22 жумадул аввал 1446
Муҳаййиса ва Ҳуваййиса воқеаси

Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудий эркакларидан кимни қўлга туширсангиз, қатл этинг», – дедилар. Бир ривоятда Муҳаййиса ибн Масъуд (ибн Ҳишомнинг айтишича, унинг тўлиқ исми Муҳаййиса ибн Масъуд ибн Каъб ибн Омир ибн Адий ибн Маждаъа ибн Ҳориса ибн ал-Хазраж ибн Амр ибн Молик ибн Авсдир) мусулмонлар ора­сида юриб, савдо қиладиган яҳудий савдогарларидан бири Ибн Су­найна (бир ривоятда Шунайна)га ташланиб, уни ўлдирди. Ҳуваййиса ибн Масъуд эса ҳали Исломга кирмаган бўлиб, Муҳаййисадан ёши катта эди. Муҳаййиса ибн Сунайнани қатл этгач, Ҳуваййиса унга: «Эй Аллоҳнинг душмани! Уни ўлдирдингми? Аллоҳга қасамки, қорнингдаги қанча ёғ унинг молидан битган-а?!» деб дўппослай бошлади. Муҳаййиса: «Аллоҳга қасамки, уни ўлдиришга шундай Зот буюрдики, агар ҳатто сени ўлдиришга буюрса ҳам, бажарар­дим!» – деди. Ҳуваййиса: «Муҳаммад мени ўлдиришга буюрса, мени ўлдирармидинг?!» – деди. Муҳаййиса деди: «Аллоҳга қасамки, агар сени ўлдиришга буюрганларида, сени ўлдирардим». Ҳуваййиса: «Ун­дай бўлса, сени шу ҳолга олиб келган дин ажойиб экан!» – деб Ислом­га кирди.

Ибн Исҳоқ: Бу ҳадисни менга Бани Ҳорисанинг озод қилган қули Муҳаййисанинг қизидан, у эса отаси Муҳаййисадан ривоят қилиб ай­тиб берган.

Муҳаййиса бу хусусда шундай деган:

Онам ўғли менга маломат қилмоқда,

Гар уни қатл этишга буюрилсам,

Кесар эдим кескир шамшир-ла, унинг қулоқ орти суягин.

Бир қилички, туз рангида, яхшилаб ўткирланган,

Қачонки тўғриласам, у ҳеч адашмас.

Ибн Ҳишом: Абу Убайда Абу Амр ал-Маданийдан ривоят қилиб менга айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайза устидан за­фар қозонганларида тўрт юзга яқин яҳудий эркакни қўлга туширди­лар. Улар Авснинг Хазражга қарши иттифоқдошлари эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қатл этишга буюрдилар. Хазражликлар хурсанд бўлиб, уларни ўлдира бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хазражга қарадилар. Уларнинг юзида хушнудлик бор эди, Авсга қараб, уларнинг юзида буни кўрмадилар. Бу Авс билан Бани Қурайза орасидаги иттифоқ са­бабли, деб гумон қилдилар. Бани Қурайзадан фақат ўн икки киши қолган эди. Уларни Авсга бердилар. Ҳар икки авсликка бир Бани  қурайзаликни бериб: «Фалончи урсин ва фалончи ишни тугатсин», – дедилар. Уларга берилганлар яҳудийлардан бири Каъб ибн Яҳузо эди. У Бани Қурайзанинг улуғларидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Муҳаййиса ибн Масъуд ва Абу Бурда ибн Дийнорга бердилар. Абу Бурдага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш эчкини қурбонликда сўйишига рух­сат берган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаййиса биринчи урсин. Абу Бурда ишни битирсин», – дедилар. Муҳаййиса унга шундай зарба бердики, унинг боши тўлиқ кесилмади. Абу Бурда ишни охи­рига етказди. Ўша вақтда кофир бўлган Хуваййиса укасига: «Каъб ибн Яҳузони ўлдирдингми?» – деди. У: «Ҳа», деганида, Ҳуваййиса: «Аллоҳга қасамки, сенинг қорнингда унинг молидан қанча ёғ бит­ган. пасткаш экансан, эй Муҳаййиса!» – деди. Шунда Муҳаййиса: «Уни қатл этишни менга шундай Зот буюрдики, агар сени қатл этиш­га буюрганида ҳам, албатта, шундай қилардим!» – деди. Ҳуваййиса унинг сўзларидан ниҳоятда ҳайратланди. Айтишларича, у укаси Муҳаййисанинг сўзларидан таажжубланиб, тунни ухламай ўтказди. Эрталаб у «Аллоҳга қасамки, бу ҳақиқий дин экан», деган ўйда тонг оттирди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келиб, Исломни қабул қилди.

Ибн Исҳоқ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрондан қайтганларидан кейин Мадинада жумодул-аввал, ражаб, шаъбон ва рамазон ойлари тур­дилар. Қурайш учинчи йилнинг шаввол ойида у Зотга ҳужум қилди ва Уҳуд ғазоти бўлиб ўтди.

16:19 / 26.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...