Абу Муҳаммад Абдулмалик Ибн Ҳишом: бизга Зиёд ибн Абдуллоҳ ал-Баккоий Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Мутталибийдан сўзлаб берди: «Сўнг Абу Суфён ибн Ҳарб зулҳижжа ойида савиқ жангига чиқди. Ўша йили ҳаж амалларини мушриклар бошқаришди. Менга Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Зубайр, Язид ибн Румон ва ишончли бир киши ансорларнинг энг билимдони бўлган Абдуллоҳ ибн Каъб ибн Моликдан ривоят қилиб беришларича, Абу Суфён қолган қурайшликлар Бадрдан Маккага қайтганидан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳужум қилмагунча, жунуб бўлганда ҳам бошига сув етказмасликка қасам ичганди. Қасамини рўёбга чиқариш учун икки юз отлиқ билан чиқиб, ан-Наждияга йўл олди ва Мадинага тахминан бир барид[1] масофада жойлашган Сайб деб аталувчи тоққа олиб борадиган йўл ўртасига келиб тушди. Сўнг тунда йўлга чиқиб, ярим тунда Бани Надрга келди ва Ҳуяй ибн Ахтаб уйининг эшигини қоқди. Ҳуяй қўрқиб, эшикни очишдан бош тортди. Кейин Абу Суфён Салом ибн Мишкам олдига борди. У ўша вақтда Бани Надрнинг оқсоқоли ва хазинабони эди. Абу Ссуфён киришга изн сўраган эди, Салом ибн Мишкам изн берди. У Абу Суфённинг қорнини тўйдириб, одамларнинг сирларини айтиб берди. Сўнг Абу Суфён тун охирида унинг олдидан чиқди, ҳамроҳлари олдига келиб, бир неча нафар қурайшликни Мадинага юборди. Улар Мадинанинг ал-Урайз[2] деб аталадиган томонига келиб, у ердаги хурмозорга ўт қўйишди ва бир ансорий ҳамда унинг экинзордаги шеригини учратиб, уларни ўлдиришди. Улар қайтишгач, одамлар огоҳлантирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг орқасидан йўлга чиқиб, Мадинага Башир ибн Абдул Мунзирни волий этиб қолдирдилар.
Ибн Ҳишом: Баширнинг куняси Абу Лубоба эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қарқарат ал-Кудр деган жойгача бориб, ортга қайтдилар. Абу Суфён ва унинг шериклари қочиб қолишганди. Саҳобалар мушрикларнинг юкларини кўришди. Улар омон қолиш учун юкларини енгиллатиб, экинзорга ташлаб кетишганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар билан ортга қайтарганларида улар: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, бунинг биз учун ғазот бўлишига умид қиласизми?» – деб сўрашди. У Зот: «Ҳа», – дедилар.
Ибн Ҳишом: Менга Абу Убайда сўзлаб беришича, мушриклар юклари ичидан кўп миқдорда арпа унини ташлаб кетишгани ва мусулмонлар уни қўлга киритишгани сабабли мазкур юриш «Савиқ[3] ғазоти» деб номланган.
Ибн Исҳоқ: Абу Суфён ибн Ҳарб қайтганидан кейин, Салом ибн Мишкамнинг қилган иши ҳақида шундай деган:
Мадинага ёлғиз бордим, битим тузгани,
Ҳеч афсус чекмайман, надоматим йўқ!
Салом ибн Мишкам мени шароб ила суғорди,
Қондирди, шошилиб, кумайт[4] ила бардавом!
Дедим қўшин қайтиб кетганда,
Шод бўл азизлик ва ўлжа ила!
Мен уни хурсанд қилмоқчи эмасдим.
Эътибор қил, қавм Луайнинг атоқлиларидир,
Журҳумнинг аралаш-қуралашлари эмас!
Улов минган киши, бироз вақт ўтмасдан,
Шошилиб келди беҳожат бўлиб.