Ибн Исҳоқ: мен ривоятига ишонган кишилар Урва ибн аз-Зу-байрдан, у эса мўминлар онаси Оишадан менга ривоят қилишди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг уйига куннинг бир қисмида, ё эрталаб ёхуд кечки пайт келишни ҳеч канда қилмасдилар. Ҳижратга рухсат берилган кунда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига келишга одат қилмаган пайтда келдилар. Абу Бакр у Зотни бу ҳолда кўргач: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу соатда фақатгина янги иш юзага келгани учун келадилар», деди. У Зот уйга кирганларида Абу Бакр ўтирган ўрнини Расулуллоҳга бўшатдилар. Абу Бакрнинг ёнида мен ва опам Асмо бинт Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг ҳузуримдан олдингиздагиларни чиқаринг», – дедилар. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам), булар менинг икки қизимдир,нима бўпти? Ота-онам сизга фидо бўлсин, айтинг», – деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ менинг Маккадан чиқиб Мадинага боришимга − ҳижратга рухсат берди», – дедилар. Абу Бакр дарҳол: «Ҳамроҳликдами ё Расулуллоҳ, биргаликдами?» – деб сўради. Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, йўлда ҳамроҳлик қиласиз»,
– дедилар. (Оиша) деди: «Аллоҳга қасамки, ўша кунда Абу
Бакрнинг хурсандчиликдан йиғлаганини кўрганимдек бундан олдин ҳеч кимнинг севинчдан бундай йиғлаганини кўрмадим ва эшитмадим». Сўнгра Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг элчиси! Мана бу икки уловни шунинг учун тайёрлаб қўйган эдим», – деди. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Арқатни йўл кўрсатувчи сифатида ёллаб, икки уловни унга бердилар. Абдуллоҳ мушрик бўлиб онаси Бани Саҳм ибн Амрдан, ўзи эса Бани ад-Дуил ибн Бакрдан эди. У уловларни йўлга тушиш вақти келгунгача боқиб турди.
Ибн Исҳоқ: менга етиб келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлга чиқишлари ҳақида Али ибн Абу Толиб, Абу Бакр ас-Сиддиқ ва унинг оиласидан бошқа ҳеч ким билмас эди. Алига келсак, (менга етиб келишича) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йўлга чиқишларидан хабардор қилиб, Маккада қолиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммаларидаги омонатларни эгаларига топшириш билан вазифалантирган эдилар. Маккада кимнинг йўқотишдан қўрққан бирон нарсаси бўлса, ростгўйлиги ва омонатдорлиги боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб топширарди.