21 жумадул аввал 1446
Ваҳийнинг бошланиши

   Имом Бухорий Оиша онамиздан ваҳий қандай бошланганлиги тўғрисида айтган сўзларини ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга биринчи келган ваҳий уйқуларида кўрган яхши тушлари бўлган. Туш кўрсалар, тонг ёруғлигидек (аниқ) кўрардилар. Кейин у Зотга  (Аллоҳ таоло томонидан) танҳо қолиш маҳбуб қилинди. Ҳиро ғорига чиқиб, у ерда  бир неча кун ёлғиз ибодат қилар, сўнгра оиласига − Хадижанинг олдига қайтиб, у ерда бироз туриб, кейин  егуликларни олиб яна ғорга равона бўлар эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида − Ҳиро ғорида турган пайтларида − Ҳаққ келди (яъни Жаброил ) фаришта келиб у Зотга: «Ўқи», деди. У киши: «Мен ўқий  олмайман»,   дедилар.   (Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар): «Шунда мени тутиб ўзига тортди ва менга заҳмат етказди, сўнг қўйиб  юбориб деди: «Ўқи».  Мен: «Ўқий олмайман», дедим. Сўнг яна мени ушлаб учинчи бор сиққандан кейин деди: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз ўзингизга нозил бўладиган Қуръонни барча    мавжудотни)    яратган    Зот    бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз  (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни - хатни) ўргатган ўта Карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди. (Алақ сураси. 1−5-оятлар). Кейин ўша оятлар билан қалбларини титроқ босган ҳолатда Хадижа бинти Хувайлиднинг олдига қайтиб келиб: «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедилар. Дарҳол ўраб қўйишди. Қўрқув кетиб, ўзларига келгач, Хадижага бўлган воқеани гапириб   берар   эканлар:   «Ўзимга   бир   нарса бўлмасайди, деб қўрқаман», дедилар. Шунда Хадижа онамиз: «Қўрқманг, Аллоҳ Сизни ҳаргиз ёрдамсиз қўймайди. Ҳали Сиз қариндош-уруққа силайи раҳм қиласиз,  одамларнинг   оғирини   енгил   қиласиз, қўлида йўқларга     берасиз,  меҳмонлар кутасиз, фалокатга   учраганларга   ёрдам   берасиз»,  деди. Сўнгра у Зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдул-уззо (Хадижанинг амакиваччаси)нинг олдига борди. У жоҳилият даврида насронийликка кирган одам эди. Иброний тилида ёза оларди. Кўзи ожиз мўйсафид эди. Хадижа унга: «Эй амакимнинг ўғли,   мана  бу  биродарингизнинг   ўғлини   бир тингланг», деди. Варақа у Зотга: «Эй биродаримнинг ўғли,   нималарни   кўрмоқдасан?» деди. Шунда Расулуллоҳ  соллоллоҳу  алайҳи  васаллам  ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар. Варақа у Зотга: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус» (Жаброил  ёки  ваҳий)дир.  Эҳ!  Қанийди,  сени қавминг ҳайдаб чиқарадиган пайтда бақувват йигит бўлсам эди! Қанийди, ўшанда тирик бўлсам эди», деди. Шунда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уулар мени ҳайдаб чикарадиларми?!» дедилар. «Ҳа! Сен келтирган нарса мисолини (аввалги пайғамбарлардан) ким келтирган бўлса, албатта, адоватга учраган. Уша кунга (эсон-омон) етсам, Сенга кўлимдан келган ёрдамни берарман», деди. Кўп ўтмай Варақа вафот этди, ваҳий тўхтаб қолди. Ваҳийнинг қанча муддат тўхтаб қолганлиги ҳақида уламолар ихтилофли бўлишган. Баъзилари уч йил деса, айримлари ундан озроқ, деган. Ишончлироғи Байҳақий ривоятидир. Унда олти ой дейилган. Ваҳий тўхтаб қолганлиги ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини сўзлай туриб, Жобир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: «Мен юриб кетаётган эдим, бирдан осмондан овоз эшитиб қолдим. Юқорига қарасам, Ҳирода олдимга келган фаришта осмон билан Ернинг ўртасида курсида ўтирибди. Ундан қўрқиб кетдим. Қайтиб бориб, мени ўраб кўйинглар, мени ўраб қўйинглар, дедим. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй (либосларига) бурканиб олган Зот, туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ  бўлинг!» (Муддассир сураси. 1-5-оятлар). Шундан кейин ваҳий қизғин, кетма-кет кела бошлади. (Бухорий ривояти).

Ибратли нукталар

  Ваҳийнинг бошланиши ҳақидаги ҳадис Ислом дининг эътиқодий ҳамда шаръий масалалари «сув ичадиган» сарчашмадир. Уни фаҳмлаб, унга ишониш Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам келтирган бошқа ғайб хабарларига ҳам ишонишга дарвоза вазифасини ўтайди. Чунки ваҳий ўз ақли билан фикр юритиб, ўз раъйи билан қонун чиқарадиган инсондан, фақат Парвардигорининг буйруғини ўзгартирмасдан, кам ҳам, зиёда ҳам қилмасдан етказаётган инсонни фарқлаб, ажратиб беради. Шунинг учун ҳам Исломга нисбатан шаккоклик уйғотиш билан шуғулланувчилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги ваҳий мавзусини, уни оддий илҳом ёки хаёлий сўз тўқиш  деб  тушунтиришга  бор   кучлари   билан уринадилар. Сабаби: улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи  васаллам  Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган     нарсаларга   мусулмонлар     иймон келтиришларига    асос    бўлган    манбаа    ваҳий эканлигини жуда яхши биладилар. Улар бундай ғаразли  ва маразли  ғояларини  амалга  ошириш йўлида хаёлларига келган, куракда турмайдиган сафсаталарни айтишади. Масалан, улардан бири: «Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом доимий ўй-фикр билан  банд бўлган.  Ўйлаб, ўйлаб ўйига етгандан кейин қалбида бир ақидани шакллантирган ва бу ақида бутпарастликни йўқ қила олади деган фикрга келган», деса, яна бири: «У киши Қуръонни ҳам, Ислом асосларини ҳам роҳиб Буҳайродан ўрганган», дейди. Биз − ақли бор инсон − ҳазм қилолмайдиган бундай гапларни айтишдан мақсад, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига иқрор бўлишдан қочиш, деб тушунамиз ва шу билан бир пайтда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга ваҳий мазкур ҳадисда айтилган тариқа билан нозил бўла бошлашидаги ёрқин илоҳий ҳикматни англагандек бўламиз. Нима учун Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом Жаброил алайҳиссаломни биринчи мартадаёқ ўз кўзлари билан кўрдилар? Ахир ваҳий парда ортидан (фақат овоз орқали) бўлиши ҳам мумкин эдику! Нима учун Аллоҳ таоло ваҳийнинг моҳиятини англашда у Зотнинг қалбига қўрвув ва ҳайрат солиб қўйди? Ахир Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига бўлган муҳаббати ва иноятини ҳисобга олганда Аллоҳ у Зотнинг қалбига сакинат солиши, дилини хотиржам, қўрқувдан холи қилиб қўйиши керак эди-ку. Нима учун ғорда у Зотга кўринган кишини жинмасмикан деб, ўзига илашишидан қўрқиб: «Ўзимга бир нарса бўлишидан қўркдим», дедилар ва у Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келган амонатли фариштадир, деган фикрга келмадилар?! Нима учун ўшандан кейин ваҳий узоқ муддатга тўхтаб қолди? Булар ваҳий бошланган шаклу шароитга нисбатан   туғиладиган   табиий   саволлардир.   Бу саволларга жавоблар излаш асносида уларни буюк ҳикматларга бурканганлигини кўрамиз ва ўзларининг ботил, аҳмоқона хом хаёллари билан одамларни заҳарлаш мақсадида юрган шаккокларнинг ширклари домига тортилишдан сақловчи ёрқин ҳақиқатларни топамиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссаломнинг тўсатдан келиб «Ўқинг», дейиши ваҳий ички, хаёлий, ҳиссий нарса эмаслигини, балки ташқи, самовий  ҳақиқатлигини билдиради. У Зот кўрган, эшитган нарсаларидан қўрқиб кетиб, ғорни ташлаб, қалбида титроқ билан шоша-пиша уйларига келдилар. Оқил, фикрли одам бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинда уни кўтаришга ва оламга ёйишга чақирилажак рисолатни қўлга киритишга интилмаганлигини англайди. Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаган  Зот Аллоҳнинг малоикаларидан бири − Жаброил эканини англатиб, у фаришта Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом одамларга Аллоҳнинг элчиси этиб тайинланганини хабарини бериш учун келганлигини билдириб, у Зотнинг қалбини хотиржам қилиб қўйишга қодир эди. Лекин илоҳий ҳикмат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликдан олдинги шахсияти билан пайғамбарликдан кейинги шахсияти тўлиқ ажралиб туришини кўрсатишни хоҳлади ҳамда Исломий ақида ва қонунлардан бирор нарса у Зотнинг зеҳнида ёки хаёлида аввалдан пишиб етилиб келмаганлигини, ичидан тўқиб олган нарса эмаслигини кўрсатишни ирода қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб боришни, бўлган воқеани унга айтиб беришни Аллоҳ таоло Хадижа онамизнинг кўнглига солиши замирида у Зотга тўсатдан келган бу нарса аввалги пайғамбарларга ҳам нозил қилинган илоҳий ваҳий эканлигини таъкидлаш ва ваҳий воқеасининг моҳиятини тушунишда турли нотўғри тахмин ва тасаввурларга боришнинг олдини олиш ётади. Ваҳийнинг тўхтаб қолишига келсак, Ҳиро ғорида кўринган фаришта узоқ муддат (олти ой) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан яширинишини, ўз навбатида, бундан у Зотни қаттиқ безовталик ўрашини ҳамда бирон ёмон иш қилиб қўйганим учун мени ваҳийга, рисолатга мушарраф қилишни ирода қилган Зот мени ёмон кўриб қолдимикан, деган хавотирлар у кишини чулғаб олишини Илоҳий Ҳикмат ирода қилди. Кейин ўша фаришта осмон билан Ер оралиғида иккинчи бор у Зотга номоён бўлиб: «Эй Муҳаммад, Сиз одамларга юборилган Аллоҳнинг Расулисиз», деганида, яна қўрққанларидан уйларига қайтдилар. Шунда: «Эй (либосларига) бурканиб олган Зот, туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг!» Муддассир сураси, 1-2-оятлар) оятлари нозил бўлди. Демак, мазкур ваҳийнинг бошланиши тўғрисидаги мавзуни саҳиҳ ҳадисда келгандек тушуниш пайғамбарлик, ваҳий тўғрисида шаккоклар одамларнинг онгига сингдирмоқчи бўлган ҳар хил моғор босган сафсаталарни вайрон қилар экан.

02:04 / 27.06.2020
Нубувват
Шаъбон ойларида юз берган муҳим воқеалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларида Шаъбон ойларидаги воқеалар   Ҳижрий 2 йил, шаъбон ойи (мил. 624 йил февраль) – Аллоҳ таоло мусулмонларга душманга қарши...
05:00 / 28.04.2017 Батафсил...
Нубувват
Ражаб ойларида юз берган тарихий воқеалар
(Ражаб уруш ҳаром қилинган тўрт ойнинг биридир) Ҳижратдан аввалги 9 йил, ражаб ойи (нубувватнинг 5 йили / мил. 614 йил апрель-май) – 16 нафар саҳоба Ҳабашистонга ҳижрат қилд...
12:56 / 28.03.2017 Батафсил...
Нубувват
Жумодул-ахиро ойларида юз берган тарихий воқеалар
Ҳижрий 2 йил, жумодус соний ойи (мил. 623 йил декабрь) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир 150-200 муҳожир билан Қурайшнинг Маккадан Шомга йўл олган карвонига қарши ғазотга...
00:00 / 28.02.2017 Батафсил...
Нубувват
Жумодал аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар
  Ҳижратдан аввалги 45 йил, жумодул аввал ойи (мил. 579 йил, апрель боши) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ёшу икки ойу ўн кунлик бўлганларида боболари Абдулмутталиб...
14:08 / 26.06.2020 Батафсил...