14 жумадул аввал 1446
Ҳалиманинг Пайғамбар алайҳиссаломни олиб келганидан сўнг кўрган яхшиликлари ҳақида айтган сўзлари

Ибн Исҳоқ: менга ал-Ҳорис ибн Ҳотиб ал-Жумаҳийнинг озод қилган қули Жаҳм ибн Абу Жаҳм – Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толибдан ёки ундан эшитган кимсадан ривоят қилиб деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган Ҳалима бинт Абу Зуайб ас-Саъдия шундай ҳикоя қилади: «Бир куни мен эрим билан эмизикли кенжа ўғлимни олиб эмизиш учун бола истаб йўлга чиқдик. Саъд ибн Бакр қабиласига мансуб бир қанча аёллар ҳам бизга ҳамроҳ бўлдилар. Ўша йил қурғоқчилик бўлиб, экинларимиз ҳам яхши ҳосил бермаган эди. Мен ўзимизнинг оқ эшагимизга миниб олдим. Бир урғочи туямизни ҳам эргаштириб олган эдик. Аллоҳга қасамки, бу туямиз бир томчи ҳам сут бермай қўйганди. Сутим йўқлиги учун очлигидан кечалари йиғлаб чиқадиган гўдагимиз туфайли ўзимиз ҳам ухлай олмасдик. На менда ва на туямизда унга етгудек сут бор эди. Шунга қарамай, биз бу йил кўп ёмғир ёғиб, экинларимиз ҳосилдор бўлиши, ўзимиз ҳам фаровон кунларига етишиш умидида эдик. Миниб бораётган эшагим имиллаб юришидан йўл ҳам унмасди. Бу эса шерикларимга малол келарди. Шу тарзда эмизиш учун бола қидириб Макка шаҳрига етиб келдик. Орамиздаги барча аёлларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатилди. Аммо улар гўдакнинг етимлигини билишгач, уни олишдан бош тортар эдилар. Бунга сабаб, ҳар ким гўдакнинг отаси берадиган сут пулига кўз тиккан эди. Шунинг учун бу гўдак етим бўлса, унинг онаси ва бобосининг қўлидан нима ҳам келар эди, деб ўйлаб, олишдан бош тортар эдик. Мен билан келган аёлларнинг барчалари ўзларига эмизадиган бола олиб бўлдилар. Фақатгина мен ҳалигача бирор чақалоқ топмаган эдим. Энди уйга қайтмоқчи бўлган пайтимизда хўжайинимга: «Аллоҳга қасамки, шерикларим олдида бола олмасдан уйга қайтишни хоҳламайман. Қасамки, бориб ҳалиги етим болани олиб келаман», – дедим. Шунда хўжайиним: «Майли, шундай қила қол, шояд Парвардигор бизларга шу гўдак туфайли баракот ато қилса», – деди. Шундан сўнг бориб уни олиб келдим. Мен уни бошқа гўдак топа олмаганим учунгина олган эдим. Гўдакни кўтариб шерикларим олдига қайтиб келдим. Эмизиш учун бағримга олганимда бирдан кўкрагим ийиб сут келди ва гўдак тўйиб эмди. Сўнг унинг эмикдош акаси ҳам тўйгунича эмиб, иккови ҳам ухлаб қолди. Ваҳоланки, бундан олдин фарзандимизнинг очликдан йиғлаши боис биз ҳам ухлай олмас эдик. Эрим туямизни соққани ўрнидан турди, қараса унинг елини сутга тўла эмиш. Эрим сутни соғиб келди-да, ундан ўзи тўйиб ичди. Сўнг мен ҳам ичиб, ҳар иккимиз ҳам чанқоқ ва очлигимизни тўлиқ қондирдик. Ўша кеч тинч-осуда ором олдик. Тонг отгач, эрим менга: «Биласанми, эй Ҳалима, сен баракотли бир бола олиб келган кўринасан!» – деди. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам шундай бўлса керак, деган умиддаман», – дедим. Сўнг йўлга отландик. Мен, одатдагидек, ўзим миниб келган эшагимга миндим, гўдакни ҳам қўлимга кўтариб олдим. Қасамки, эшагимнинг илдамлигидан шерикларимдан ўзиб кетардим. Бирортасининг эшаги менга ета олмасди. Охири улар менга: «Эй Абу Зуайбнинг қизи, сенга нима бўлди? Бу ўша келишимизда миниб келган эшагингми?» – дедилар. Мен уларга: «Ҳа, қасамки, бу худди ўшанинг ўзи», – дедим. Улар ҳайрон бўлиб: «Қасамки, бунингга нимадир бўлган», – дердилар. Биз Бану Саъд қабиласидаги манзилимизга етиб келдик. Ўша вақтда ерларимиз қурғоқчилик туфайли қуриб-қақшаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу васалламни олиб келганимиздан кейин қўйларимиз ўтлоқдан қоринлари тўқ, елинлари сутга тўлиб қайтиб кела бошлади. Биз эса уларни соғиб, сутга қонар эдик. Ўша вақтда биздан бошқалар на бир томчи сут соға олар ва на уни қўйи елинидан топар эди. Ҳатто қўни-қўшнилар ўз чўпонларига: «Шўринг қургурлар! Қўйларни Абу Зуайб қизининг чўпони ўтлатадиган жойда ўтлатинглар!» – деб тайинлашарди. Улар қўйларни ўша жойда ўтлатсалар ҳам, қўйлари қорни оч қайтар, бир қатра ҳам сут бера олмасди. Бизнинг қўйларимиз эса елини сутга тўлиб, тўйиб қайтиб келарди. Биз шу тарзда кундан-кун Аллоҳ томонидан хайр-барака зиёда бўлиб бораётганини сезиб турардик. Ҳатто эмизиш муддати бўлган икки йил ҳам ўтиб бўлди. Шу муддат ичида бу гўдак бошқа болалардан фарқли тарзда ўсиб-улғаяр эди. Икки ёшли гўдак бўлишига қарамасдан, катта болаларга ўхшарди. Биз уни онасига қайтариб бериш учун олиб келдик. Аммо у туфайли кўрган баракотларимизни ўйлаб, унинг олдимизда қолишини онасидан ҳам кўра кўпроқ истар эдик. Мен онасига бу ҳақида сўз очиб: «Фарзандингиз ўсиб улғайгунига қадар биз билан қолишига рози бўлсангиз, чунки мен бу гўдакнинг Макка вабосига чалиниб қолишидан қўрқаман», – дедим. Шу йўсин бир илож қилиб онасини болани бизга қайтариб беришга кўндирдим.

20:20 / 30.12.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...