Муҳожирлар Ҳабашистонга келиб тушганларида, Нажоший уларга яхши муомала қилгач, ўша ерда қўним топдилар. Нажоший берган бошпанага шукр айтиб, ҳеч кимдан қўрқмай, Аллоҳга ибодат қилаётганларида Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис ибн Қайс ибн Адий ибн Саҳм Ҳабашистонда ёзилган шеърлардан бирини айтди:
Эй чавандоз, бир хабарни мендан етказиб қўй,
Аллоҳ динин ва рисолатин истаган ҳар кишига!
Макка водийсида зулм кўрган Аллоҳ қулларига,
Қаҳр кўриб, фитна ила азобланган қулларга!
Ки, Аллоҳ ерининг кенглигин кўрдик,
У хорликдан, беҳаёлик ва таҳқирдан қутқарар!
Бу ҳаётда хорликда қолиб кетмангиз!
Ва хўрлигу, беомон айбда ўлиб етмангиз.
Биз Аллоҳ элчисига эргашдик, аммо улар
Ўзларини катта тутдилар, Пайғамбар сўзларин тарк этдилар.
Азобингни туширгин золим бўлган қавмларга,
Уларни олий қилмагинки, менга зулм қиларлар.
Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис ҳам Қурайшнинг ўз юртларига сиғдир-маганини эслаб, бу хусусда баъзиларни айблайди:
Жигарим эзилди,ёлғон айтмайман сенга асло,
Уларнинг менга қарши уришганларини.
Эсласам, ҳатто бармоқларим ҳам титрайди,
Ҳақиқатни ботил ила қориштирмасликни
Ўзингиз ўргатган қавм ила қандай урушай!?
Жинпарастлар муқаддас ердан ҳайдадилар-у,
Қаттиқ ташвишли ишларга қолдилар.
Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис яна дейди:
Ўша Қурайш Аллоҳ ҳаққин инкор этди,
Худди Од, Мадян ва ал-Ҳижр мисоли.
Агар мен таҳдид солсам, бирор ерга сиғмасман,
Қуруқлигу фазою ва на денгизга.
Бир ердаки, унда Аллоҳнинг бандаси Муҳаммад бордир,
Баён қилгум ҳол сўрсалар, дарду аламим!
Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис юқоридаги байти учун «ал-мубриқ» (таҳдид солувчи; порлоқ) деб аталган эди.