Қурайш жоҳилларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сеҳргарлик ва телбаликда айблашлари
Ибн Исҳоқ: қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зот билан бирга Исломни қабул қилган кишиларга нисбатан азиятларини янада кучайтирдилар. Улар авбошларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши гижгижладилар. Булар эса у Зотни ёлғончига чиқариб озор беришди, шоир, сеҳргар, коҳин ҳамда телба деб айблашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Аллоҳниннг амрини бажаришда ҳеч нарсани яширмай, мушрикларга ёқмайдиган гаплар: араблар динининг айблари ҳамда ўзларининг мушриклар бутларидан юз ўгириб, кофирлардан воз кечганларини ошкора айтган ҳолда давом этдилар.
Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайш етказган энг кўп азиятлар ҳақида Ибн ал-Оснинг айтган сўзи
Ибн Исҳоқ: менга Яҳё ибн Урва ибн Зубайр отаси Урва ибн Зубайрдан, у Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осдан ривоят қилиб, шундай деди: мен отамга: «Қурайшликларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга адовати натижасида етказган озорларининг қайси бирига кўп гувоҳ бўлгансиз?» – деб сўрадим. Отам шундай жавоб берди: «Мен мушриклар билан бирга эдим. Бир куни Қурайшнинг улуғлари ҳижрда тўпланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эсга олиб: «Бу кишичалик сабр косамизни тўлдирган одамни ҳалигача кўрмагандик. У бизларни нодонга чиқарди, ота-боболаримизни ҳақорат қилиб, динимизни айблади,
жамоатимизни бўлиб юборди, илоҳларимизни сўкди. Унга хўп чидадик» ёки шунга ўхшаш сўзларни айтишди. Улар шу тариқа суҳбатлашиб турган пайтларида, баногоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, улар томонга яқинлашиб келдилар ва «рукн»ни «истилом»111 қилиб, Каъбани тавоф этаётганда, улар олдидан ўтдилар. Шунда ўтирганлар таънали сўзлар айтишди. Мен буни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг юзларидан билдим. Сўнг тавофда давом этиб, иккинчи маротаба ўтаёт-ганларида, яна шундай таъна қилдилар. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларидаги ўзгаришдан билиб турардим. Сўнг учинчи маротаба ўтдилар, улар яна шундай таъна қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб: «Эшитяпсизларми, эй Қурайш жамоаси! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизларга ўлимингизни келтирдим», – дедилар. Бу сўзларидан қавмнинг капалиги учиб кетди, ҳатто уларнинг энг ашаддийси ҳам чиройли сўзлар билан: «Кета қол, эй абул-Қосим! Худо ҳаққи, сен нодон одам эмассан-ку», – дея Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тинчлантира бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб кетдилар. Эртаси куни улар яна ҳижрда йиғилдилар. Мен ҳам бирга эдим. Шунда бир-бирларига: «Ундан сизларга, сизлардан унга етаётган озор ҳақида кўп гапиряпсизлар, лекин у пайдо бўлиши билан мум тишлаб оласизлар», – деб туришган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар. Шу пайт ҳаммалари бир бўлиб у Зотга ташланишди ва «Фалон-фалон деяётган сенмисан?» – дея илоҳлари ва динларини айблаётган сўзларини айтиб, ўраб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, шу сўзларни айтаётган менман!» – дедилар. Шунда улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ридоларидан тутган эди, унинг яқинида турган Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлаган ҳолда: «Роббим – Аллоҳ» деган кишини ўлдирасизларми?» – деди. Улар ҳовуридан тушиб, қайтиб кетишди. Қурайш тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етган, мен кўрган озорнинг энг жиддийси мана шу эди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш йўлида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга
етган баъзи озорлар
Ибн Исҳоқ: Абу Бакрнинг қизи Умму Кулсум оиласидан бир кишининг менга айтишича, Умму Кулсум шундай деган: «Ўша куни Абу Бакр боши ёрилган ҳолда қайтиб келди. Қурайшликлар унинг соқолидан тортиб, бошини ёришган эди. Абу Бакр серсоч, серсоқол киши эди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чеккан азиятнинг энг оғири
Ибн Ҳишом: бир олим кишининг менга айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайш томонидан етказилган озорларнинг энг оғири шуки, бир куни у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўчага чиқдилар. Шунда кимга дуч келсалар, хоҳ озод, хоҳ қул бўлсин, барчаси у Зотни ёлғончига чиқариб, озор берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига қайтиб, бу мусибатнинг оғирлигидан ўраниб ётиб олдилар. Шунда Аллоҳ: «Эй (либoслaригa) буркaниб oлгaн киши (Муҳaммaд), туринг-дa, (инсoнлaрни oxирaт тўғрисидa) oгoҳлaнтиринг»112, оятини нозил қилди.