Абдуллоҳ ибн Жаҳш ва шерикларининг юзлари ёруғ бўлгач (оят тушган пайтда), савоб умид қилиб: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Бу ғазотимизни мужоҳидларнинг савоби бериладиган даражадаги ғазот бўлишини умид қилсак бўладими?» – дедилар. Аллоҳ таоло улар ҳақида: «Иймoн кeлтиргaн, (вaтaнлaридaн) ҳижрaт қилгaн вa Aллoҳ (тoaти) йўлидa жидду жaҳд қилгaн кишилaр – aйнaн ўшaлaр Aллoҳнинг рaҳмaтидaн умид қилурлaр. Aллoҳ (эсa) кeчирувчи вa рaҳмлидир» оятини нозил қилди ва бу билан Аллоҳ таоло уларга энг улуғ орзуни берди. Бу ҳақдаги ҳадис Зуҳрийдан, у Язид ибн Румондан, у Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинган.
Ибн Исҳоқ: Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг оиласидан баъзиларининг айтишича: Аллоҳ таоло ўлжани ҳалол қилиб, бешга тақсимлади ва бешдан тўрт қисми уни қўлга киритганларга, бешдан бир қисми Аллоҳ ва Расулига берилди. Бу тақсимот Абдуллоҳ ибн Жаҳш тақсимлаганига мос тушди.
Ибн Ҳишом: мусулмонлар қўлга киритган илк ўлжа мана шу; Мусулмонлар ўлдирган энг биринчи шахс Амр ибн Ҳадрамий; мусулмонлар қўлга олган илк асирлар Усмон ибн Абдуллоҳ ва Ҳакам ибн Кайсонлардир.
Ибн Исҳоқ: Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг ғазоти хусусида Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай деди: (ибн Ҳишом: бу шеърни Абдуллоҳ ибн Жаҳш айтган):
Сиз таъқиқланган ойларда одам ўлдиришни катта гуноҳ санайсиз. Ҳолбуки, ундан ҳам каттароғини етук кишининг ўз ақли билан кўришини хоҳлардим.
Сизнинг Муҳаммад айтганларидан юз ўгиришингиз ва уни инкор этишингиз, буларнинг барчасига Аллоҳ гувоҳдир,
Аллоҳнинг масжидидан унинг аҳлини бирорта Аллоҳга сажда қилувчи қолмаслиги учун чиқаришингиз... (буларнинг ҳаммаси катта гуноҳ),
Сиз ҳар қанча бизни одам ўлдириш билан айблаётган бўлсангиз ҳам, сиз тажовузкор ва ҳасадгўй сифатида Исломга қарши халқни гижгижладингиз.
Биз Нахлада Ибн ал-Хадрамийнинг қони билан найзаларимизни суғордик ва Воқид (олов ёқувчи) жанг оловини қон билан ёқди.
Усмон ибн Абдуллоҳ эса орамизда қўлидан тўхтовсиз қон оқизган, бир тасма билан маҳкам боғланган.
Ибн Исҳоқ: Қибла шаъбон ойида – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларининг ўн саккизинчи ойи бошларида ўзгартирилди.