
Ибн Исҳоқ: Осим ибн Умар ибн Қатода менга шундай ривоят қилди: Вакиллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бериш учун йиғилганларида Бани Солим ибн Авф уруғидан ал-Аббос ибн Убода ибн Надла ал-Ансорий: «Эй хазражликлар жамоаси! Бу одамга нима учун байъат бераётганингизни биласизми ўзи?» – деб сўради. Улар: «Албатта», – дейишди. Ал-Аббос: «Сизлар унга инсонларнинг қизил-у қорасига қарши жанг қилишга байъат бермоқдасиз. Агар сизлар молларингиз камайиши ва аслзодаларингизнинг ўлдирилишини мусибат деб билиб, уни душманларига топшириб қўйсангиз, бу иш, Аллоҳга қасамки, дунё ва охиратда хорлик бўлади; агар сиз унга молларингиз камайиши ва аслзодаларингиз ўлдирилишига қарамасдан даъват қилган ишларида унга содиқ қолсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб кетинг. Аллоҳга қасамки, У дунё ва охиратнинг энг хайрли кишисидир», – деди. Улар: «Биз Уни− Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни − молларимизга мусибат етиши ва аслзодаларимиз ўлдирилишига қарамасдан қабул қиламиз. Эй Аллоҳнинг Елчиси! Агар биз аҳдимизга содиқ қолсак, бизга нима бўлади?» – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат», – дедилар. Шунда улар: «У ҳолда қўлингизни узатинг», – дейишди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини узатдилар ва улар байъат беришди.
Осим ибн Умар ибн Қатода: «Аллоҳга қасамки, ал-Аббос бу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган сўзни вакиллар зиммасига ҳақиқий маънода юклаш учун айтган эди», – дейди.
Аммо Абдуллоҳ ибн Абу Бакр эса: «Ал-Аббос бу сўзларини Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ҳам келишидан умидвор бўлиб, вакилларни ўша кечада бу ишдан кечиктириш учун айтган эди. Бу вакилларнинг мавқеларини кучлироқ қиларди. Булардан қайси бирининг тўғри эканини Аллоҳ билувчироқдир», – дейди.
Ибн Ҳишом: Салул Хузоъадан бир аёл бўлиб, у Убай ибн Молик ибн ал-Ҳориснинг онасидир.