Ибн Исҳоқ: менга Абдуллоҳ ибн Абу Бакр, ибн Аббосдан ривоят қилиб, шундай деди: «Менга Бани Ғифорлик бир киши айтиб берди: «Мен амакимнинг ўғли билан Бадр кўриниб турадиган тоққа чиқдик. Бу пайтда иккаламиз ҳам мушрик эдик. Ўлжаларни талаш учун мағлубият ким томонда бўлишини кузатиб турардик. Шу пайт яқинлашиб келаётган булутдан отнинг кишнаши ва «Олға ҳайзум!406» деган овозни эшитдик. Амакимнинг ўғли юраги ёрилиб, ўша ерда вафот этди, менинг ҳам ҳалок бўлишимга оз қолди».
Ибн Исҳоқ: менга Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Бани Соъидалик баъзи кишилардан, у Абу Усайд Молик ибн Рабиъадан (у Бадрда қатнашган эди) ривоят қилиб деди: «У кўзи кўр бўлиб қолгандан сўнг: «Агар бугун Бадрда бўлиб, кўзим очиқ бўлганида сизларга фаришталар чиқиб келган дарани кўрсатган бўлар эдим, бунга шубҳа ҳам қилмайман, иккиланмайман ҳам», – деди.
Ибн Исҳоқ: менга Абу Исҳоқ ибн Ясор Бани Мозин ибн Нажжорлик бир кишидан, у Бадрда қатнашган Абу Довуд ал-Мозинийдан ривоят қилиб деди: «Мен Бадр жангида мушриклардан бирини ўлдирмоқчи бўлсам, қиличим ҳали етиб бормасдан унинг боши узилиб тушар эди. Мендан бошқа кимдир ўлдирганини билардим», – дейди.
Ибн Исҳоқ: ишончли бир одам Абдуллоҳ ибн Ҳориснинг озод қилган қули Миқсамдан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: «Бадр куни фаришталарнинг белгилари оқ салла бўлиб, уни орқаларига осилтириб олишган эди. Ҳунайн жангида қизил салла эди».
Ибн Ҳишом: менга баъзи аҳли илмлар Алий ибн Абу Толиб шундай деганини айтишди: «Бадр куни фаришталарнинг белгилари оқ салла бўлиб, орқаларига тушириб олишган эди. Фақатгина Жаброил алайҳиссалом салласининг ранги сариқ эди».
Ибн Исҳоқ: ишончли бир одам Миқсамдан, у ибн Аббосдан ривоят қилиб деди: «Бадрдан бошқа кунда фаришталар жанг қилмадилар. Бошқа кунларда улар урушмасдан сон жиҳатидан мадад бўлиб турдилар».