8 жумадис сони
1446
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб» танлови ғолиблари
Роббимиз Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга беадад дуруду саловатлар бўлсин!
Мана, Аллоҳ таолонинг марҳамати ила Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари муносабати билан эълон қилинган «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб» номли танловимиз ҳам якунига етиб, хулосаларини эълон қилиш арафасида турибмиз. Ушбу бир ой ичида танловга берилган мактублар сони 18тага етди. Уларни ўқир эканмиз, беихтиёр кўзларимизга ёш қалқди, қалбларимиз сурурга тўлди. Чунки бу мактубларнинг ҳаммаси ҳам халқимизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг рамзи, аломати эди. Уларнинг ҳар бири бир муборак қалбнинг самимий нидоси экани эътиборидан алоҳида таҳсинга сазовор. Аммо танловнинг қоидасига кўра, улардан айримларини ғолиблар деб эътироф этишга тўғри келади. Мактубларнинг мазкур савияда экани уларнинг ичидан ғолибларни танлашда ҳакамларимизга бироз қийинчилик ҳам туғдирди. Шундай бўлса-да, бор имкониятни ишга солиб, танлов натижаларини холисона белгилашга ҳаракат қилинди. Совринли ўринлар сони бештага етказилди. Уларга муносиб ғолибларни аниқлаш учун мактублар ҳакамлар ҳайъатига ҳавола қилинди. Ҳакамлар бир-бирларидан тамоман бехабар ҳолда ўзлари танлаган номзодларни кўрсатишди. Энг кўп овоз олган қатнашчимиз биринчи ўринга муносиб деб топилди. Қолган ўрин эгалари ҳам шу асосда аниқланди: 1) Valiy.uz;2) Фотима;
3) Бойхонов Фозилхон;
4) Бир биродар;
5) Анвар Хўжахонов.
Махсус ўрин: QosimAbdulloh
Фурсатдан фойдаланиб, сайтимиз ходимлари номидан барча қатнашчиларимизга чин дилдан ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз ва келгуси ишларида каттадан-катта муваффақиятлар тилаб қоламиз. Ғолибларни тақдирлаш учун тақдимот кунини кейинроқ эълон қиламиз, иншааллоҳ. Ғолибларни муносиб совғалар кутмоқда!Ғолибларнинг мактублари
1) Valiy.uz. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ё Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам! Мана, бу кун биродарларим сиз томон ўз самимий тилакларини армуғон этиб мактуб ёзмоқдалар. Мен эса сизга мактуб ёзмоқчи эмасман, Устоз. Чунки мен сизга аллақачон мактуб ёзиб қўйган эдим... Деярли бир йил давомида ёздим бу мактубни. Ҳар гал дунё ишларидан безганда, қаерларгадир қочиб кетгим келганда телбаларча ёздим бу мактубни. Динимни сизсиз турли фирқаларга бўлиниб кетаётганини кўрганда омийларча ёздим бу мактубни. Биродарларимга, опа-сингилларимга зулм қилинаётганини кўриб, лекин ҳеч нарса дея олмай яширинча ёздим бу мактубни. Сизни қаттиқ соғинганимда мажнунларча ёздим бу мактубни. Кимгадир йиғлаб бергим келганида болаларча ёздим бу мактубни. Ёзганларимга Аллоҳ гувоҳ, кўз ёшларим гувоҳ, эски шеър дафтарим гувоҳ... Мана, бугун сизга ўқиб бераман уни. Йўқ, йўқ... Ўзингиз ўқий қолинг... Мен ўқий олмайман уни... Бўғзим тиқилади... Яна йиғлаб бераман унда... Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Яшашга мадор йўқ хўп тойдим ҳолдан, Саодат даврига хосдир соғинчим. Йўлбошчи ахтариб адашдим йўлдан, Расулуллоҳ,Сизни қаттиқ соғиндим! Айтинг, бу кун сизни излайин недан? Қуръон, ҳадисмиди ёки суннатдан? Ҳолдан тойдим излаб ҳар бир неъматдан. Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Тўғриси, ўйлардим ўзимни тенгсиз, Сизсиз ўхшаб қолдим кўйлакка− енгсиз. Дунёда Сиздек Зот йўқ эрур, эссиз! Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Қилсам, амалларим риёдан чиқмас, Бу аъмол умматга асло лойиқмас! Айтаман: бу тиллар асло толиқмас, Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Кўзда ёш, лек йўқдир ихлосдан хабар, Билмадим, қилганим не манзил етар. Соғинчу аламлар юрагим эзар. Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Ўйлаб қолдим: балки, бу шеър ҳам риё, Демак, савоби йўқ амалдек рўё. Ҳис қилиб ўзимни мунофиқ гўё, Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Сизсиз шахарлар ҳам саҳродек безар, Намози йўқ, лек тинмай ташини безар. Уммат ўхшар карвонга − сарбонсиз кезар, Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Устозим, Валийни бир йўқлаб келинг, Розиман, Саййидим, койиблар беринг. Майлига бир бора тушимга киринг, Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Йиғлагим келмоқда, қаттиқ йиғлагим, Тошдек қотган қалбим тинмай тиғлагим. Юзингизни кўрмоқ ёлғиз тилагим, Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Сиз ёлғиз эдингиз, дин иши − собит, Ўзингиз олим-у, ўзингиз − обид. Қутқаринг Валийни, бўлмоқда нобуд, Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Қочгим келар булардан, қочиб кетаман, Кимга дунё керак, сочиб кетаман. Эшитинг! Бир сирни очиб кетаман, Расулуллоҳ, Сизни қаттиқ соғиндим! Етар, етар энди, мени овутманг! Ёрдам-чун гуноҳкор қўлимдан тутманг! Мен кетдим, изламанг, бас, етар, кутманг. Расулуллоҳимни излаб кетаман! (Соллаллоҳу алайҳи васаллам.) 2) FOTIMA. Оловланиб уфққа бош қўяётган қуёш гўё менга: «Умр дафтарингнинг яна бир саҳифаси ўқиб бўлинди», деётгандек эди... Бу дафтарнинг бирон саҳифасига дунёвий амаллар, ташвишлар, хурсандчиликлар билан бирга, Аллоҳ розилиги учун қилинган холис амаллар ҳам ёзилганмикин?! Ўтмишга айланган ҳар бир саҳифада Аллоҳ таоло ёки Расулуллоҳ алайҳиссалом учун тўкилган кўз ёшлар, Расулуллоҳ алайҳис саломнинг суннатларини тирилтирганим учун севинчдан ёнган кўзлар ёки бошқа шу каби номлар билан аталган бандлари ҳам бормикан?! Бормикин ўзи шундай сатрлар менининг тарихга айланган саҳифаларимда?! Эй Расулуллоҳ, мен сизни гўзал хилқатингизга муносиб равишда таний олдиммикан?! Мен сизни ожиз қалб дафтаримга битилган ожизона чизгиларим ила танийман, холос... Аммо менинг бу ғарибона таниганим «Сизни севаман», «Сизнинг шафоатингиздан умидворман», «Сизни умматингизман», дея дадил айтишга етарли бўла олармикан?! Эй Расулуллоҳ! Мен асҳобингиз каби бу дунёда Сизни кўриш бахтига муяссар бўла олмадим. Аммо сувратингизни кўрмаган бўлсам-да, сийратингизда сувратингизни чизиб, хаёлан сизни кўришга уринаман. Менинг бу уринишларимни айб этмагайсиз. Менинг қалбим ҳам саҳобаларингизнинг сизга бўлган севгилари ила лиммо-лим бўлишини истайман. Сизга бўлган муҳаббатлари йўлида ҳар қандай олов, ҳар қандай таъна-ю қалбларига отилган тиконлар уларга таъсир ҳам қилмаган. Чунки улар Аллоҳ ва Расулини чинакам бир муҳаббат билан севдилар. Уларни таналари нимта-нимта бўлса-да, Сизга бирон гард юқишини истамадилар. Эй Расулаллоҳ! Денгиз тубидаги чиғаноқ ўз инжусини сақлагани каби Сиз Исломни заррача гард юқтирмай бизга етказиб бердингиз. Биз эса... Мени кечиринг, нураб ётган қалбимни сизга тортиқ қилишдан уяляпман. Тушларимга киринг, дейман-у, аммо сизни кўрсам, сизга айтадиган гапларим, дардларим борми ўзи?! Сизга атмоқчи бўлган гапларимни дуру марваридлар, инжулар ила безасам-да, бу гапларим сизга лойиқ бўла олармикан?! Ёки сукутни афзал кўраманми?! Сизни орттирма даражалардан ҳам ортиқроқ севаман, деган гапларимни далили сифатида қайси амалларимни сизга кўрсата оламан?! Сизни исмингизни эшитганда юракларим ёнмаса, кўзларим намланмаса, қандай қилиб севгингизга даъво қилишим мумкин?! Севгингиз эса бизни Аллоҳ севгисига олиб борувчи энг пок йўлдир!!! 3) Бойхонов Фозилхон. Соғинч мактуби Ассалому алайкум, эй оламларни ҳидоят нури ила нурафшон этган Зот! Ё Расулаллоҳ, сийратингизни ўқир эканман, сизни янада яхшироқ танимоқдаман. Бу маърифат эса қалбда соғинч ҳисларини уйғотмоқда. Қалбни ўртаётган бу соғинч ҳисси Сиз томон мактуб ёзишга ундади. Ё Расулаллоҳ, оламларга раҳмат бўлиб келдингизки, бутун инсониятни зулматлар ботқоғидан саодат нурига олиб чиқдингиз. Аллоҳ таоло сизни махлуқотларнинг энг афзали қилиб, сиз сабабли бутун инсониятни яратди. Ё Расулаллоҳ, Сиз барча пайғамбарларнинг саййидисиз. Ҳатто бошқа пайғамбарлар ҳам сизга уммат бўлишни орзу қилишарди. Ё Расулаллоҳ, Сиз гўзал хулқ соҳиби эдингиз. Оламлар Робби сизни «Эй ҳабибим, сиз улуғ хулқ узрадурсиз», дея мадҳ қилмоқда. Агар бутун инсоният хулқлари бир жойга жамланса, сизнинг гўзал хулқингизга етмас. Ё Расулаллоҳ, оламларга намуна ҳаётингиз ҳамон кўз ўнгимда. Аллоҳ таоло сизга бутун инсониятга рисолатни етказишни амр қилди. Сиз бу йўлда кўп азият ва машаққатлар чекдингиз. Ҳатто энг яқин қавм-қариндошларингиз сиздан юз ўгириб, сизнинг энг ёвуз душманларингизга айландилар. Каъбатуллоҳ ёнидасиз. Абу Толиб амакингиз вафот этгач, ёлғизланиб оламлар Роббисига илтижо қилмоқдасиз. Макка мушриклари сизни ҳимоясиз қолган, деб мазаҳ қилмоқдалар. Сажда қилганингизда бошингизга нажосатлар сочдилар. Сиз саждада туриб қолдингиз. Севикли қизингиз Фотима кўзларида қатра ёшлар ила югуриб келиб силаб-сийпалади. Сиз қизингизни йиғлаётганини кўриб, юрагингиз оғринди. «Йиғлама, қизим», деб юпатмоқдасиз. Бу муборак бошингизга жонимиз фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ. Бутун умматга саодат деб аталмиш насибани улашиш мақсадида Тоифга отландингиз. Уларни Аллоҳ таоло томонидан олиб келганингиз, улкан азобдан қутқарадиган абадий саодат ва раҳмат йўлига чақирдингиз. Аммо улар ҳидоят чашмасидан сув ичишни хоҳламадилар. Қуллар ва ёш болаларни ёллаб ҳақоратлаб тошлар отишди. Кўнглингиз чўкиб ортга қайтдингиз. Ё Расулаллоҳ, кўнглингиз оғриндими, ёлғизланиб қолдингизми, кўз ёш тўкмоқдасиз? Бу муборак кўз ёшингизга жонимиз фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ. Шунда сизни юпатгани Жаброил алайҳиссалом келдилар. «Эй ҳабибим, агар рухсат берсангиз, Аллоҳ таоло бу қавмни ҳалок қилур», дедилар. Сиз-чи, нима дедингиз, ё Расулаллоҳ. Ахир улар учун ҳидоят сўрамадингизми? «Аллоҳим, булар нима қилаётганларини билмаяптилар. Уларни ўзинг ҳидоят қилгин», деб Аллоҳ таолога тазарруъ билан илтижо қилмадингизми?! Ё Расулаллоҳ, сийратингизни ўқир эканман, кўзимга ёшлар оламан. Оламларга қанчалар маҳбуб бўлиб келдингизки, Сиз сабабли бутун инсоният илоҳий муҳаббат неъматига мушарраф бўлди. Роббимнинг лутфи ўлароқ бу лаҳзаларда Сизни соғиниб мактуб ёзар эканман, ҳаётимда учрамаган ҳис-туйғулар уммонига ғарқ бўлмоқдаман. Сийратингиз ўқиб, ўрганганим чоқ, Ғафлатдан уйғондим, тарқади мудроқ. Таниганим сари Сизни яхшироқ, Қалбимни ўртайди соғинчли фироқ. Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим. Сизнинг ёнингизда бўлгим келяпти, Асҳобларингизни кўргим келяпти, Қай томон юрсангиз сира ажрамай, Ортингиздан изма-из юргим келяпти. Расулуллоҳ, сизни жуда соғиндим. Анасдек жон фидо қилолмасам ҳам, Абу Дужонангиз бўлолмасам ҳам, Уларнинг ҳаётин ўқиганим дам Авж олар соғинчим, кўзларимда нам, Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим. Тоифликлар зулми қалбим тирнайди, Маккалик мушриклар тинмай тергайди. Эвазига тоғдек олтин берса ҳам, Мадиналик ансорлар сизни бермайди. Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим. Меҳр кўрсатишар отам-онам ҳам, Кўнглимни кўтарар дилкаш ҳамхонам. Бундай ғамхўрликдан қувнайман бир дам, Аммо соғинч ҳисси тинмас шунда ҳам, Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим. Дунё чиройидан безганда юрак, Айтмангиз менга латифа, эртак. Сўрасангиз гар: Не айтай бўлак? Ҳадис айтиб беринг, менга шу керак, Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим. Ё Расулаллоҳ, Сизни умматларингиз жуда соғинишган. Сизнинг «Келажакда менинг шундай умматларим борки, улар молу авлодларидан кечиб бўлса ҳам, мени бир бор кўришга муштоқ бўларлар. Мен ана ўша умматларимни кўришни истардим», деган сўзингизни эшитганда кўзларига ёш оладилар. Уларга охиратда сизни кўриш тасалли беради, холос. Ё Расулаллоҳ, бизларни дуо қилинг, Сизга муносиб уммат бўлайлик. Сизни зулмат ботқоғидан олиб чиққан саодат кемангизни бошқарадиган давомчингиз бўлайлик. Аллоҳ таоло бу дунёда Сизни кўришликни насиб қилмади, охиратда бирга қилсин. Тушларимда бўлса ҳам, жавоб мактубингизни кутиб қоламан… 4) Bir birodar Оламлар сарварига мактуб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу не бахтки, Аллоҳим бу ожиз қулини оламлар сарварига мактуб йўллаш шарафига муяссар айлади! Бундан бағоятда хурсанд бўлдим. Гарчи Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга бир оғиз сўз айтишга муштоқ бўлсам-да, юрак ютиб шу сўзни ёзмоққа қўлим бормайди... Ўзимни у Зот алайҳиссалоту вассаломнинг қаршиларида тургандек ҳис қиляпман: тил айлантиришга мадорим йўқ, бошим ҳам, кўзларимдан бетиним оқаётган ёшлар кўксимни ҳўл айлади... Бу ҳолатимда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга не дейишим мумкин?... Мана шуни ёзишим керак. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Фидойингиз бўлай, Расулуллоҳ! Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, камина қулини сизга уммат бўлиш бахтига муяссар айлади. Ҳатто набийлар орзу қилган бу мақомга муносиб бўла олмаётганим учун мени кечиринг. Шу қадар гуноҳкорманки, агар Сиз улардан хабардор бўлсангиз, мени умматим демай қўйишингиздан қўрқаман... Ота-онам сизга фидо бўлсин, Расулуллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг гуноҳларимизни мағфират айласин! Сизга чин уммат бўлиш бахтига бизни муяссар айласин! Бу йўлда бизга куч-қувват, сабр, бардош, шижоат берсин! Бизга дангасаликдан паноҳ берсин! Тилимизни ғийбат, бўҳтон, ёлғон учун эма, зикр, дуо, саловат ва тиловат учун айланишида Ўзи мададкор бўлсин! Нафсимизни ўзимизга қул қилиб берсин! Ўзига, Ўзининг Каломига, Ўзининг сўнги Набийси – Сиз, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин! Ижозат беринг, ё Расулуллоҳ, ҳузурингизга бориб бир умр хизматингизда бўлай. Ҳазарда ёки сафарда доимо ҳамроҳингиз бўлай. Қўлларингизга сув қуйиб заррача бўлса-да гуноҳларимни ювилишига имкон беринг, илтимос. Душманларингизга қарши қалқон, дўстларингиз ила бир тану бир жон бўлай... Сизга бўлган муҳаббатим чексиз, ё Расулуллоҳ. Сизни ўзимдан ҳам, ота-онамдан ҳам, аҳли оилам, фарзандимдан ҳам қўйингки жамики махлуқотлардан кўра кўпроқ яхши кўраман. Қалбимдаги сизга бўлган бу муҳаббатни янада зиёда бўлишини тилаб Аллоҳга дуодаман. Сизнинг эшигингизда қуллик қилмоқлигим мен учун дунёга султонлик қилмоғимдан афзалдир, ё Расулуллоҳ. Бу сизга бўлган муҳаббатимдан, сизнинг хизматингизни қилмоққа бўлган иштиёқимдан, ҳузурингизда илм талаб қилмоққа бўлган рағбатимдандир. Сўзимнинг сўнгида қуйидаги шеър ила илтижо қилиб қоламан: Дунёда насиб этмади дийдор, Охиратдан бўлганмиз умидвор. Унгача ҳеч йўқса майли бир бор, Тушларимга киринг, Расулуллоҳ. Тушда-да Сизни кўрмоқ саодат, Ўнгда ҳам насиб айласа шояд. Камина қулни шод этиб ғоят, Тушларимга киринг, Расулуллоҳ. Тоқат этарми солмоққа назар?! Бир қучардим, изн берсангиз агар. Шафоатдан бериб бизга хабар, Тушларимга киринг, Расулуллоҳ. Тонггача қурайлик бирга суҳбат, Айланг Сиз бизга панд-у насиҳат. Ҳар кеча келмоққа айлаб одат, Тушларимга киринг, Расулуллоҳ. 5) Anvar Xujaxonov. Бисмиллҳир роҳманир роҳим. Анвар Аъзамхон ўғлидан Аллоҳнинг Расули Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ё Расулаллоҳ! Мен ҳеч ўйламагандимки, Сиздек улуғ Зотга мактуб ёзиш бахти насиб этади деб. Ҳа, бу шундай улуғ бахтки, Аллоҳнинг энг яқин дўсти, яратган махлуқотларининг энг афзали, пайғамбарларнинг саййиди, Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача яралган инсонларнинг энг улуғи, Аллоҳга фаришталардан ҳам суюкли бўлган Зотга мактуб ёзиш мен учун шараф. Буни таърифлашга тилим ожиз, ақлим лол. Бугун Сиз менга, мусулмонларга, бутун инсониятга кераксиз, ҳа, жуда кераксиз. Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расуллуллоҳ. Сиз сабабли биз бугун ўз Роббимизни танидик, ибодатга лойиқ Зот фақат Аллоҳ эканини билдик. Биз сизнинг қимматли маслаҳатларингизга, олтиндан қиммат сўзларингизга зормиз. Мен яқинда уйланмоқчиман. Сизнинг «Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимни тарк қилса, у мендан эмас», деган ҳадисингизга биноан исломий оила қуриб, динимга, ватанимга, халқимга оилавий хизмат қилмоқчиман. Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Росулуллоҳ калимасини энг олий калима қилишда ўз оилавий ҳиссамизни қўшмоқчиман. Мен сиздан «Қандай қилсам, бахтиёр оила қураман? Қандай амал қилсам ҳалол ва пок турмуш кечираман? Қайси йўлдан борсам, Аллоҳнинг розилигига ва сизнинг шафоатингизга эришаман? »деб сиздан сўрамоқчиман, ижозатингиз билан, албатта. Айнан сиздан сўрашимдан мурод Сиздан бошқа ким ҳам менга энг тўғри маслахат берарди? Ким ҳам Аллоҳга қурбат ҳосил қилишни мукаммал даражада ўргата оларди? Ким бахтиёр оила ҳақида Сиз каби керакли маслаҳатлар берарди?Ким, ҳа ким...? Жавоб аниқ, фақат Сиз. Алҳамдулиллаҳ,Сизга мактуб ёзиш насиб этди. Яна бир нарса: қандай амаллар қилсак, иймонимиз кучли, мустахкам, саҳобаларникидай бўлади? Хусусан, Билол ибн Рабоҳ, Муоз ибн Жабал, Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳумларникидай. Бизнинг иймонимиз саодат асридаги аёлларнинг иймонидан ҳам заифроқ. Иймонимиз заифлигидан бошимизга озгина синов келса, динни ташлаб қочяпмиз, дин учун қайғурмаяпмиз, бизда диннинг ғами эмас, дунё ғами кўпроқ. Кўчада доллар курси қанча, машиналарнинг нархию, қайси телефон оммабоплиги ҳақидаги гаплар бизни асосий суҳбатимиз... Биз яна биродаримизнинг гўштини ейишни, яъни ғийбатни маромига етказиб бажарамиз. Бу гапларни сизга айтишимдан мақсад Сиз мен учун инсонларнинг ичида энг маҳбубисиз, Сиз Аллоҳнинг Ҳабибисиз. Сиз дуо қилсангиз, шоядки аҳволимиз ўнгланса, динимиз ривожланса. Сизни Аллоҳ учун яхши кўраман. Агар бутун дунё бир тараф бўлиб, Сиз бир тараф бўлсангиз, мен Сиз тарафга ўтаман. Сизни соғиниб, дуоингизга муҳтож бўлиб, албатта, менинг мактубимга жавоб ёзишингизга умид боғлаб қолувчи, агар умматим дейишингизга лойиқ бўлсам, умматингиз Анвар Аъзамхон ўғли. Сизга Аллоҳнинг саловату саломлари ёғилсин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Махсус ўрин QosimAbdulloh Соғинч мактуби (хаёлий қисса) 1-қисм Маҳмуджон домла ҳар доимгидек ўз маърузасини ниҳоялагандан сўнг, талабалар ўзлари қизиққан масалаларда саволларини беришди. Домла шошмасдан саволларга жавоб берар, талабаларини ўз жавоби билан қаноатлантирар эди. Мутахассислиги тарихчи бўлганлиги учун ҳам бу борада ечилмай қолиб кетган масалалар борасида кўплаб саволлар тушар, домла эса ҳеч иккиланмасдан уларга гўё ўша воқеаларни ўз кўзлари билан кўргандек гапириб берарди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, ўз кўзлари билан кўргандек… Савол-жавоблар тугагач, домла аудиториядан чиқиб, ректор хонасига йўл олди. Бугун Акмал Пўлатович яна уни чақиртирибди. Ўтган 2 сафар ҳам чақириб алланималар деганди: «Домла, талабаларга дарс ўтиш жараёнида тарих китобларида учрамайдиган маълумотларни айтибсиз, бу ҳақдаги фикрларни қаердан олдингиз? Сиз фактларга суяниб лекция ўқийдиган домламисиз ёки қаердаги сафсаталар билан бошқаларнинг бошини қотирадиган эзма чолмисиз?!» деб қаттиқ гапирганди. Домла бўлса ортиқча сўз ҳам айтиб ўтирмаганди. Бугун ҳам шу масалада бўлса керак, ҳойнаҳой. Хонага кириши билан Акмал Пўлатович: — Аризангизни ёзинг, сиздака ходимлар бизга керак эмас, ундан кўра маҳаллангиздаги ёш болаларни тўплаб, эртакларингизни уларга айтинг. Сизни 2 марта огоҳлантиргандим, барибир, билганингиздан қолмабсиз. Бўшсиз, марҳамат қилиб кетишингиз мумкин, – деди. Домла эса ўзининг босиқ табиатлилиги билан гапни кўпайтириб ўтирмади. Аризани ёзди-ю, ишдан бўшади. *** — Бугун ҳам дарс ажойиб бўлди-а? Нима дединг? – Акбар ҳар сафар дарсдан сўнг олган таассуротларини дўсти Муҳаммад билан ўртоқлашарди. Бугун ҳам институт биносидан чиқиши билан суҳбатларини шу йўсинда бошлашди. — Ҳа, тўғри айтасан. Чиндан-да дарс ажойиб бўлди. Мен бир нарсадан ажабланаман. Домла қандай қилиб бунча кўп маълумотларни билади экан? Қанча китоб ўқиган бўлиши мумкин? — Билмасам, лекин қайси масала бўйича савол берсанг, жавоб бераверадилар. Худо илмни берганда ўзиям. — Ҳа, бизга ҳам шундай бўлиш насиб қилсин,− Муҳаммад бошини аста қимирлатиб жавоб қилди. Шу билан бекатгача бирга суҳбатлашиб кетишди. Лекин булар севикли домласи айни лаҳзада ишдан бўшаганини билмасди. Муҳаммад устози ҳақида гаплашишдан чарчамасди: — Домламизда қандайдир ўзига тортадиган илиқлик бор-а? Суҳбатлашган одам сира зерикмайди. Акбар ҳам унинг гапини маъқуллаб: — У кишининг юзларидан нур ёғилади.. – шу пайт унинг автобуси келиб қолди ва дўсти билан хайрлашиб уйига жўнади. *** Домла ишдан бўшаганига биргина сабаб билан сиқилди. Шогирдларининг таълими қай тарзда кетишини билмагандангина эзилди қалби. Чунки унинг дарс беришдан мақсади – оиласини боқиш ёки ўзининг илмий даражасини кўтариш эмас, балки талабаларини билимли қилиш эди. Бундан бошқа ҳеч нарса учун афсусланмади. Хонасидаги бир-иккита файлни олди-ю, уйига равона бўлди. *** Орадан бир неча кун ўтиб, тарих дарси бошланди. Акбар тайёрлаб келган вазифасини қайтадан кўриб чиқа бошлади. Шунда эшик очилиб, ректор домла ҳамда ёшлари 35-40 атрофидаги бир киши кириб келди. Акбар олдинига «Устозимизни бугун ишлари чиқиб қолибди, шекилли ёки бирор хизмат билан жўнатишган бўлса керак. Бугунчалик бошқа домла кириб турса керак», деб хаёлидан ўтказди. Лекин ректорнинг айтган гаплари унинг бу хаёлларини чиппакка чиқарди. «Сизларга бугундан бошлаб тарих фанидан Фурқат Ҳасанов дарсга кирадилар. Домлангиз маълум сабабларга кўра ишдан бўшадилар. Фурқат домла ўз фанининг мутахассиси, у билан дарсларингизни давом эттирасизлар». Талабалар бу хабардан худди устиларидан муздек сув қуйилгандек жим бўлиб қолишди. Уларнинг аксарияти бу хабарга ишонгиси келмасди. Шунда Анвар: — Домла, бир савол берсам майлими? − деб орадаги сукунатни бузди. — Марҳамат, − ректор домланинг овозида бироз таажжуб бор эди. — Нима учун Маҳмуджон домламиз ишдан бўшадилар? Сабабини билсак бўладими? — Ҳа, албатта, бўлади. Сизларга яхши бўлсин, деб шундай қилдик. Бўлар-бўлмас эртаклари билан сизларнинг бошингизни қотирадиган домладан кўра ўз фанини пухта эгаллаган педагогни ишга таклиф қилдик. Бошқа бир талаба: — Ахир, домла, домламиз фанларини керагидан ҳам ортиқ билар эдилар-ку? – деди. — Сизлар яхши биласизларми ёки менми?! – ректор домланинг овозларида қўполлик бошланди. Талабалар буни сезиб, гапни шу ерда тўхтатишди. Акбар дарсдан сўнг Муҳаммад билан не боисдан устозларини ишдан олишганини тагига етиш учун ректорнинг хонасига киришни режалаштириб қўйди. *** Маҳмуджон домла бундан кейинги қиладиган ишларини режалаштириб ўтирганди. Турмуш ўртоғи унга аччиққина кофе тайёрлаб келди. Домла кофени аста хўплаб, хаёл денгизига шўнғиди. Ҳатто аёлининг «Бирор нарса керак эмасми, дадаси?» деган сўзини ҳам эшитмади. Уни фақат дарвоза қўнғироғининг чалинишигина хаёл уйқусидан уйғотиб юборди. Эшикни катта ўғли Зафар очди ва бир оздан сўнг: — Дада, сизни сўраб келишибди, институтдан шогирдларингиз бўлса керак, - деди. Домла ташқарига чиқиб қараса, севимли шогирдлари Муҳаммад билан Акбар келган экан. Уларни уйга таклиф қилди. Шогирдлар устозларини безовта қилиб қўймадикмикин, деб не хижолат билан уйга киришди. Салом-аликдан сўнг домла: — Ўқишларингиз қандай? Яхшими? – деб сўради. — Ҳа, яхши. Фақат … Сиз ишдан кетганингиздан жудаям хафамиз, − Акбар жавоб қилди. —Пешонага шу ёзилган экан, нима ҳам қилардик… − домла бир ҳўрсиниб қўйди. —Домла, бир нарсага биз ҳечам тушуна олмаяпмиз, − Муҳаммад қандайдир аламзадалик билан айтди. — Нима нарсага? – домла босиқлик билан жавоб қайтарди. — Ректорнинг олдига кириб, нима сабабдан сизни бўшатганларини сўрадик. У киши «Домлангиз китобда йўқ, ўзи тўқиб олган ҳикояларни гапириб беради. Мисол учун, Александр Македонскийнинг бутун бошли ҳаётини айтиб берибди анави куни сизларга. Ахир унинг бутун бошли ҳаёти ўрганилмаган-ку! Бу борада бирор асар етиб келмаган бизга. Тўғри, унинг ҳаётини умумий тарзда ёзилган китоблар бор, лекин у айтаётган маълумотлар, умуман, китобларда келмаган. Бундай мисоллардан сизларга қанчадан-қанча келтиришим мумкин. Қисқа қилиб айтганда, домлангиз ўз хаёлидан тўқиб чиқаради, уни бундай қилаётгани учун бир неча марта огоҳлантирдик, фойдаси бўлмади. Охирги чорани қўлладик. Бу гапларни барча курсдошларингга етказиб қўйинглар. Қайтиб Маҳмуджон домлангиз ҳақида бирортангиз эътироз билан хонамнинг эшигини тақиллатманг!» деб жавоб бердилар. Нима учун сиз ўқиган китобларингиз, фактларингизни у кишига айтмадингиз? Нима учун индамайгина бўшаб кетдингиз? Ахир, сиз ҳақсиз-ку?! – куйинчаклик билан сўради Муҳаммад. Домла жилмайиб қўйди-да: — Мен эмас, ректор домлангиз ҳақ, - деди. — Нимага ундай деяпсиз? – Акбар эътироз билан сўради. — Чунки… Чунки ҳақиқатан ҳам домлангиз айтган нарсаларни бирон китобдан ўқимаганман… - домла кулимсираб жавоб қилди. — Ундай бўлса қаердан биласиз? — Эҳ, Муҳаммаджон, бир кун келиб билиб оласан, албатта. Шогирдаларининг қарашида ҳали ҳануз ишонмаслик, таажжуб асари бор эди. Домла эса ўзига ўзи «Ҳали бироз бор, кейинроқ...» деб пичирлаб қўйди. Бу гапни шогирдлари эшита олмай қолдилар. Суҳбатлари бошқа мавзуга бурилиб кетди. Домла шогирдларига худди дарсдагидек маълумотлар айтиб, савол-жавоб, ҳазил-ҳузул қилди. Бир пайт Акбар соатига қараса, келишганига 2 соатдан ошиб кетган экан, Муҳаммадга имлаб қўйди. Йигитлар ўзларидан уялиб кетишди, устозни кўп вақтларини олиб қўйдикмикин, деб. Қайтишга рухсат сўрашди. Домла: — Ўтирибмиз-да гаплашиб, − деб олдинига рухсат бермади. Шу ҳолат яна бир икки бор такрорланганидан сўнг уларга кетишларига ижозат берди: — Келиб мени жуда ҳам хурсанд қилдинглар, эшигим доим сизлар учун очиқ, − деди. Дарвоза олдига чиқишганидан сўнг Муҳаммад: — Устоз, бир илтимосимиз бор эди. Агар хўп десангиз… —Бемалол айтишингиз мумкин, қўлимдан келса, бажонидил,− домла самимий жавоб қайтарди. — Баъзи кунлари дарсимиз тугаганидан сўнг олдингизга келиб хизматингиз бўлса, қилсак, дегандик. —Ташаккур, хизматим йўқ-ку-я, аммо келсаларингиз, хурсанд бўлган бўлардим. Шу билан хайрлашиб уйларига равона бўлишди. Ҳафтасига 2 маротаба устозлариникига келиб турадиган бўлишди. Ҳолидан хабар олиб, бир сафар ҳўл мева, яна бир сафар картошка-пиёз олиб келишар, домла эса «Келсангиз, қуруқ келинглар ёки киргизмайман», деб олиб келган нарсаларини ўзларига қайтариб юборарди. Шу билан йигитлар устозлариникига ҳеч нима олиб кела олмайдиган бўлишди. Орадан бир ярим йил ўтди. Аҳмад билан Муҳаммад устозлариникига келишни бирор маротаба бўлса-да канда қилишмади. Орада қолган талабалар билан ҳашар уюштириб ҳовлининг этагига 1 қават уй ҳам қуришди. Домла билан анча яқин бўлишди. Бир сафар Муҳаммад Акбарга: — Мен домланинг ишдан кетганларига хурсанд бўламан, − деди. —Нега ундай деяпсан? — Чунки агар домла ўша пайт ишдан бўшамаганларида эди, биз бунчалик у кишига хизмат қила олмаган бўлардик. Муносабатларимиз фақатгина институтдан нарига ўтмас эди. —Ҳа, тўғри айтасан. Ҳар бир ишда ҳикмат бор, деб бекорга айтишмаган экан. *** Маҳмуджон домла ҳам шогирдларини кундан кунга яхши кўриб борар, билган нарсаларини уларга ўргатишга, тарихий воқеаларни айтиб беришга одатланганди. Кунлардан бир куни йигитлар ҳар доимгидек дарсдан сўнг ҳаялламай етиб келишди. Домла бу сафар уларни ҳар галгиданда интизорлик билан кутаётганди. Чунки бугун 10 йилдан бери кутаётган орзусига етажак. Шунча йилдан бери умид қилаётган онлари яқинлашган эди. Ниҳоят, узоқ сафарга чиқишга арзигулик ҳамроҳ топганди. Сафар жуда ҳам узоқ. Ҳа, жуда узоқ. Бу саёҳатнинг масофаси ниҳоятда узоқ, у ҳам бўлса, асрлар оша сафар эди. Бундан 15 йил аввал ёшликдан катта бўлган физик дўсти бир кашфиёт қилган эди. У ихтиро қилган қурилма орқали асрлар орасида саёҳат қилиш мумкин эди. У билан кўп бора сафарга чиқди. Ўтмишнинг инсон яратилгандан сўнг исталган замонига тушиб, тарихнинг бевосита гувоҳига айланди. Ёшликдан бери орзу қилган, бутун дунё кашфиётчилари учун армон бўлиб қолган қурилмада сафар қилиш бахтига муяссар бўлганди. Умрининг 5 йилини ана шундай сафарларга бағшлади. Бир вақтдан бошқасига ўтиб, бутун бошли тарихни кўрди. Бир куни Николай тахтдан воз кечиши арафаси пайтида дўсти қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Агарда вафот этса, бир ўзи ўз замонига қайта олишига кўзи етмади ва зудлик билан қайтишди. Дўстининг аҳволи кун сайин ўғирлашиб, ўлим соати яқинлашиб қолди. Маҳмуджон домлани олдига чақириб, ихтиро қилган қурилмасини унга топширди ва уни зинҳор ва зинҳор бегона одамнинг қўлига тушмаслигини, фақатгина узоқ вақт мобайнида синаб, синовидан ўтган яқин инсони билангина сафарни давом эттириши мумкинлигини васият қилди. Шундан сўнг жон таслим қилди. Домла ўша воқеадан сўнг муносиб ҳамроҳ ахтара бошлади. Аммо бирор кишини ҳам ишончли деб билмагани учун бу ҳақида оғиз очмади. Институтда талабалар орасидан ҳам кўп қидирди, ишдан кетишига рози бўлишининг ҳам сабабларидан бири шу эди. Агарда қайси талабаси ишдан кетгандан кейин ҳам у билан бирга бўлишни давом эттирса, уни ишонса бўладиган шерик деб, ўйлаганди. Лекин бир пайтлар «Ҳали бироз бор, кейинроқ...» дейишининг сабаби – дўстининг васиятини пухта бажариш эди. Шунинг учун ҳам уларни бир ярим йил давомида синаб кўрди. Синовдан намунали ўтишганлиги учун бугун уларга бор ҳақиқатни айтиб, уларни сафарга таклиф қилмоқчи. Акбар билан Муҳаммад ҳар доимги кайфиятда устозларининг уйига киришди. Бир ҳўплам чой ичишганидан сўнг устозлари режалаштириб қўйган гапини айтди. Ҳаммасини батафсил тушунтириб берди. Буларни эшитган йигитлар ҳайратда қолишди. Нима дейишларини билмай, тилларига калима келмай қолди. «Устоз олган маълумотлар ана шулар орқали экан-да»,«Қанийди бу сафарга мен ҳам ҳамроҳлик қилсам», «Бу менинг бир умрлик орзум эди-ку!» ва шу каби ўйлар уларнинг хаёлидан қандайдир сониялар ичида ўтди. Шу билан сафар қилишга келишилди. Келаси ҳафта жума куни жума намозидан сўнг шу ерда учрашишга келишилди. *** 18.07.2014, соат чамаси 14:00. Келишилган жойда учрашилди. Овқатланиб олишганидан сўнг домла йигитларни болахонага бошлаб чиқди ва чангга қоришиб кетган бўзни олган эди, остидан каттагина қурилма чиқди. Унинг олд тарафига «Асрлар оша саёҳат» деб ёзилган экан. Унинг чангларини артиб ичига киришди. Сафарга чиқиш олдидан домла: «Бир нарса ҳеч қачон ёдингиздан чиқмасин: бирортамизга бирор корҳол етадиган бўлса ҳам, тарих саҳифаларида йўқ бўлиб кетсак ҳам, у ерда кимларни кўрсак ҳам, нималарга гувоҳ бўлсак ҳам, ҳар қандай ҳолатда 3 тамиздан бошқа бирор киши бу қурилма ҳақида хабардор бўлмаслиги шарт. Ҳозир бир неча сония ичида тарихнинг бир нуқтасидан бутунлай бошқа нуқтасига ўтамиз. Бу ҳолатга тайёр бўлинглар. Бир нарсани унутмангларки, биз у ердаги инсонларни кўрамиз, лекин улар бизни кўра олишмайди, бизни ҳис қилишмайди. Биз тарихни ўзгартира олмаймиз, фақатгина шоҳиди бўлишимиз мумкин, унга ҳеч қандай янгилик кирита олмаймиз, борича кўрамиз. Бу сафарни айни лаҳзаларда дунёда қанчадан-қанча олимлар орзу қилишмоқда. Уларга насиб қилмаган бахтга биз мушарраф бўляпмиз. Бунга Тангрига шукроналар айтган ҳолатда сафаримизни бошлаймиз:«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллоҳим, ўзинг бизни қўллагин. Бу сафаримизни дунё ва охиратимиз учун фойдали бўладиган сафарлардан қилгин…” *** «Қаердамиз?!...» «Шу ердамисизлар?!...» «Ким бор бу ерда?!...» «Нега жимсизлар?...» «Бу ер бунча қоронғу?...» Бу саволлар бир неча сонияда бир неча бор такрорланди. Шу пайт ҳеч ким бир-бирини эшитмай, бир зумлик қўрқинч ичида қолишди. Ниҳоят, бир ёруғлик кўриниб, бора-бора атроф ёп-ёруғ ҳолатга келди… Атрофга қарашса, теп-текис ер, ким қаерда эканлигини билмайди. Азбаройи чарчашганидан ҳаммалиги бир лаҳзада кўзлари юмилди-ю, уйқуга ғарқ бўлишди. Бир пайт отларнинг дупур-дупуридан уйғониб кетишди. Кўзларини очиб қарашса, юралари урушдан тўхтаб қолай деди. Маҳмуджон домлага эса бу анча вақтдан бери соғинчга айланиб қолган ҳолат эди. Акбар отлиқдан қочиш учун югура бошлади. Муҳаммад эса атрофдаги катта ҳарсанг тошнинг орқасига яширинишга уринди. Домла эса кулимсираб мен сизларга нима дедим, биз фақат кузатувчи бўламиз. Улар бизни кўра олишмайди, зарар ҳам бера олишмайди, келинглар, бу ерга. Кўрамиз, қайси қўшинлар экан булар. Орадан бир мунча вақт ўтиб қўшинлар бир-бирига яқин келди. Оппоқ отида кўринишидан қўмондонга ўхшайдиган забардаст жангчи кўзга яққол ташланди. Шунда домла: - Анави оқ отли жангчини кўряпсизларми? – деб сўради. - Ҳа, ҳа, ким у? - Александр Македонский мана шу бўлади. Қарши томонда эса, Доро қўшинлари. Эсладингизми? - Ҳа, ҳа. Қойил-е, ажойиб бўларкан жанг майдонига тушиб қолиш. Ўртада жанг бошланди. Сайёҳлар эса жанг натижасини билар, унинг қандай бўлганини қизиқиш билан томоша қилишарди. Китобларда неча йилдан бери ўқиган воқеаларини жонли кўриш бахтига сазовор бўлишаётганди. Ҳақиқатан ҳам ўзгача бўларкан тарихни кузатиш. *** Шундай қилиб, бирин-кетин тарихий воқеларни борлигича кузатишди. Акбар билан Муҳаммад китобларда ўқимаган, Маҳмуджон устозидан эшитган маълумотларнинг гувоҳи бўлишди. Яна бир бор у воқеалар бўлганини тасдиғини кўришди. У ерда ўтган 1 йил бизнинг вақт бўйича бир неча соатга тўғри келар эди. Сайёҳлар ўзлари қизиққан воқеларни ўз кўзлари билан кўрардилар. Қурилмани истаган вақтлари истаганча ишлатиб, бошқа замонга тушишар, бир тарихдан иккинчисига, ундан яна бошқасига сайр қилишни давом эттиришарди. Шу билан орадан анчагина вақт ўтди. Кўпгина замонларга боришди, тарихнинг бевосита гувоҳи бўлишди. *** 250-йил, тонг пайти. Мана бир неча ойдан бери шу ҳудудда яшашмоқда. Режаларига кўра бугун 350-йилга сафар қилишмоқчи. Сайёҳлар уйқудан туришди. Қурилмага чиқиб, одатдагидек қизил рангли тугмачани босишди… Шу пайт тўсатдан олов чақнаб, қисқа туташув содир бўлди. Ҳаммаёқ тутунга тўлди. Уларни йўтал тутиб, аранг қурилмадан ташқарига чиқиб олишди. Бироз вақтдан сўнг ўзларига келиб, қурилмани текшириб кўришди. Акбар: —Нима бўлибди бунга, устоз? – овозида хавотир оҳанги бор эди. — Билмасам, кўрайлик-чи, нега ўжарлик қиляпти экан?! — Тузалармикин, устоз? – Муҳаммад ҳам сўради. —Ҳа? Худо хоҳласа, албатта, тузилади. Бироқ озгина бош қотириш керак. Шу билан Маҳмуджон домла қурилмани ярим кун текшириш билан вақтини ўтказди. Бирор бир натижага эриша олмади. Қурилмага нима бўлганини аниқлай ҳам олмади. Акбарнинг бояги хавотирли овози энди қўрқувдан қалтирай ҳам бошлаганди: —Нима энди, тузалмайдими бу? Ахир қандай уйга етиб оламиз? — Акбар, илтимос, кўп савол бермай тур, мени чалғитяпсан. Ҳаммаси яхши бўлади. … Қуёшнинг шафақи ҳам ғойиб бўлди… Ҳали ҳануз бирор хулосага келинмади, нима бўлгани, уни қандай тузатиш мумкинлиги борасида бош қотиравериб чарчашди. Домла: — Муҳаммад, овқатланиб олайлик, бирор нарса тайёрла. Қориннинг пўстаги чиқиб кетди…− деди. Егулик тайёр бўлди, овқатланишди. Муҳаммад: — Устоз, энди нима қиламиз? Яна қаерини текшириб кўрамиз? – деб сўради. — Текширадиган бирор ускунаси қолмади. Фақатгина бир нарсага эътибор қаратиб кўрмабман. Эртага текшириб кўрамиз бирга? — Тузалишига ишонасизми, устоз? – Акбар сўради. —Ҳозир бирор нарса деёлмайман. Айтган ускунамни текшириб кўрай, кейин айтаман. Агар муаммо ўша ерда бўлса, …. — Нима бўлади ўша ерда бўлса? —…. — Айтинг, нима бўлади, одамни юрагини ёрмасдан айтинг, устоз…. — … Сафаримиз мана шу ерда тўхтайди…. — Нима деганингиз бу? Қайта ишлатиб бўлмайдими? У ҳолда нима қиламиз? — Илтимос, гапни бас қилинглар, эртагача бу борада гап очмай туринглар. Текшириб кўрай аввал. Подадан олдин чанг чиқарманглар,−домла жеркиб берди. Шундан сўнг то эрталабгача бу борада гап очилмади. Аниқроғи, ҳеч ким тилига олмади, бироқ юракларининг ҳар бир уришида «Наҳот? шу ерларда қолиб кетсак?!» деган қўрқинч бор эди. 2-қисм Тонгда хўроз қичқириб ҳаммани уйғотди. Учовлон қандай нонушта қилишганини ҳам сезмай, тезда фотиҳа қилиб, ишлари бароридан келишини сўраб, кечаги қолиб кетган ишларини давом эттиришди. Домла кечаси билан мўлжаллаб чиққан ишларини қила бошлади. Куннинг ярмигача шу билан овора бўлишди… Бироқ… Домла ҳақ бўлиб чиқди… Сафар мана шу ерда тугайдиган бўлди… Энди уйга ҳам, бошқа замонларга ҳам қайтишнинг мутлақо иложи йўқ… Умрларини мана шу оламда давом эттиришади. Ҳаётлари мана шундай тубанликлар орасида кечади энди. Ўз замонларида дон-дараксиз йўқ бўлиб кетишди. Қаерда эканликларини ҳам ҳеч ким билмайди. Эҳтимол, оила аъзолари шу пайтгача йўқ бўлиб кетишганидан ўлдига ҳам чиқариб юборишган бўлса керак. Муҳаммад: — Устоз, энди нима қиламиз?! – ўлимни бўйнига олган маҳбус каби сўради. — Билмасам, бошим қотди. Эҳтимол, … —Энди шу ерларда қолиб кетамизми? – Акбар ҳам устозни саволга тутди. — Шунақага ўхшайди… — Бирор иложи бордир. Наҳотки, ҳамма йўлларимиз ёпилган бўлса?! — Афсуски, ҳа… Гап шу ерда тўхтади. Ҳеч ким ичидаги гапларни айтишга ботина олмади. Ҳар ким дардини ичига ютди. Орага сукунат чўмди… Бироздан сўнг Акбар: — Бу йил уйдагилар мени уйлантиришмоқчи эди… Онам бечора келинлари бўлишbни 3 йилдан бери кутиб келаётгандилар. Неча бор айтган бўлсалар ҳам, мен пайсаkга солиб келаётган эдим. Мен ёлғиз ўғил бўлсам… Орзулари армон бўлиб қолар экан-да муштипаримнинг … Дадам бўлсалар, мени ёнларига ишга олмоқчи эдилар. Мендан кўп нарсаларни кутаётган эдилар. Улар менсиз қандай яшашаркин?! Эркатойгина синглим, қачон қараса, у билан урушаверардим. У
18:04 / 17.03.2013
4809
Аввалги мақола
Икки олам сарвари
Мақолалар
4101
Кейинги мақола
Набий ва Расул бўлган зотга салавот
247
Саловотлар
Янгиликлар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Бизни Ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Алло...
12:24 / 21.11.2015
Янгиликлар
[gallery link="file" ids="4829,4830,4831,4832,4833,4834,4835,4836,4837,4838,4839,4840,4841,4842,4843,4844"]
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Роббимиз Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар...
09:00 / 23.07.2015
Янгиликлар
Бугун фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб «Кифоя» ва «Зикр аҳлидан сўранг» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраган ҳо...
22:12 / 26.06.2020
ٍКўп кўрилганлар