Ибн Исҳоқ: менга Яҳё ибн Аббод ибн Абдуллоҳ ибн аз-Зубайрнинг айтишича, унга отаси шундай деган экан: «Лаҳаб (Ибн Ҳишом: Лаҳаб Аздшануанинг бир бўлагидир) қабиласида бир фолбин бўлиб, у Маккага келса, қурайшликлар ўғилларини унинг ҳузурига олиб келиб, фол очирар эдилар. У келган куни Абу Толиб ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни унинг олдига олиб келган эди, у Пайғамбар алайҳиссаломга қаради-да, бир ишга чалғиб қолди. Ишидан бўшагач: «Мен кўраётган ҳалиги бола қани?» – деб сўради. Абу Толиб унинг болага жиддий қизиқаётганини кўриб, у Зотни фолбиннинг кўзидан узоқлаштирди. Фолбин эса: «Шўринг қурғурлар, менга ҳозиргина кўраётган болани яна кўрсатинглар. Аллоҳга қасамки, у гўдакда яқинда улуғ бир ҳолат бўлажак», – деди. Абу Толиб у Зотни қайтариб олиб кетди.