Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўрганиб англашдан мақсад, фақат тарихий воқеалардан воқиф бўлиш ёки чиройли қисса ва саргузаштлардан бохабар бўлиш эмас, балки мусулмон инсон Ислом қоидаларини, ҳукмларини назарий жиҳатдан англагандан сўнг айни қоидалар Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаламнинг ҳаёт йўлларида амалда ўз аксини топганлигини тасаввур қилишдир. Шунинг учун биз Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг ҳаёт йўлларини ўрганишни оддий тарихни ўрганиш ёки ўтган подшоҳларнинг таржимаи ҳоллари билан танишиш қаторида кўрмаслигимиз лозим. Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг сийратларини ўрганиш, Ислом моҳиятини англаш учун амалий татбиқ баробарида экан.
Мазкур мақсадни бир неча қисмга бўлишимиз мумкин
1. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзлари ва муҳитларини ўрганиш орқали у Зотнинг шахсиятларини англаш ва бунинг натижасида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам юксак фазилатлар соҳиби ва юртдошлари олдида катта обрў-эътибор қозонган баркамол инсонгина бўлиб қолмай, у Зот, энг аввало, Аллоҳ таоло Ўз ваҳийси ва тавфиқи билан қувватлантирган «Расул» эканликларини ҳам таъкидлашдир. 2. Бу ҳаётда ҳар бир инсон ўзи ардоқлайдиган, ҳурмат қиладиган, унинг йўлидан юриб, этагини маҳкам тутадиган бир намунали йўлбошчига муҳтождир. Шубҳасиз, агар инсон ўзи учун олий намуна бўладиган йўлбошчини ҳаётнинг қайси томонидан қидирмасин, уни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сиймоларида яққол намоён эканлигини топади. Зеро, Аллоҳ таоло у Зотни бутун инсониятга намуна қилиб яратган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «(Эй мўминлар), албатта сизлар учун Аллоҳнинг Пайғамбари (соллоллоҳу алайҳи васаллам)да (у Зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқи атворида) гўзал намуна бордир». (Аҳзоб сураси 1-оят). 3. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганган инсон Аллоҳ таолонинг Китобини яхшироқ фаҳмлайди, унинг мақсадлари ва руҳини ҳис қилади. Зеро, Қуръони Каримнинг аксар оятларини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам иштирокидаги воқеа ва ҳодисалар тафсир қилади. 4- Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини ўрганиш асносида мусулмон инсон ҳузурида ақида, ҳукмлар ва ахлоқ-одобга доир саҳиҳ Исломий билим-маърифат заҳираси ҳосил бўлади. Чунки у зотнинг ҳаётлари Ислом асослари ва ҳукмлари мажмуасини ёритиб, гавдалантириб бергувчи ойна кабидир. 5. Исломий муаллим ва мураббийнинг ҳузурида таълим-тарбия усулларининг йўриғи, андозаси бўлмоғи лозим. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам холис муаллим ҳамда фозил мураббий бўлиб, ўз даъватларининг турли босқичларида таълим-тарбиянинг ана шундай фойдали ва самарали усулларини излаб топишда куч-ҳаракатларини аямаганлар. Мазкур беш мақсадни рўёбга оширишда Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом сийратининг алоқаси у Зотнинг ҳаётлари инсоний ҳамда ижтимоий жабҳаларнинг барчасини қамраганлигида кўринади. Демак, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар жабҳада етук намуна бўла олар экан. Зотан, у киши атрофдагиларнинг, дўстларининг ишончини қозонган, ўз йўлини тўғри танлаган инсон, ,Аллоҳ таолонинг рисоласини етказишда бор кучини аямайдиган, инсонларни Аллоҳ таолонинг Динига чиройли мавъиза ва донишмандлик билан чақирувчи даъватчи ҳамда аҳли оиласига чиройли муомалада бўлувчи эр, фарзандларининг ҳақларини ўз ўрнига қўйган меҳридарё ота, ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий моҳир қўмондон, Парвардигорига гўзал ва чин ибодат қилгувчи мусулмон эдилар. Аён бўлмоқдаки, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг сийратлари инсон ҳаётининг энг гўзал ва олий намунасидир.