
Ибн Ҳишом: Ғуфранинг қули Умар, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толибдан ривоят орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларини зикр этиб шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам на беўхшов узун ва на қисқа чўкик бўйли, балки қавмнинг ўрта бўйли кишиси эдилар. На жуда жингалак соч ва на силлиқ соч эдилар. Сочлари таралгандек силлиқ турарди. На ҳаддан ташқари гавдали (гўштдор) ва на юмалоқ юзли эдилар. Танлари оққа тортарди. Кўзлари тим қора, киприклари узун эди, бўғин ва мускул суяклари ҳамда икки елка орасидаги суяклари йирик эди; кўкракларидан киндикларигача узанган мўйлар ингичка саф тортган эди, баданларида туклари кам эди; икки кафт ва оёқлари сергўшт (йирик) эди. Юрганда оёқлари гўё юқоридан тушаётгандек тез ҳаракат қиларди. Агар бир томонга бурилсалар, бутун гавдалари билан бурилар эдилар. Икки кураклари орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги Пайғамбар эканликларига доир нубувват муҳри бор эди. Инсонларнинг энг сахийси, энг сабрлиси, энг тўғри сўзлиси, берган ваъдасида турувчиларнинг афзали, энг яхши муомалали ва турмушда ҳам энг карамли Зот эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи марта кўрган киши ҳайбатларидан чўчирди. У Зотни бир кўрган киши дарҳол ёқтириб қоларди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таърифловчи киши (Али розияллоҳу анҳу): «У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин ҳам, кейин у кишига ўхшайдиган ҳам ўхшайдиган бирор кишини кўрмадим», дейди.