Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Ибн Исҳоқ: Яъқуб ибн Утба ибн ал-Муғира ибн ал-Ахнас ўзига ривоят қилинганларни менга шундай нақл этди: қурайшликлар Абу Толибга юқоридаги гапларни айтиб бўлишгач, Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб олдига чақирди ва: «Эй жияним! Қавминг олдимга келиб, менга (юқорида зикр этилган гапларни) шундай-шундай дейишди. Менга ҳам, ўзингга ҳам раҳм қил. Тоқатим етмайдиган ишларни менга юклама», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хаёлларидан амакилари у Зотни хорлаб, мушриклар қўлига топшириб қўйиши ҳамда бу ишда ёрдам бериш ва ёнларида туришга кучи етмаслиги борасида бир тўхтамга келгани ҳақида ўй-фикр ўтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амакижон! Аллоҳга қасамки, бу ишдан воз кечишим учун қуёшни ўнг қўлимга, ойни эса чап қўлимга қўйсалар ҳам, токи Аллоҳ бу ишда муваффақият бермагунча ёки бу йўлда ўлмагунимча ундан воз кечмайман», – деб йиғлаб юбордилар. Ўринларидан туриб кетаётганларида Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата: «Эй жияним, менга қара», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга юзланган эдилар: «Эй биродаримнинг ўғли, бориб, истаганингни гапиравер. Аллоҳга қасамки, сени ҳеч нарса эвазига бериб қўймайман», – деди.