Ибн Исҳоқ: Муҳаммад ибн Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайф отаси Абу Умомадан, у эса Абдураҳмон ибн Каъб ибн Моликдан менга шуларни ривоят қилди: отам Каъб ибн Моликнинг кўзлари кўрмайдиган бўлиб қолгач, бирга етаклаб юрардим. Ҳар жума намозига чиққанимизда азонни эшитар-эшитмас дарҳол Абу Умома Асъад ибн Зуроранинг ҳақига дуо қиларди. Вазият бир муддат шундай давом этди. Жума намози азонини эшитса, албатта, унинг ҳақига дуо қилар ва Аллоҳдан мағфират сўрарди. Ўзимча: «Аллоҳга қасамки, мендаги бу ҳолат ожизлик аломати. Жума намозига азон айтилганда унинг Абу Умома Асъад ибн Зурора ҳақига дуо қилиши сабабини нега сўрамайман, ахир», дедим. Ҳар доим бўлганидек, яна бир жума куни у билан бирга чиқдим. Жума намози учун айтилган азонни эшитгач, яна унинг ҳақига дуо қилиб, Яратгандан уни мағфират қилишини сўради. Шунда унга: «Эй отажон, нима учун азонни эшитганингизда Абу Умоманинг ҳақига дуо қиласиз?» – деб сўрадим. У менга: «Эй болажоним, у бизни Мадинадаги ҳазм ан-Набийтда233, Нақийъ ал-Хадамот деб номланадиган Бани Баёда тошлоғида йиғиб, бизга жума намозини ўқиб берган биринчи киши эди», – деди. Яна: «У кунда йиғилганлар неча киши эдингиз?» – дедим мен. У: «Қирқ киши эдик», – деб жавоб берди.