг мусулмонларга қарши ҳужумларига жавоб бериш учун мудофаа жанглари олиб бориш.
2. Душман томонидан кутилган тажовузнинг олдини олиш мақсадида ҳарбий тадбирлар кўриш.
Расули акрам олиб борган жангларни икки хилга ажратиб таҳлил қилсак бўлади: биринчи хили − мудофаа ҳарблари. Яъни мусулмонлар душмандан ўзларини ҳимоя қилиш учун мажбур бўлган ҳолда олиб борган урушлар. Бу биринчи хил урушларда мусулмонлар душман томонидан тажовузга дуч келиб туриб, ўзлари ҳужум қилишмаган. Масалан, Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ғазотларида мудофаа зарурати туфайли урушилган ва бу ҳол анча пайтгача давом этган.
Иккинчи тур ҳарблар − тажовуз ҳарблари. Бироқ бу тажовуз ҳарблари зулм ўтказиш учун эмас, балки мазмун-моҳияти билан жавоб ҳарби эди. Айни пайтда бу ҳарбларда «жиҳод ва мусулмонликни ёйиш» (Иъла-и калиматуллоҳ) мақсади ҳам бор эди. Бинобарин, Ислом динида (Қуръони каримда) ҳарб ҳукмларига ва шартларига доир етмишдан ортиқ оят бордир247.
Шу нарса аниқки, мусулмонлик баъзи Оврупа тарихчилари илгари сураётганларидек, «қилич кучи» билан ёйилган бир дин эмас. Ҳамма соҳа қатори дин борасида ҳам илмга ва ақлга суянган далиллар фақатгина гап уқадиганлар учундир. Ақлни ва мантиқни тан олишни истамаганларга, имконият туғилди дегунча ҳар ҳақни топтайдиганларга қиличгина бас кела олади.
Уруш аслида яхши бир нарса эмас, аммо ёмонликларни ўнглаш учун кўп бор машруъ ҳисобланган. Шу жиҳатдан қаралса, Ислом ҳарблари ўрни келганда мудофаа ҳарблари, ўрни келганда таарруз (ҳужум) ҳарблари бўлгандир.
Фақат ҳарб диний бир вазифа бўла олиши учун у Ҳақ йўлида олиб борилган бўлиши керак. Зулмга бўйин эгиш, зулмни қўллаб-қувватлаш, ҳақни қарор топтиришга ҳаракат қилмаслик дин фикрига тескаридир. Шу сабабли Ислом динида жиҳод Исломни ёйиши жиҳатидан машруъдир, фарздир.
Бинобарин, Ислом ҳарбларини фақатгина мудофаа ҳарблари ўлароқ кўрсатиш ҳам тўғри бўлмайди. Душман тажовузининг олдини олиш учун душмандан олдин ҳаракат этолмаганлар кўпинча мудофаадан ҳам маҳрум қоладилар. Демак, мусулмонликда мудофаа машруъ бўлгани каби Аллоҳ йўлида бўлиш шарти билан таарруз ҳам машруъ қилинган, ҳатто бир вазифа саналгандир.
Хуллас, Исломнинг ҳеч бир динда кўрилмаган «ёйилиш мўъжизаси»ни фақат қурол кучига нисбат бериш қандай катта бўҳтон бўлса, мусулмонликнинг ёйилишида қуролнинг ҳеч қандай хизмати йўқдир, дейиш ҳам Исломнинг руҳига мос тушмайди248.
«Асри Саодат»да шундай дейилади: «Кўринишда энг қонли бир ҳаракат бўлган ҳарб мусулмонлик туфайли улвият қозонди. Мусулмонлар жиҳодга бир ибодат сифатида қарай бошлайдилар. Чунки жиҳоднинг ғояси: 1) мазлумларни золимлар қўлидан қутқармоқ; 2) заифларни кучлиларнинг панжасидан озод қилмоқдир»249.
Қуръони каримда «қитол» (уруш, ҳарб) оятлари икки қисмга ажралади: бир қисми урушга изн берилганинигина билдирувчи оятлар250, бошқа бир қисми эса жиҳодни буюради, унинг вожиб эканини билдиради251.
Аввалига (Макка даврида) Расули акрамга ваъз ва насиҳат йўли билан ҳаракат қилиш тавсия этилган эди252. Сўнгра урушга рухсат берилди253. Аммо булар босқичма-босқич, сиёсат тақозосига кўра ворид ва нозил бўлган илоҳий амрлар, оятлардир254.
Изоҳлар
246. 1-жилд, 507-бет.247. «Тажрид» таржимаси, 10-жилд, 134-бет.
248. Ал-Малик Муҳаммад Ҳамди Язир. «Қуръон тили», 1-жилд, 690-бет.
249. 1-жилд, 532-бет.
250. Ҳаж сураси, 39-оят; Бақара сураси, 191-оят. «Мадина даври солномаси»даги жиҳод мавзуига қаранг. «Урушнинг ҳудудлари: а) жанг қилишингиз тақиқланган кимсалар билан жанг бошламанг; б) хотинларни, болаларни, кексаларни ўлдирманг; в) бурун, қулоқ, кесманг; г) ўзаро аҳдлашган кимсаларга хабар бермасдан, тўсатдан, ҳийла билан уруш очманг; д) уруш бошламаганлар билан сиз ҳам урушга кирманг» (Исмоил Ҳаққи Измирли. «Маъонии Қуръон», 1-жилд, 63-бет).
251. «Уларни (сизлар билан уруш олиб бораётганларни) топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб чиққан жой (яъни Макка)дан уларни ҳам қувиб чиқаринглар» (Бақара сураси, 191-оят).
«Бас, қачон уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган жойингизда ... ўлдирингиз» (Тавба сураси, 5-оят).
Бу ҳукм барча араб мушрикларига махсусдир. Қуръони каримда булардан бошқа бир қавм ҳақида қатл амри йўқдир.
(«Маъонии Қуръон», 1-жилд, 321-бет.)
«Барча мушриклар (бу ҳукмга (уруш ҳаром қилинган тўрт ой ҳақидаги ҳукмга. - тарж.) қарамай) сизларга қарши жанг қилингани каби (биринчи бўлиб жанг бошласалар), сизлар ҳам барчангиз уларга қарши жанг қилингиз!» (Тавба сураси, 36-оят.)
«Эй мўминлар, ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар» (Тавба сураси, 123-оят).
Тавба сураси ҳижратнинг тўққизинчи санасида нозил бўлган. Энг охири нозил бўлган сура ана шудир («Маъони Қуръон», 1-жилд, 321-бет).
252. «(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли − динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан (сизлар) энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур. (Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирор зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта, сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир» (Наҳл сураси, 125-126-оятлар).
253. Мадина даврида, ҳижратнинг иккинчи йилида. Ҳаж сураси, 39-оят; Бақара сураси, 191-оят.
254. «Қуръон тили», 1-жилд, 689-бет.