Ибн Исҳоқ: менга Муҳаммад ибн Муслим аз-Зуҳрий Абу Бакр ибн Абдураҳмон ибн ал-Ҳорис ибн Ҳишом ал-Махзумийдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Салама бинт Абу Умайя ибн ал-Муғирадан ривоят қилиб, шундай деди: «Биз Ҳабашистон ерига келиб тушганимизда, у ерда яхши муомалада бўлган Нажоший ёнида турдик: динимизга хавф йўқ эди. Аллоҳга ибодат қилар эканмиз, ҳеч ким бизга озор бермасди. Биз ўзимиз ёқтирмайдиган бирор нарсани эшитмасдик. Бу хабар Қурайшга етиб келгач, улар ичларидан иккита устамон кишини биз тўғримизда гаплашиш учун Нажошийга юборишга ва унга Макканинг матоларидан қимматли ҳадяларни тортиқ қилишга келишиб олишди. Маккадан келтириладиган энг яхши нарса тери эди. Нажоший учун кўп миқдорда тери тўплашди. Бирорта ҳам катта руҳонийни қолдирмай, ҳар бирига ҳадя тайинлашди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа ва Амр ибн ал-Осни тортиқлар билан юбора туриб, ўзларининг гапларини ҳам тайинлаб: «Сиз ҳар бир руҳонийга ҳадясини Нажоший билан мусулмонлар хусусида сўзлашмасдан туриб беринг. Кейин ҳадяларни Нажошийга тақдим қилинг, шундан сўнг Нажоший муҳожирлар билан гаплашмасидан олдин уларни сизга топширишини сўранг», – дейишди. Иккаласи Маккадан чиқиб, Нажоший ҳузурига етиб келди. Биз эса энг яхши жойда, энг яхши қўшнининг ёнида эдик. Руҳонийлардан бирортасини қолдирмай, Нажоший билан гаплашмай туриб ҳадяларини бердилар. Руҳонийларга: «Юртингизга бизнинг қавмдан ўз динидан қайтиб, сизнинг динингизга ҳам кирмаган ўспиринлар келиб жойлашди. Улар биз ҳам, сиз ҳам билмайдиган, янги ўйлаб чиқилган дин келтирдилар. Бизни қавмнинг энг обрўли кишилари подшоҳ ҳузурига бу хусусда гаплашиб, уларни қайтариш учун юборишди. Подшоҳ билан гаплашганимизда, сизлар подшоҳга уларни бизга топширишини, улар билан сўзлашмасликни маслаҳат берсангиз. Чунки қавми уларни яхшироқ таниб, уларни нимада айблаётганини яхшироқ билади», – дейишди. Руҳонийлар элчилар сўзини маъқуллашди. Сўнг иккиси келтирган ҳадяларни Нажошийга топширишди, Нажоший эса уларни қабул қилди, сўнг улар нажошийга: «Эй подшоҳ, сизнинг юртингизга биздан ақлсиз ўспиринлар қочиб келишди. Улар ўз динидан воз кечиб, сизнинг динингизга ҳам киришмаган, бизга ҳам, сизга ҳам маълум бўлмаган, ўзлари ўйлаб чиқарган янги динни олиб келишган. Уларнинг қавми ичидаги энг обрўли кишилар: оталари, амакилари ва қариндошлари уларни қайтаришингиз учун бизни ҳузурингизга юборишди. Улар бу ўспиринларни яхшироқ танийдилар ва уларни нима билан айблаб, қайси ишда тергаб-койиганларини яхшироқ биладилар», – дейишди.
Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа ва Амр ибн ал-Ос учун Нажошийнинг мусулмонлар сўзига қулоқ тутиши энг ёқимсиз иш эди. Унинг атрофидаги руҳонийлар: «Эй подшоҳ, улар рост айтишмоқда. Қавмлари уларни яхшироқ танийди ва нимада айблаётганларини ҳам яхшироқ биладилар. Сиз муҳожирларни бу иккисига топширинг, уларни ўз юртлари ва қавмига қайтарсинлар», – дейишди. Шунда Нажоший ғазабланиб: «Асло! Аллоҳга қасамки, мен уларни асло бермайман! Агар бир қавм менинг юртимга келиб, мендан бошпана сўраса, ўзгалар ичидан мени танлаган бўлса, уларни чақиртириб, мана бу иккисининг улар ҳақида айтаётган таъналарини сўраб-суриштираман. Агар мана бу иккиси айтаётгани рост бўлса, уларни топшираман ва қавмларига қайтараман. Агар бундай бўлмаса, бу иккисидан ҳимоя қиламан. Юртимда қанча муддат турсалар, шунча муддат гўзал муомала қиламан», – деди.