Абу Суфён ибн Ҳарб рози бўлгач, Қурайш ва карвон эгалари, Аҳбошлар ва уларга тобе Кинона қабилалари ва Тиҳома аҳолиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши жанг қилиш учун тўпланди. Асир тушган Абу Азза ибн Амр ибн Абдуллоҳ ал-Жумаҳийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни қўйиб юборган эдилар. У камбағал, аёлманд ва муҳтож киши эди. У асир тушганда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ўзингиз биласиз, мен камбағал, аёлманд ва муҳтож кишиман. Мени фидясиз озод қилинг, Аллоҳнинг Сизга салом ва саловотлари бўлсин!» – деганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни фидясиз озод қилган эдилар. Сафвон ибн Умайя: «Эй Абу Азза, сен шоирсан, бизга тилинг билан ёрдам бер. Урушга биз билан бирга чиқ», – деди. У: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам менга яхшилик қилди, унга қарши чиқишни хоҳламайман», – деди. Сафвон: «Йўқ, сен бизга ёрдам бер, Аллоҳга қасамки, агар қайтсак, мен сени бой қиламан ва қизларингни ўзимнинг қизларим қаторига қўшаман. Қизларим қандай фаровон бўлсалар, улар ҳам шундай бўлади», – деди. Шунда Абу Азза Тиҳома қабиласи таркибида жангга чиқиб, Бани Кинонани урушга шундай деб тарғиб қилди:
Эй, жангларда собитқадам Бани Абду Манот,
Сиз ҳимоячисиз, отангиз ҳам ҳимоячи.
Менга кейинги йил ғалабасини ваъда қилманг,
Мени топшириб қўйманг, Ислом келмасин.
Мусофиъ ибн Абдуманоф ибн Ваҳб ибн Ҳузофа ибн Жумаҳ Ббани Молик ибн Кинона қабиласига бориб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши жангга чақириб, тарғиб қилди ва шундай деди:
Эй, аслзода, оқсуяк Бани Молик!
Қариндошу аҳди борни даъват этаман.
Қариндош бўлганни, бўлмаганни ҳам,
Тузмоққа иттифоқ муқаддас ўлкада,
Муаззам Каъбанинг девори ёнида!
Жубайр ибн Мутъим ҳабашларга мос тарзда найзани аниқ отадиган ва камдан-кам хато қиладиган ўзининг Ваҳший исмли ҳабаш қулини ёнига чақириб: «Одамлар билан бирга чиқ. Агар Ммуҳаммаднинг амакиси Ҳамзани менинг амаким Туъайма ибн Адий қасоси учун ўлдирсанг, озодсан», – деди.
Қурайшликлар тўлиқ тайёргарлик билан, ўзларининг қуроллари, ҳабаш қуллари, уларга тобе Бани Кинона қабилалари ва Тиҳома аҳолиси билан бирга келишди. Улар аёлларини жангдан қочиб кетмаслиги учун кажаваларга солиб бирга олиб чиқишганди. Қўшин қўмондони Абу Суфён ибн Ҳарб Утбанинг қизи Ҳинд билан, Икрима ибн Абу Жаҳл Хорис ибн Ҳишом ибн ал-Муғиранинг қизи Умму Ҳаким билан, Хорис ибн Ҳишом ибн ал-Муғира Валид ибн ал-Муғиранинг қизи Фотима билан, Сафвон ибн Умайя Масъуд ибн Умар ибн Умайрнинг қизи Барза ас-Сақафийя билан жангга чиқишди. Барза Абдуллоҳ ибн Сафвон ибн Умайянинг онасидир.
Ибн Исҳоқ:Амр ибн ал-Ос Мунаббаҳ ибн ал-Ҳажжожнинг қизи Райта билан чиқди. У Абдуллоҳ ибн Амрнинг онаси эди. Талҳа ибн Абу Талҳа ва Абу Талҳа Абдуллоҳ ибн Абдулуззо ибн Усмон ибн Абдуддор ҳам чиқди. Абу Талҳа Саъд ибн Шуҳайд ал-Ансориянинг қизи Сулофа билан бирга жангга чиқди. У аёл Абу Талҳанинг ўғиллари: Мусофиъ, ал-Жулос ва Килобларнинг онаси бўлиб, уларнинг барчаси отаси билан бирга ўша куни ўлдирилган. Бани Молик ибн Ҳисл қабиласидан бўлган Моликнинг қизи Хунос исмли аёл ўзининг ўғли Абу Азиз ибн Умайр билан бирга жангга чиқди. У Мусъаб ибн Умайрнинг онаси эди. Бани Ҳорис ибн Абдуманот ибн Кинона қабиласидан бўлган Алқаманинг қизи Амра ҳам жангга чиққан эди. Утбанинг қизи Ҳинд Ваҳшийнинг ёнидан ўтар экан, доимо: «Бўл энди, эй Абу Дасма, дардимизга дармон бўл!» – дер эди. Ваҳшийнинг куняси Абу Дасма эди. Қурайш Мадинага қарама-қарши водийнинг чеккасига, қуриб қолган дарёнинг шўрлаган ерига, Уҳуд тоғи тепалигига келиб тушди.