Мана шу мунофиқлар масжидга келиб мусулмонларнинг сўз-ларини тинглашар ва масхара қилиб, динлари устидан кулишар эди. Бир куни улардан бир гуруҳи масжидда тўпланишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ўзаро паст овозда гаплашиб ўтирганларини кўриб, уларни масжиддан куч билан қувиб чиқаришни буюрган эдилар, улар масжиддан куч билан қувилдилар: Абу Айюб Холид ибн Зайд ибн Кулайб ўрнидан турди, Бани Ғанм ибн Молик ибн Нажжорлик Амр ибн Қайснинг олдига бориб, оёғидан олди ва судраганча масжиддан олиб чиқиб ташлади. У эса: «Эй Абу Айюб! Нима, мени Бани Саълабанинг турар жойидан ҳайдаяпсанми?!» – деганича қолаверди. Сўнг Абу Айюб Бани Нажжорлик Рофеъ ибн Вадиъага яқинлашди ва ёқасидан тортиб, юзига бир мушт туширди-да: «Суф сенга, эй жирканч мунофиқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига қадам босмагин», – дея масжиддан чиқариб юборди.
Имора ибн Ҳазм Зайд ибн Амрнинг олдига борди, Зайднинг соқоли узун эди, Имора унинг соқолидан тутиб етаклаганча масжиддан олиб чиқди ва икки қўлини бир қилиб кўкрагига қаттиқ зарба берди. Шунда Зайд: «Эй Имора, ёмон урдинг», деганча ерга думалади. Имора: «Аллоҳ сени узоқлаштирсин, эй мунофиқ! Аллоҳ сенга тайёрлаб қўйган азоби бундан-да қаттиқроқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига яқинлашмагин», деди.
Бадр жангида иштирок этган Бани Нажжорлик Абу Муҳаммад Масъуд ибн Авс ибн Зайд ибн Асрам ибн Зайд ибн Саълаба ибн Ғанм ибн Молик ибн Нажжор ўрнидан туриб Қайс ибн Саҳл ибн Амрнинг (у ёш йигит бўлиб, мунофиқлар ичида бундан ёшроғи маълум эмас эди) гарданидан итарганча, масжиддан чиқариб ташлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқларни масжиддан чиқариб юборишга буюрган пайтда Абу Саид ал-Худрийнинг гуруҳидан бўлган ал-Худра ибн хазражлик Абдуллоҳ ибн Ҳорис деган киши Ҳорис ибн Амрнинг олдига борди, у сочи узун одам эди, сочидан судраб масжиддан олиб чиқиб ташлади. Мунофиқ: «Менга қўполлик қилаяпсан, эй ибн Ҳорис!» – деганда, у: «Аллоҳ сен ҳақингда оят нозил қилгани сабабли сен шунга лойиқсан, эй Аллоҳнинг душмани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига яқинлашмагин, чунки сен нопоксан», – деб жавоб берди.
Шунингдек, Бани Амр ибн Авфлик бир киши биродари Зувай ибн Ҳорисни уришиб: «Сени шайтон ва унинг иши енгиб қўйди», – дея куч билан чиқариб юборди.
Шу куни масжидда ҳозир бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқариб юборишга буюрган мунофиқлар мана шулардир.