23 жумадул аввал 1446
Абул Ос ибн Рабиънинг Исломни қабул қилиши
 

Ибн Исҳоқ: Ислом эр-хотин ўртасини ажратгач, Абул Ос Мак­када, Зайнаб эса Мадинада – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида яшаётган эди. Макка фатҳига яқин Абул Ос (у тижорат ишларида ишончли одам эди) қурайшликларнинг молларини олиб, тижорат мақсадида Шомга йўл олди. Тижоратини битириб, ортга қайтгач, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшинлари дуч келиб, хамма молини олиб қўйдилар. Ўзи эса зўрға қочиб қутилди. Қўшин молларни олиб кетгач, Абул Ос тун қоронғусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнаб­нинг олдига келиб, ҳимоясига олишни сўради ва у ҳимоясига олди. Абул Ос молини олиб кетиш учун келган эди. Язид ибн Румоннинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига чиққанларида, такбир айтдилар, орқаларидан қавм ҳам такбир айтди. Сўнг Зайнаб аёллар овозида: «Эй одамлар! Мен Абул Ос ибн Рабиъни ўз ҳимоямга ол­дим», – деб қичқирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатиш учун салом бергач, қавмга юзланиб: «Эй одамлар! ен эшитган гапни сизлар ҳам эшитдингизми?» – деб сўрадилар. Улар: «Ҳа!» – деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зот­га қасамки, сиз эшитган овозни эшитгунимга қадар бу нарса ҳақида билмас эдим. Мусулмонларнинг энг қуйиси ҳам бировни ҳимоясига олишга ҳақли!» – дея бурилиб кетдилар ва қизларининг олдига ки­риб: «Эй қизгинам! Унга яхши жой бер, лекин сенга яқинлашмасин. Сен унга ҳалол эмассан», – дедилар.

Ибн Исҳоқ: менга Абдуллоҳ ибн Абу Бакрнинг айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абул Оснинг молини қўлга киритган қўшинга одам юбориб: «Сиз бу одам куёв эканини яхши биласиз. Унинг моли­ни қўлга олибсиз. Агар яхшилик қилиб, молини ўзига қайтариб бер­сангиз, биз хурсанд бўламиз. Агар бош тортсангиз, у Аллоҳнинг сиз­га берган ўлжасидир, сиз унга ҳақлисиз», – дедилар. Улар: «Қайтариб берамиз, эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам!» – деб қайтариб бердилар. Ҳатто бир киши челак, яна бир киши меш, ундан бошқаси чарм идиш ва ҳатто бири идиш оғзини беркитадиган ёғоч қопқоққача, бирор нар­са қолдирмай, олиб келиб топширдилар.

Абул Ос молларни Маккага олиб бориб, ҳаммасини ўз эгалари­га топширди ва: «Эй Қурайш жамоаси! Ҳеч кимнинг олмаган моли менда қолмадими?» – деб сўради. Улар эса: «Йўқ, Аллоҳ сени му­кофотласин! Сени ишончли ва карамли эканлигингга яна бир бор амин бўлдик», – деб жавоб бердилар. У: «Мен Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва Пайғамбари эканлигига гувоҳлик бераман. Аллоҳга қасамки, унинг ҳузурида мусулмон бўлишдан мени ман қилган нарса сизлар «Молимизни еб кетди» деб, ўйлаб қолишингиздан қўрққанимдир. Аллоҳ сизларга молларингизни топ­ширгач, мен қарзимдан фориғ бўлдим ва мусулмон бўлдим», – деб айтди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига йўл олди.

Ибн Исҳоқ: менга Довуд ибн Ҳусайн Икримадан, у Ибн Аббос­дан ривоят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабни унга бирин­чи никоҳи билан қайтариб бердилар. Олти йил ўтган бўлса-да, қайта никоҳламадилар».

Ибн Ҳишом: менга Абу Убайда айтди: Абул Ос тижотат моллари билан Шомдан қайтиб келгач, унга: «Ўша ерда мусулмон бўлиб, бу молларни ўзинг билан олиб қолмадингми, ахир бу мушрикларнинг моллари эди-ку?» – дейилганда, у: «Исломни омонатга хиёнат қилиш билан бошлаш нақадар ёмон!» – деб жавоб берган эди.

Ибн Ҳишом: менга Абд ал-Ворис ибн Саид Таннурий Довуд ибн Абу Ҳинддан, у Омир аш-Шаъбийдан ҳам шунга ўхшаш хабарни ри­воят қилган.

Ибн Исҳоқ: бизга номлари айтилган, фидясиз марҳамат кўрсатилиб озод қилинганлар:

Бани Абдушшамс ибн Абдуманофдан: Абул Ос ибн Рабиъ ибн Аб­дулуззо ибн  Абдушшамс – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Зайнаб фидясини юборгандан кейин марҳамат кўрсатган эдилар;

Бан Махзум ибн Яқазадан: Мутталиб ибн Ҳинтоб ибн Ҳорис ибн Убайда ибн Умар ибн Махзум. Ибн Ҳишом: Уни Бану Нажжорнинг биродари Холид ибн Зайд Абу Айюб ал-Ансорий асирга олган.

Сайфий ибн Абу Рифоъа ибн Обид ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Махзум – унинг ортидан ҳеч ким келмагач, фидясини ўзи олиб келиб бериши ҳақида ваъдасини олиб, қўйиб юборишган эди. У эса ҳеч нар­са олиб келмади.

Шунда Ҳассон ибн Собит бир байтда бундай деган:

Сайфийнинг берган сўзи устидан чиқиши кутилмайди. У ўз жо­нини қутқарган тулкидир.

Абу Азза Амр ибн Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Аҳяб ибн Ҳузофа ибн Жумаҳ – қизлари кўп, муҳтож одам эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам! Биласиз, молим йўқ, ўзим мухтож, аёлманд одамман, менга марҳамат қилинг», – деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан кейин мусулмонларга қарши ҳеч кимга ёрдам бермас­лиги ҳақида ваъдасини олиб, уни қўйиб юбордилар.

Абу Азза шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатларини қурайшликларга мақтаб шу шеърни айтди:

Расулуллоҳ Муҳаммадга менинг «Сиз ҳақиқатни келтирдингиз, подшоҳ деганлари мақтовга сазовор бўлади» деган сўзимни ким ет­казади?

Сиз ҳақиқат ва ҳидоятга чақирувчи Зотсиз, бенуқсон Аллоҳ бунга гувоҳдир.

Сиз биз араблар орасида ҳақиқий маънода улуғ мақомга кўтарилдингизки, у мақомнинг енгиллиги ва юксалиши бор.

Сиз кимга қарши жанг қилсангиз, улар, шаксиз, бахтсиздирлар, сиз тинчлик эълон қилган кимсалар эса бахтиёр инсонлардир.

Лекин менга Бадр ва Бадрга қатнашганлар эслатилса, устимга ҳасрат ва қайғу чўкади.

 
11:36 / 29.01.2013
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...