Мадинаи мунавварада араблардин бир жамоа асри саодатда мавжуд эди. Алар ҳаётларин ҳафозат (сақлаш) қасдида мусулмонлик эълон этгон эрдилар. Лекин дилларида кофирлар ила ҳамдард эрдилар. Аларни мунофиқлар дейилур эрди. Араб луғатида бир нарсани тилда изҳор этуб, дилда анга мухолиф бўлмакни нифоқ дерлар. Бу ном шул тоифаға ниҳоятда муносиб қўюлғондур.
Бу жамоа мусулмонларға зарарда кофирлардин неча даража зиёда эрдилар. Буларнинг сардорлари Хазраж тоифасидин бўлғон Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул дегон бир киши эрди. Бул киши Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаға келмасларидин илгари бутун Мадина вилоятиға раис бўлмакға тайёрлик кўруб тургон бир зот эрди.
Бу жамоат суратда мусулмон бўлғон кўрулуб, бечора мусулмонларнинг тамом ички асрорларин олуб кофирларға еткузур эрдилар. Бу воқеа неча марра бўлуб ўтди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аларни билсалар ҳам, сирларин фош этмас эрдилар. Балки ғоятда ҳусни ахлоқ ила муомалада бўлур эрдилар, соллаллоҳу алайҳи васаллам.