Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишом Зиёд ибн Абдуллоҳ ал-Баккоийдан, у эса Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Мутталибийдан ривоят қилади: Ақаба байъатидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жанг қилиш учун рухсат берилмаган, қон тўкиш ҳалол қилинмаганди. Фақатгина ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга даъват этиш, азиятларга сабр қилиш ва жоҳилларни авф этишга буюрилган эдилар. Қурайшликлар муҳожирлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганларга тазйиқ ўтказар, уларни динларидан чиқариб, юртларидан сургун қилишарди. Бу мусулмонлар одатда динларига ошиқ инсонлар, қурайшликлар қўлида азоб кўрганлар, юртларидан қочиб, Ҳабашистон ерлари ва Мадинага, хуллас, ҳар тарафга тарқалиб кетганлардан ташкил топарди. Қурайшликларнинг Аллоҳга нисбатан туғёнлари, мусулмонларга зулмлари ортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга олиб келган эзгуликни қабул қилмасдан, Аллоҳни якка билиб, унга сиғинган ва Пайғамбарини тасдиқлаб динига маҳкам боғланганларни азоблаб сургун қилганларида Аллоҳ ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга мусулмонларга зулм қилганлар устидан ғолиб бўлиш учун жанг қилишга рухсат берди. Урва ибн Зубайр ва бошқа олимлардан менга ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга золимларнинг қонини тўкишни ҳалол қилиб туширилган жанг ҳақидаги илк оят шудир: (Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам қилишга қодирдир. Улар ўз диёрларидан фақатгина«Роббимиз Аллоҳдир», деганлари учун ноҳақ қувилган эдилар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларда) узлатгоҳлар, (насронийларда) бутхоналар, (яҳудийларда) ибодатхоналар ва (мусулмонларда) масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ ўзига (динига) ёрдам берадиганларга ёрдам берур. Шубҳасиз, Аллоҳ кучли ва қудратлидир. (Улар) шундай кишиларки, агар Биз уларни ер юзига ғолиб қилсак, намозни баркамол адо этадилар, закотни берадилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг измидадир (барча ишнинг тақдирини У белгилайди)240. Яъни мен жангни уларга зулм қилинаётгани учун ҳалол қилдим. Улар билан қурайшликлар орасидаги зиддият фақатгина холис Аллоҳга ибодат қилишлари сабаблидир. Яъни бу инсонлар ғолиб бўлсалар, намоз ўқиб, закот берадилар, маъруф (яхшилик)га буюриб, мункар (ёмонлик)дан қайтарадилар. Бу инсонлардан кўзда тутилганлар Пайғамбар ва саҳобаларидир. Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин. шундан сўнг Аллоҳ мана бу оятни нозил этди: «Фитна босилиши учун улар билан урушингиз!»241
Мўмин динидан чиқарилмасинки, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунига қадар (урушинг)242, яъни Аллоҳга ибодат этилиб унга шерик қўшилмагунгача жанг қилинг, демакдир.