Шу кунларнинг бирида.
Имом Молик улуғ тобеин Муҳаммад ибн Жубайрдан саҳиҳ иснод билан қилган ривоятда: «Рабиъул аввал ойининг саккизинчи куни» дейилган. Ҳофиз Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий мана шу ривоятни қаттиқ ушлаган. Ҳофиз Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя ушбу маълумотни «аржаҳ» (энг кучли) деб санаган.
Шайх Муҳаммад Хузарий «Нурул яқийн» китобида, Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий «Ар-раҳийқул махтум» китобида, Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий «Раҳматун лил оламийн» китобида, Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхонтўра) «Нурул басар» китобида, Собит ҳожи Абдул Боқий ўғли «Сийрату хотамин набиййин» китобида, тарихчи Муҳаммад Талъатбек Ҳарб «Тариху дувалил араби вал Ислом» китобида: «Рабиъул аввал ойининг тўққизинчи куни» дейишган. Миср расадхонасининг собиқ мудири, фалакиётшунос олим, геометрия фанлари мутахассиси Маҳмуд Пошо мана шу кун милодий 571 йил, рабиъул аввал ойининг душанбасига тўғри келишини илмий асослаб берган.
Муҳаммад ибн Саъднинг «Ат-табақотул кубро» китобида, ибн Асокир ва имом Шаъбийларнинг ривоятларида «рабиъул аввалнинг ўнинчи куни», дейилган.
Кўпчилик уламолар эса: «Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни», дейишади. Усмонли турк давлати томонидан бу кунни «мавлиди набий» куни сифатида қутланиши буюрилган. Валлоҳу аълам бис соваб. Бу ихтилофда катта ҳикмат бор, албатта!