21 жумадул аввал 1446
Абу Жаҳл ва ал-Ироший

Ибн Исҳоқ: Абдулмалик ибн Абдуллоҳ ибн Абу Суфён ас-Сақафий (у қўриқчи эди) менга шундай ривоят қилди: Ирош уруғига мансуб бир одам (Ибн Ҳишом: унга Ироша ҳам дейилади) туялари билан бирга Маккага келди. Абу Жаҳл ундан туяларини сотиб олди-ю, ле­кин пулини тўлашни пайсалга солди. Ҳалиги одам эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг бир бурчагида ўтирганларида Қурайшнинг йиғин жойига келиб: «Эй Қурайш жамоаси! Абул Ҳакам ибн Ҳишомдан ҳаққимни олиб беришда ким менга ёрдам беради? Мен келгинди, му­софир одамман. У эса ҳаққимга эгалик қилиб олди», – деди. Ана шу мажлисдагилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Жаҳл орасидаги адо­ватдан воқиф бўлганликлари боис масхаралаб: «Унга (Муҳаммадга) бор, у сенинг ҳаққингни олиб беради», – дейишди.

Ироший Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Абул Ҳакам ибн Ҳишом ҳаққимга эга чиқиб олди. Мен ғариб, мусофир одамман. Мен анави жамоатдан ҳаққимни олиб бе­ришда ёрдам берадиган одам ҳақида сўраган эдим, сизни тавсия этиш­ди. Ундан ҳаққимни олиб беринг, Аллоҳ сизга марҳамат қилсин!» – деди. (ровий) деди: ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Абу Жаҳлнинг олдига боришди. Абу Жаҳлнинг одамлари ҳалиги шикоят­чининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қолганини кўришгач, оралари­дан бирига: «Ортларидан бор, қара-чи, нима қиларкин?» – дейишди.

(Ровий) деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам абу Жаҳлнинг уйига бориб эши­гини қоқдилар. Ичкаридан: «Ким у?» деган овоз келгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг олдимга чиқ», дедилар. Абу Жаҳл ташқарига чиқди-ю, ранги бўздай оқариб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу одамнинг ҳаққини бер!» – дедилар. Абу Жаҳл: «Яхши, унинг ҳаққини олиб бермагунимча, кетиб қолма», – деди. Сўнг ичкари кириб ҳаққини олиб чиқиб тўлади. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердан узоқлашдилар ва ҳалиги одамга: «Ҳақ сеники эди ва у олинди», – дедилар. Ал-Ироший эса қайтишида унга маслаҳат берган мажлис олдида тўхтаб: «Аллоҳ Муҳаммадни мукофотласин, Абул Ҳакамдан ҳаққимни олиб берди», – деди.

(Ровий) деди: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам изидан юборилган одам қайтган эди, мажлисдагилар унга: «Шўринг қургур, нималар кўрдинг?» – дейишди. Айғоқчи: «Ажойиб ишлар бўлди. Аллоҳга қасамки, Муҳаммад унинг эшигини қоққан эди, эшикни очди-ю, ранги оқариб кетди. Муҳаммад унга: «бу одамнинг ҳаққини бер» деган эди, у: «Яхши, унинг ҳаққини олиб бермагунимча кетиб қолма», деди. Сўнг дарҳол олиб чиқиб ҳалиги одамга берди», – деди. Кўп ҳам ўтмасдан Абу Жаҳлнинг ўзи келиб қолди. Мажлисдагилар унга: «Шўринг қурсин, сенга нима бўлди? Сенинг бу қилган ишингга ўхшашини асло кўрмаганмиз», – дейишди. Абу Жаҳл: «Сизнинг шўрингиз қурсин. Аллоҳга қасамки, Муҳаммад эшигимни қоққанида овози­ни эшитар-эшитмас қалбим қўрқувга тўлди. Олдига чиқдим. Унинг боши узра бир эркак туя турарди. Ҳеч қачон ундай важоҳатли эркак туяни кўрмаганман. Аллоҳга қасамки, агар талабини рад этганимда туя мени ўша ернинг ўзида еб қўярди», – деди.

14:43 / 26.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...