Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Ибн Исҳоқ: менга Ҳиббон ибн Восеъ ибн Ҳиббон қавмининг ёши улуғларидан ривоят қилиб айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни қўлларида ўқ билан қўшин сафини тузатар эдилар. Бани Адий ибн Нажжорнинг иттифоқдоши Саввод ибн Ғозийя (ибн Ҳишом: ансорлар ичидаги Савод бошқа) сафдан олдинга чиқиб қолган эди. Унинг қорнини ўқ билан туртиб: «Сафни тўғрила, эй Саввод!» – дедилар. У: «Оғритдингиз, ё Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳ сизни ҳақ ва адолат билан юборган, қасос олишимга имкон беринг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринларини очиб: «Қасос ол», – дедилар. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қучоқлаб, қоринларидан ўпди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нега бундай қилдинг, эй Саввод?» – деб сўрадилар. У: «Нима бўлишини кўриб турибсиз, эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам! Охирги нафасимда терим терингизга тегишини хоҳладим», – деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга яхши сўзларни айтиб, дуо қилдилар.